№47, 21.11.2013 ВАТАН - МАҲАЛЛАДАН БОШЛАНАДИ
Ушбу саҳифада Избоскан тумани "Янгиқишлоқ" қишлоқ фуқаролар йиғини ва маҳаллаларида олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.
ОБОДЛИККА ЮЗ ТУТГАН ГЎША
Ота-бобомиздан қолган одат хонадонни, кўчани, маҳаллани, қишлоқни обод қилишлик қон-қонимизга сингиб кетган. Пайғамбаримизнинг ҳадисларидан бирида ҳам шундай дейилади: "Ҳақ таоло ўзи пок, покликни яхши кўради. Ўзи тоза, тозаликни яхши кўради. Ўзи олийҳимматдир, олийҳимматликни яхши кўради. Эшикларнинг олдини покиза тутинглар."
Кўча - маҳалланинг юзи, дейдилар. Қишлоғимизга келган одам кўчаларимизнинг шамойилига қараб бу ерда қандай одамлар яшашлигини билиб олаверади. Шунинг учун ҳам бизнинг "Янги қишлоқ" қишлоқ фуқаролар йиғинимизда, энг аввало, ана шу покизалик, саришталикка эътибор кучайтирилган.
Қишлоқ фуқаролар йиғинимизда 4 та маҳалла мавжуд. Ҳар қандай таклиф ва ташаббуслар бўлса, маҳалла аҳли томонидан қўллаб-қувватланганидан сўнг амалга оширилади. Ушбу қишлоқ фуқаролар йиғинига раис этиб сайлангач, янада масъулият билан халқим, юртим деб яшаш, ишлаш учун имконият туғилди. Қишлоқ, маҳалланинг яхши, ёмонини, баланд-пастини биламан. Ахир узоқ йил ишлаган касбим - мухбирлик унвони билан уларнинг ишларини ёзавериб, шу соҳанинг ҳам ичига кириб кетганман-да... Шунинг учун маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда кўпгина ишларни амалга оширдик. Улар билан ака-ука, ота-боладек бўлиб кетдик. Энг аввало, кўчаларни ободонлаштирдик. Маҳаллаларимизда фермер, тадбиркорлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларга катта ниятларни кўнгилга тугиб қўйганимни айтганимда, улар қўллаб-қувватлади, қандай ёрдам керак бўлса тайёрлигини билдирди. Тезда маҳаллаларимизда иш бошланиб кетди. Ҳар бир оиладан вакил чиқиб ёрдамлашди. Кўпнинг оши ҳам, иши ҳам ширин бўларкан. Кўз очиб юмгунча кўчаларимиз, гузарларимиз ўзгача қиёфа кашф этди.Чунки, маҳаллага эътибор хукумат даражасига кўтарилган. Бу борада Президент Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Маҳалла - Ватаннинг кичик ҳокимиятига айланди. Мен 11 минг нафар аҳоли, 2106 та хонадон, 2550 тага яқин оила истиқомат қилаётган ана шу маҳаллани бошқараётганимдан хурсандман.
Қишлоқ тумандаги катта ҳудудлардан ҳисобланади. Ҳар бир маҳалланинг ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб, худуддаги фуқаролар хусусан, ўзига тўқ оилалар, саховатпеша инсонлар ёрдамга муҳтожларга, ногирон фарзандлари бор хонадонларга байрамларда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Коммунал тўловлар қарздорлигини камайтиришда эса ҳомийлар ёрдамидан фойдаланилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ марказида 2 қаватдан иборат маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқдаки, бунда албатта, ёшлар иш билан таъминланади. Аҳолининг, айниқса ёшларнинг бандлигини таъминлаш фаолиятимизнинг энг муҳим йўналишига айланган.
Яна бир гап, жонкуяр маҳалла маслаҳатчиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан оилавий ажримлар кузатилмаяпти. Албатта, бунда яраштириш комиссияларимиз аъзолари бўл-ган отахон-онахонларимиз кўрсатган йўл-йўриқлар ҳам жуда асқотмоқда. Шундайлардан бири тўрт келиннинг қайнонаси Кимсанхон ҳожи ая Исомиддинованинг бир ўгити бор: "Оиланг тинч бўлишини истасанг, келинга ўз қизингдек қара. У наслингни давом эттирувчи бамисоли кўприкдир. Нотинчлик ҳам келинлар қўлида, чунки улар тарбиянинг бош бўғини ҳисобланади". Бундай ҳикматли гаплар билан кўпни кўрган мана шундай нуронийларимиз ёш оилаларга ибрат сабоғини ўтамоқда.
Қишлоқ фуқаролар йиғинига раислик қилаётганимга кўп бўлгани йўқ. Лекин оқсоқоллар, фаоллар, онахонлар билан ҳамиша бамаслаҳат иш юритамиз. Улар маҳалладай "катта оила"га йўл-йўриқлар кўрсатадилар, ўгитлар бериб борадилар. Чунки катталарнинг қадами, қилаётган ишлари ёш авлодга сабоқдир.
Энг муҳими, Ватан ичра ватанимиз бўлган қишлоғимиз, маҳалламизнинг обрўси - бу юртимиз обрўсидир.
Йўлдошмирза
ИСОҚЖОНОВ,
"Янги қишлоқ" ҚФЙ раиси.
|