№47, 21.11.2013 ЖАҲОН МАТБУОТИДАН
ИСЛОМ ДИНИ ҲАҚИДА УЙДИРМАЛАР
ҚУРЪОНДА ХИЖОБДА ЮРИШ ВА ДИНСИЗЛАРНИ ЎЛДИРИШ БУЮРИЛМАГАН.
Яқинда Волгоград шаҳрида навбатдаги теракт содир бўлди. Кабардино-Балкарияда эса икки нафар жиноятчи ўзларини портлатиб юбордилар.
Нима учун мусулмонлар ҳаёт билан осон видолашишади? Уларни бундай қилишга ислом дини ундайдими? Умуман, ислом динида ана шу масалаларга қандай қаралади? - деган саволларга "Динлараро ҳамжиҳатлик ва барқарорлик" ҳалқаро фонди раҳбари Валерия Порохова (Қуръонни рус тилига таржима қилган олима аёл) шундай жавоб беради:
- Бир бегуноҳ бандани ўлдирган инсон ҳеч қачон жаннат юзини кўрмайди. Қуръони каримда Яратган эгам муқаддас деб билган бандани ўлдирма, дейилади. Теракт содир этган инсон на мусулмон динига, на насроний, на яҳудий динига кирмайди. Террорчи бирор бир динга эътиқод қилмайди. Чунки, ҳеч бир дин кишиларни одам ўлдиришга даъват этмайди.
- Нега унда террористлар ислом динини ниқоб қилиб олишган? "Ислом терроризми" деган тушунча қаердан келди?
- Барча динлар уларнинг яратувчилари номи билан аталган: буддизм (Будда), христианлик (Иисус Христос). Шу ўринда таъкидлаш жоизки, инсониятнинг аниқ мақсадини кўрсата олган дин - бу ислом. Ислом дини мукаммал яратилган ягона диндир. "Ислом" сўзининг маъноси - тинчлик, осойишталик, эзгулик маъноларини англатади. Агар "Ислом терроризми" деган жумлага мантиқ жиҳатдан ёндошадиган бўлсак, "осойишта" ёки, "эзгу терроризм" деган маъно келиб чиқади. Бу ҳеч қандай маъно-мазмунга эга бўлмаган, мантиққа тўғри келмайдиган жумладир. Бу эса уни қўллаётган инсонларнинг саводсизлигини кўрсатади.
- Аммо Қуръонда "жиҳод - ғайридинларга қарши муқаддас уруш" деган тушунчалар борлигини инкор қилмассиз?
- Ислом олимлари, умуман, ислом таълимотида "ғайридинни ўлдир", деган жумла "ўз ичингдаги ғайридинни" деб изоҳланади. Жиҳод - бу мусулмоннинг ўз ичидаги ғайридин, шайтондан устун келиши, қалбидаги шайтон устидан ғалаба қилишидир.
Жиҳодни тажовузкор мақсадларда инсонларга қарши қўллаш ислом динига хос эмас, бу фитнага тенгланади, Қуръони каримда эса "фитна ўлимдан ёмон" дейилган.
Қуръонда "Бас, агар улар сизлардан четланмас, сизларга сулҳ таклиф қилмас ва қўлларини тиймас эканлар, уларни топган жойингизда тутиб ўлдирингиз" дейилади. Буни қандай тушунса бўлади?
- Тўғри, Қунъонда шундай оятлар бор. Лекин қатор оятлар билан танишиб чиқсангиз, бу сўзлар қандай мазмунга эга эканлигини тушуниб оласиз. Яъни, "Сизларга қарши уришувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз. Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди", "...Энди агар тўхтасалар, у ҳолда сизлар ҳам тўхтангиз!" (Бақара сураси, 190-193 оятлар).
Шундан сўнггина сиз айтган жумлалар келади. Демак, ислом динида бекордан бекорга одам ўлдиришлик, динга мажбурлаш йўқ. Аллоҳга ақл ва чирой билан чақириш, қаршиларни ширин сўзлар билан ишонтириш лозимлиги айтилади.
- Ислом радикаллари сизнинг фикрингизга қўшилмаган бўлардилар.
- Ваҳҳобийларни назарда тутаётган бўлсангиз, айтишим мумкинки, айниқса, ҳозирги даврда уларнинг, ислом динига умуман, алоқаси йўқ. Улар "ваҳҳобийлик"ни ўзларига ниқоб қилиб олиб, ҳокимият учун курашаётган бузғунчилардир. ХVIII асрда Шайх Муҳаммад Абдул Ваҳҳобнинг вазифаси ўша давр, ўша ҳудуд ва ўша пайтдаги миллий менталитет билан чекланган. Араблар исломдан четлашиб, аҳлоқсизлик ва гуноҳларга берилганлар. Ваҳҳоб уларни Аллоҳ йўлига қайтармоқчи бўлган. Бу ўша давр учун яхши ғоя эди, аммо уни амалга ошириш қон тўкилишига олиб келди. Бу ғоянинг умри тугаган. Бугун ана шу ғоя тарафдорлари ғайридинларга қарши курашяпмиз, дейишади, аслида-чи, сиёсатчилар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишмоқда. Динни сиёсатдан ажратишни билиш зарур.
- Шаҳид аёллар қаердан пайдо бўлмоқда? Кимлар уларни ўлимга жўнатяпти?
- Аёлларни ўлимга жўнатаётган кишилар сохта диндорлардир. Улар мусулмон эмас, ислом дини ҳақида ҳам қуруқ тасаввурга эга холос. Уларнинг асл мақсади динга хизмат қилишдан йироқдир. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом сўзлари билан исломда терроризмга йўл қўймаслик тўғрисидаги жуда кўп ҳадислар келтирилади. Қолаверса, Қуръонда: "Ўз жонига қасд қилганлар олов билан жазоланади ва мангу шу олов ичида қоладилар" дейилган.
Диндор ва эътиқодли одамлар нафақат исломда, балки бошқа динларда ҳам бор. Тарихдан маълумки, исломда насроний ва яхудий динига эътиқод қилувчилар ҳам ҳурмат қилинган. Зотан, Аллоҳ айтадики: "Мен черковларни, синагогларни ва масжидларни қаерда худо номи тилга олинса қолдираман".
- Исломда аёл киши ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас, тўртинчи хотин бўлишга ҳам мажбур, агар турмушидан ажрашса, ҳеч вақосиз қолади, масжидда ҳам эркак киши олдида тура олмайди, деб ҳисобланади.
Бу саводсизликдан келиб чиққан ақида. Дунёдаги ҳеч бир аёллар ислом аёлларидек катта ҳуқуққа эга эмас. Куръонда аёлларнинг бурчлари, шу билан бирга, ҳақ-ҳуқуқлари тўла тўкис баён этилган. Турмуш қуриш масаласида араблар кўпроқ Қуръони каримнинг тўртинчи сурасидаги қуйидаги оятга амал қиладилар: "Энди агар (улар орасида) адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг) ёки қўл остингиздаги чўри билан (кифояланинг). Манна шу жабру-зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир. (Нисо сураси, 3-оят).
Яъни, бу ерда мулкий тенглик ҳақида гап кетмоқда. Кўп хотинликка фақат айрим ҳолларда, кўпроқ: аёл фарзанд кўролмаса, эр ва хотин орасида психологик ёки жинсий зиддиятлар юзага келган тақдирдагина рухсат этилади. Эркак биринчи аёли билан ҳаётини давом эттиради ва иккинчи хотинни никоҳига олади. Лекин аёллари ўзини эркин ҳис қиладиган бир қатор мусулмон давлатларида кўп хотинлик ҳолатлари кам учрайди.
Агар аёл киши бошидан оёғигача қора матога ўранган бўлса, билингки, бундай либосда юришнинг ёки қора рангнинг исломга ҳеч қандай тааллуқли жойи йўқ. Қуръони каримда ҳам бу ҳақда ҳеч бир гап айтилмаган. Аллоҳ Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Эй одам болалари ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни, тоза либосда бўлингиз)" (Аъроф сураси, 31-оят). Бундан ташқари, яна қатор оятлар борки, аёлларни чиройли либосларда безаниб юришлиги айтилган. Демак, исломда аёлларга чиройли кийимлар кийиб юришлик буюрилган.
Масалан, исломда аёлларга адолатли бўлиш хусусида қизиқарли мисол айтиб ўтишим мумкин, агар араб аёли ишласа, у маошини кўп ҳолларда ўз эҳтиёжи учун сарфлайди. Бундан мусулмон аёли насроний аёлга нисбатан кўп ҳуқуққа эга эканлигини кўриш мумкин.
Энди эркак ва аёллар учун масжидларнинг алоҳида эканлигига келсак, аёл киши намоз ўқиётганида ерга энгашади, ўтириб-туради. Эркак киши уни бундай ҳолатда кўрмаслиги керак. Чунки исломда ҳаё, одоб деган жиҳатлар бор.
- Нега унда ислом аёллари хижоб киядилар?
- Барча ислом аёллари хижоб киймайди. Асосан, араб аёллари ана шундай либос кийишади. Бунинг сабаби ўша ҳудуднинг иқлимига мослашиш учун бўлса керак. Турмуш ўртоғим билан Дубай шаҳридан Абу-Дабигача 156 км. масофани машинада босиб ўтдик. Машина эшиклари, ойналари зич ёпилганига қарамай кийимларимиз, оғзимиз қумга тўлди. Шунинг учун улар бошдан оёқ мато билан ўранадилар. Дугонам Сурияда яшайди, доим терисининг юмшоқлигини мақтайди. Мен эса очиқ кийиниб юриб, теримнинг дағаллашаётганини сезаман. Қуръонда фақатгина авратларингизни беркитинг, дейилган. Хижобда юришлик ҳақида гап айтилмаган. Лекин исломдан олдин, қолаверса, насроний аёллар ҳам бошларини ёпиб юрганлар.
- Сизнинг таржимангиз "Маънолар таржимаси" деб аталади. Нега шундай?
- Қуръони карим ёзилган араб тили ҳозирги араб сўзлашувидан анча фарқ қилади. Бу эса сўзлар маъносининг бузилишига олиб келади. Муқаддас китоб шу қадар мукаммал яратилганки, уни таржима қилиш учун инсон ўта билимдон, ўнлаб фанларнинг етук мутахассиси бўлиши зарур. Уни том маънода, ҳақиқий мазмун-моҳияти билан таржима қилиш жуда мушкул иш. Шунинг учун Қуръонни таржима қилган машҳур олимлар ҳам таржима билан аслини бир хил деб айта олмайдилар. Қуръонни инглиз тилига таржима қилган олим Мармадьюк Пикталл ўз таржимасини аслига яқин деган бўлса, рус олими Игнатий Крачковский ўз таржимасини "Қуръон" деб аталишига қарши бўлган. Шунинг учун мен ҳам таржимамни "Маънолар таржимаси" деб атаганман.
Екатерина БЎЧКОВА.
"АиФ" газетасидан қисқартиришлар билан
Нигорахон ТОЖИМАТОВА таржимаси.
|