№48, 28.11.2013 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
БАХТ ҚАСРИНИ БУНЁД ЭТГАН АЁЛ
Гоҳида ёзиш учун мақоламизга қаҳрамонлар қидирамизу, улар ёнгинамизда эканини сезмаймиз ҳам. Аслида ундай инсонлар ўзларининг камтарлиги, одамийлиги билан одамлар қалбидан мустаҳкам жой олган бўлади.
Раънохон Усмонова чиндан ёзишга арзийдиган аёл. У билан суҳбат чоғида кўнглингизда ажиб самимийлик, меҳр пайдо бўлади. Ширинсуханлик, табассум билан суҳбатдошини ўзига ром қила оладиган бу аёл бугун "Агробанк"нинг Қўрғонтепа туман бўлимида меҳнат қилади.
Раънохон Усмонова болалигиданоқ тиришқоқ, меҳнатсеварлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Мактабни тугатгач, Марғилон план-иқтисод билим юртида таҳсил олди. Билим юртини тамомлагач, тумандаги "Агробанк"да иш бошлади. Аҳил жамоа, яхши устозлардан сабоқ олди. Ҳар бир ишни қунт билан пухта ўрганди, вазифасига масъулият билан ёндошди. Бу аёл ҳақида ҳамкасби, устози Анваржон Мўйдинов шундай дейди:
- Раънохонни дастлаб менга ёрдамчи этиб бириктиришганидаёқ унинг тиришқоқлиги, зийраклиги, интизоми менда илиқ таассурот уйғотган. Аввал ғазначи, валюта бўлими назоратчиси сифатида ўз ишининг сирларини пухта эгаллаган. Бугун у ҳисоб-китоб бўлимида тажрибали операторларимиздан.
Ҳа, йиллар Раънохон Усмоновани шогирдликдан устозлик даражасига кўтарди. Бугун ўз касбининг етук билимдони бўлган бу аёл интизомли ва ибратли ходима, оиласида суюкли рафиқа, меҳрибон она. Турмуш ўртоғи Козимжон ака билан икки фарзанди - Мубина ва Бобуржонни тарбиялаб камолга етказмоқдалар.
- Касбингизда моҳир бўлинг, аммо оилангизнинг уддасидан чиқмасангиз бари бекор, - дейди Раънохон Усмонова. - Шукрки, мени ҳамиша тушунгувчи турмуш ўртоғим ва оила аъзоларим бор. Шунинг учун бўлса керак, бугун ишимда унум, жамоада ўрним бор,
Дарҳақиқат, аёл оилада бахтли бўлсагина, жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олади. Орамизда шундай аёллар кўпаяверсин.
Нафиса МУСАЕВА,
Қўрғонтепа тумани.
|