№47, 21.11.2013 САБРНИНГ ТАГИ ОЛТИН
Оилани бежиз муқаддас қўрғонга қиёслашмайди. Ота-она бир умр ҳар қандай шароитда ҳам ўз фарзандларининг бахти, камолини бус-бутун кўрмоқни орзу қилади.
Биз ҳам турмуш ўртоғим билан 30 йил бирга яшаб, 8 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик. Улардан эндигина бир ўғил, бир қизимизни уйли-жойли қилганимизда турмуш ўртоғим туйқус вафот этди. Ўқитувчиликнинг нони билан қолган фарзандларимни оёққа турғаздим. Касб-корли, ҳунарли қилиб қаторга қўшдим. Баъзида "Болаларимга етарлича эътибор, меҳр бера олдимми, оталарининг руҳлари шодмикан?" деб ўйлаб қоламан. Ўғилларим Азимжон, Ҳабибулло, Расулжон, Адҳамжон қизларим Холидахон, Зумрадхон, Зулфия-хон, Одинахонлар аҳли солиҳ фарзандлар бўлиб камол топишди. Бугун улар эл-юрт хизматида. Ён-атрофдагилар, таниш-билишларнинг оиламизга ҳавас қилишаётганини кўриб демак, умрим беҳуда кетмабди, деб хурсанд бўламан.
Биз инсонлар учун Яратганнинг синовлари кўп экан. Энди фарзандларимни уйлаб-жойлаб, кўнгил тинчиганида, қизим Зумрадхон икки норасида қизини бўзлатиб, оламдан ўтди. Йиғлаб-сиқтаб тақдирнинг бу ҳукмига ҳам рози бўлдим. Қолган умримни шу норасида набираларимни вояга етказиб, қаторга қўшиш учун ҳаракат қилдим. Аллоҳга шукр, бугун шу набираларим ҳам бола-чақали бўлиб кетишди.
Бугун катта бир оиланинг бекасиман. 23 нафар набирам, 17 нафар чеварам бор. Қўша-қўша келинларим, куёвларим, ўғил-қизларим хизматимда. Энг муҳими, турмушимиз фаровон, замонамиз тинч. Бундан буёғига ҳам шукр келтириб юриш ҳаммамизга насиб этсин.
Кимсанхон ая
ИСОМИДДИНОВА.
|