№47, 21.11.2013 КЕЛИН КЎЙЛАК ТИКИШНИ ҲАМ ЙЎЛГА ҚЎЙДИК
"Сайсардил - Люкс" ўқув марказимиз хонадонимизда жойлашган. Оилавий фаолиятимизни 2010 йили бошлаганмиз. Бу борада мени турмуш ўртоғим Ҳомиджон ака кўп томонлама қўллаб-қувватлади. Менга яқин ҳамкор, ҳамнафас, ҳамқадам бўлди. Ўзим тумандаги 15-умумтаълим мактабида ўқитувчиман. Ишдан ажралмаган ҳолда тадбиркорликни ҳам бошладик.
Аввалига кўп ўйлаб кўрдик. Яқинларимиз билан маслаҳатлашгандан кейингина уларнинг маънавий, руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши туфайли ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйдик. Айни пайтда қизлар тикувчилик, ҳамширалик, пазандачилик, зардўзлик, аёллар сартарошлиги сингари йўналишлар бўйича ўқитилмоқда. Узоқдан келганлар учун алоҳида ётоқхонамиз бор.
Бундан ташқари, турмуш ўртоғим дизайнер-тикувчи бўлганлиги учун келинлик либосларини ўзи тикиб, туман аҳолисига қулайлик яратди. Энди келин бўлгувчи қизларимиз хонадонимизнинг, яъни ўқув марказимизнинг ўзидан келин кўйлак танлаш имкониятига эга бўлдилар. Энг муҳими, нархи у қадар қиммат эмас. Ҳатто, кам таъминланган оила қизларига бепул бериладиган бўлди. Яна бир муҳим жиҳати, келинчакнинг соч турмагидан тортиб, пардоз андозигача шу ернинг ўзида тайёр қилиб чиқаришни йўлга қўйдик. Умуман, келинлар тўй куни қандай кўринишда бўлиш истагини билдирса, биз уларнинг истагини беками-кўст бажара оламиз.
Гулнора МУСИРОВА,
"Сайсардил-Люкс" ўқув маркази раҳбари.
|