Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№47, 21.11.2013

МУЛОҲАЗА

ТАҚЛИД ВА ХУРОФОТГА БЕРИЛМАЙЛИК

АЙРИМ ҚИЗЛАРНИНГ РЎМОЛГА ЎРАНИБ ЮРИШЛАРИ ХУСУСИДА.

Яқинда шаҳримизнинг Эски шаҳар ҳудудидаги бекатида "Дамас" кутиб турган эдик. Шу орада бекатдаги одамлар орасига кун анча иссиқ бўлишига қарамай, барчанинг эътиборини тортиб томоғидан танғиб рўмол ўраб олган бир қиз келиб қўшилди. Кўпчилик беихтиёр унга қаради.

- Ёшгина қиз бўлса, ўраниб ҳаммани ўзига қаратиши шартмикан-а, - деди бекатда ўтирган бир онахон.

Ана шу ҳолатнинг гувоҳи бўлганим боис кийиниш, айниқса, рўмол ўраш ҳақида ҳаёлимда қатор саволлар туғилди. Хўш, ёшгина қиз нима учун бундай ўраниб юрибди? Бундай юришга уни нима мажбур этмоқда? Шу ва шу каби қатор саволлар доирасида мулоҳаза юритишни лозим топдим.

Маълумки, ўзбек аёллари қадимдан ўзининг ҳаёси, ибоси, одоб-ахлоқи, маданияти, юриш-туриши, кийиниши билан бошқа миллат вакилаларидан ажралиб турган. Ана шундай гўзал хислатлар соҳибалари эл-юрт орасида ҳамиша ҳурмат-эътибор топиб келганлар.

Бугунги кунга келиб, айрим опа-сингилларимиз, айниқса, ёш қизларимизнинг на миллатимиз урф-одатларига, на динимиз кўрсатмаларига мос келмайдиган ҳолатдаги кийинишлари кўпчиликни таажжублантирмоқда.

Хижобда юриш ёки жағидан танғиб рўмол ўраш арабларнинг кийинишига кўр-кўрона эргашишдан бошқа нарса эмас. Сир эмаски, Арабистон ҳудуди қум-саҳролардан, иқлими эса ҳаддан ортиқ иссиқ бўлганлиги учун маҳаллий аёллар ўраниб, ҳатто, юз-кўзларини ҳам тўсиб юришган, уларнинг бу одати асрлар давомида шаклланган.

Яна айрим кимсалар эса ана шундай кийинишни эътиқод билан боғлайдилар. Менинг фикримча, бу ғирт калтабинликдир. Ахир эътиқод ҳар бир кишининг қалбида бўлмоғи керак эмасми? Қалби пок, имони бут аёл-қизларимиз миллий либосларимизда ҳам янада гўзал бўлишлари аниқ.

Рўмолни ўзгача тарзда ўраб юриш ўзини кўз-кўзлашдан, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, саводсизликдан, миллатга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Айниқса, айрим ёшларнинг юзларини беркитиб, рўмол ўраб юришлари, бу билан бошқалар эътиборини тортаётганликлари, улардаги тарбия, одоб-аҳлоқ билан боғлиқдир.

Кўҳна Рим файласуфлардан бири Эпиктет "Барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия олган инсондир" деган эди. Дарҳақиқат, инсоннинг яхши хулқи ва таълим-тарбияси унинг ҳатти-ҳаракатида, бошқалар билан муомаласида, юриш-туришида, кийинишида яққол кўзга ташланади. Бугун юртимизда ёшларнинг комил инсон бўлиб етишишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ана шундай гўзал хилқатларни камол топтиришга қаратилган. Ёшларнинг ўн икки йиллик узлуксиз таълим тизимида ўқитилиши, маълум касб-ҳунарга ўргатаётганликлари, бу ишларнинг давлат сиёсати даражасида олиб борилаётгани бунинг яққол исботи эмасми? Буни тўғри тушунган аксарият ота-оналар ўз фарзандлари келажаги учун бугундан пойдевор қўйиш зарурлигини тушуниб етмоқда. Ана шундай оилалар фарзандлари яхши ўқиб, фаол бўлмоқдалар, турли танловларда ғолибликка эришмоқдалар, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлаётган қизларнинг ютуқларини санаб, адоғига етказиш қийин. Бироқ "шоли ичидаги курмак" каби бугунги кундаги барча шарт-шароитлар қадрини тушунмаётган айрим оналарнинг кўр-кўрона бидъат ва хурофотга берилаётгани ачинарлидир. Бу ҳолат юқорида айтганимиздек, айрим ёш қизларнинг жағидан рўмол ўраб, ҳатто, ҳижобда юришларида кўринмоқда. Бу албатта, кишида нохуш таассурот уйғотади.

Файласуф Афлотун "Хурофотга муккасидан кетган одам энг оғир нафратга гирифтор", деган эди. Ўн саккизинчи асрда яшаб ўтган француз мутафаккири Жан Жак Руссо эса "Хурофот - одамзотнинг энг даҳшатли қусурларидан биридир", деганида минг чандон ҳақ эди.

Ўтмишда яшаб ўтган, дунё аҳли тан олган бу инсонларнинг гаплари нечоғли ҳақиқат эканлиги бугун ҳам рўйи рост намоён бўлмоқда. Мисол учун, ўтган йилги бир фожеа ҳақида бутун дунё оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалди. Покистонлик ўн уч ёшли Малала Юсуфзай исмли қизалоқни жангарилар оғир яралашган эди. Бунинг сабаби эса Малала покистонлик қизлар ҳам ўқиб, билим олишга ҳақли, дея интернет орқали оммага мурожаат қилганлиги бўлган. Бузғунчиликдан бошқа нарсани билмайдиган жангарилар эса қизалоқнинг овозини ўчириш учун унинг жажжи вужудини қонга буладилар. Ҳайриятки, унинг жони омон қолди.

Агар Малала бизнинг юртимизга келганида, аниқки, ўзбек қизларига чин дилдан ҳавас қилган бўларди. Кенг ва ёруғ таълим муассасалари, замонавий компьютерлар, бой кутубхоналар қизларимизнинг ташрифига мунтазир.

Хўш, нега айрим қизлар ана шундай шарт-шароитлар, имкониятлар қадрини сезишмайди? Сочларини чиройли турмаклаб, ўзларига ярашиқли либосларда эмас, балки арабистонликлар каби ўрганиб юришни ўзларига эп кўришмоқда. Бу борада юртдошларимизнинг фикрини билишга уриниб кўрдик.

- Менинг қиз фарзандим йўқ, - дейди Қўрғонтепа иқтисодиёт коллежининг олий тоифали ўқитувчиси Илтижохон Саримсоқова. - Агар бўлганида ҳам қизларимга барвақт рўмол ўратмаган бўлардим. Чунки ҳар нарсанинг ўз ўрни ва пайти бўлади. Масалан, биз ҳам бир пайтлар ёш бўлганмиз. Ўша ўн ети-ўн саккиз ёшимизда рўмол ўраб, бошқалардан ажралиб юришга интилмаганмиз. Биз фақат яхши ўқишу келажакда ўзимиз интилган соҳани эгаллашга ҳаракат қилганмиз. Ҳозирги кунда баъзи бир қизларнинг ўраниб рўмол ўраб юришларини ёқламайман. Чунки қиз боланинг ташқи кўриниши, либоси замонга мос бўлиши керак.

Қизларимиз ўзларига ярашиқли, миллий либосларда ял-ял ёниб дўппилару, қирқ кокиллари билан юрсалар ҳамманинг ҳаваси келиши, қолаверса, халқимизнинг қадим анъаналарини давом эттиришга хизмат қилади.

- Икки қизнинг онасиман, -дейди Андижон шаҳридаги "Хўтанариқ" МФЙ диний-маърифат маънавий-ахлоқий тарбия масалалар бўйича маслаҳатчиси Маъмурахон Арзиқулова. - Уларга рўмол ўратмайман. Кейинчалик, келин бўлишганида, ёши улғайганларида рўмол ўраш пайти келишини тушунтираман.

Ёш қизларнинг рўмол ўрашларини тиббиётчилар ҳам ёқламас экан.

- Қизлар ёш бўлатуриб, сунъий матолардан тайёрланган рўмолларни доимий равишда ўраб юришлари уларнинг соч толаларига жиддий салбий таъсир кўрсатади, - дейди тиббиёт фанлари номзоди Севарахон Каримова. - Сабаби бош терисига тоза ҳавонинг етишмаслиги оқибатида соч илдизларига зарар етади. Оқибатда қиз боланинг соч тўкилиши тезлашади.

Мавзу ҳақида гап кетганда фикрлар, қарашлар жуда кўп. Лекин мухтасар қилиб айтганда, қизларимиз кийинишда, айниқса, рўмол ўрашда ўзлигимизни, ким эканлигинимизни унутмасликлари лозим. Ахир биз минг йиллар давомида яшаб келаётган қадриятларимизни қадрлашимиз керак. Зотан, аллақандай хурофотлару кўр-кўрона тақлид қилишлардан нари бўлсак, дилимиз равшан, барча ниятларимиз ижобат бўлиши аниқ.

Феруза

МИРЗАОЛИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди