№47, 21.11.2013 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
УЛУСДА БИР АЁЛ БОР
Шарқ аёллари, айниқса, ўзбек аёллари азал-азалдан ҳовлисига ўзгача муҳаббат билан қарайди. Мазкур хонадонда ҳам шарқона удумлар кўзингизни яшнатади. Атрофдаги покизалик эътиборни тортади. Меҳмоннавоз ўзбек аёлининг кулиб пешвоз чиқишидан кўнглингиз кўтарилади.
Ана шундай хонадон бекаларидан бири Муборакхон Мирзабаҳромовадир. Унинг қишлоқ аёлларига хос соддалик ва самимийликка йўғрилган суҳбати ҳар қандай суҳбатдошни сеҳрлайди.
Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилиб, тарбия топган Муборакхонни падари бузруквори Мирзабаҳром ота бировнинг ҳаққига ҳиёнат қилмасликка, доимо ҳалол-пок бўлишга ўргатди.
- Тоғай Муроднинг "Отамдан қолган далалар" асардаги Деҳқонқулнинг қизиман, - дейди қаҳрамонимиз. - Тўртинчи синфда ўқиётганимда, далани танидим. Ер текислангандан то ғўзапоя йиғиштирилгунга қадар далага чиқардик. Деҳқончилик ишларида кўзим пишгани учун ҳам аграном бўлишни хоҳлардим. Аммо турли сабаблар туфайли ўқий олмадим. Турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим мен истаган касбнинг эгаси, аграном эди. Шу сабабдан ҳам улар билан биргаликда далада тенгма-тенг ишлашга киришдим. Деҳқончиликни шу қадар ёқтирганим туфайли фарзандли бўлганимда ҳам далага шошардим. Илғор теримчи сифатида тақдирлансам, ғайратим янада жўшиб кетарди.
Меҳнатдан бахт топган Муборакхон Мирзабаҳромова вилоят кенгаши депутати сифатида ҳам халқ манфаати йўлида хизмат қилди. Турмуш ўртоғи Расулжон ака билан 44 йил аҳил яшаб, уч ўғил, бир қизни вояга етказди. Халқ корига ярайдиган меҳнаткаш инсонлар қилиб тарбияладилар. Бугун уларнинг барчаси тумандаги турли корхона ва муассасаларда самарали фаолият юритмоқдалар. Кенжатойлари Қобилжон эса ота-она изидан бориб, "Олтин водий салтанати" фермер хўжалигини ташкил этди. Айни вақтда туман фермерлар уюшмаси раиси.
Аёлнинг бахти, аввало, унинг оиласи, бахт деб билган ишида. Муборакхон Мирзабаҳромовани эса бахт борасида мукаммалликка эришган аёл дея аташ мумкин.
Соҳибахон ХОШИМОВА.
|