№48, 28.11.2013 БИЗНИНГ СУҲБАТ
"ОИЛА СОҒЛОМ БЎЛСА, ЖАМИЯТ МУСТАҲКАМ БЎЛАДИ"
- ДЕЙДИ АНДИЖОН ШАҲРИДАГИ 3-ПОЛИКЛИНИКА БОШ ШИФОКОРИ МУҲАРРАМХОН РАҲМОНОВА.
Муҳаррамхон опа
Раҳмонова ўз касбининг фидоийси, бой тажриба ва чуқур билимга эга
шифокор. Шунингдек, халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатидир. Биз шифокор билан соғлом турмуш тарзига оид масалалар хусусида суҳбат қурдик.
- Абу Али ибн Сино: "Қуёш нури кирмаган уйга табиб тез-тез кириб туради", деган экан. Қаранг, соғлигимиз учун нафақат сув ва ҳаво, балки, офтоб нури ҳам зарур бўларкан-да?
- Ҳа, олимларнинг таъкидлашларича, қуёшнинг ультрабинафша нурлари касаллик қўзғатувчи микробларга қирон келтиради. Шунингдек, бу нурлар болаларни рахитга чалинишдан асрайди, катталар организмида эса қон айланиш фаолиятини яхшилайди. Ота-боболаримиз бежизга уйларини кунгай қилиб қурмаганлар.
- Айтинг-чи, кийимларнинг инсон организмига таъсири борми?
- Албатта, бор. Баъзида қиз, жувонларимиз сунъий газламалардан либос кийишни хуш кўрадилар. Аслида бу газламалар организм ва ички аъзоларга айниқса, юкли аёлнинг ҳомиласига салбий таъсир қилади. Бугунги кунда ёшу кексаларимиз буни англаб етгани учун энди сунъий газламаларга эмас, пахта ва ипакдан тайёрланган газламалардан либос тиктириб кийишмоқда. Бу саломатлик учун жуда фойдали.
- Муҳаррам опа, киши соғлом ҳаёт кечириши учун овқатланиш нечоғли аҳамиятга эга?
- Аҳмад Дониш: "Агар киши овқатланиш қоидаларига амал қилса, 120 йил яшайди", деган эди. Бундан билиш мумкинки, соғлом ҳаёт кечиришимизда овқатланиш муҳим аҳамиятга эга. Овқатланишда маълум тартиб-қоидалар борлигини кўпчилик унутиб қўяди. Америкалик диетолог олим Шелтон овқатланишга бағишланган китобида турли таркибдаги овқатларни аралаштириб ейиш асло мумкин эмаслигини ёзади. Унинг айтишича, бир вақтнинг ўзида гўшт билан сут, картошка билан ширинлик, тухум билан пишлоқ, гўшт билан ёнғоқ қўшиб ейилса, улар бир-бирининг хазм бўлишига халақит беради, ичакларда чириш жараёнини келтириб чиқаради. Шунингдек, пепси-кола, фанта ва бошқа газланган ширин сувларни ичиш овқат хазмини янада мураккаблаштиради. Бу эса кишиларимизда, айниқса, болаларимизда тери тошмалари ва аллергик касалликларнинг келиб чиқишига олиб келади.
- Ҳозирги кунда кўпчилик "асабий бўлиб қолдим", дея нолишади. Улар асабий зўриқишлар туфайли ўзларига дард орттираётганларини билишмайди. Шундай эмасми?
- Машҳур олим Р. Элиотнинг таъкидлашига кўра, агар одам стресслар (асабий зўриқишлар)-га дош беришни ўрганса, 55 фоиз касалликларнинг олдини олган бўларкан. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, руҳий изтироб туфайли танага касаллик тез ёпишади. Уни даволаш эса қийин кечади. Чунки руҳ соғлом бўлсагина, вужуд ҳам соғ бўлади. Бунинг учун инсон мураккаб вазиятларга мослашиши, ўзини бошқара билиши ва ўз руҳий осойишталигини ўзи таъминлаши зарур.
- Шифокор психолог ҳам бўлиши керак, дейишади. Бу хусусият, сизнингча, беморлар дардини енгиллаштирадими?
- Кўп кузатганман, айрим беморлар касал бўлишса дарров ваҳимага тушишади, бошқа бирлари эса анча жиддий хасталикларни ҳам оёқда юриб ўтказишади. Мен ҳар иккала тоифадагиларга ҳам битта гапни алоҳида таъкидлайман: "Дард қанчалик авж олса, даволаш шунчалик қийинлашади". Уларнинг руҳий аҳволи билан қизиқиш, кайфиятини кўтариш ва яхшиликларга умидлантириш кун тартибимдаги биринчи масала бўлиб қолган. Ахир бемор чуқур қайғу-изтиробдан қутулмас экан, қилинган муолажа унга асло наф бермайди. Айниқса, аёллар ва болаларга буни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Чунки болалар баркамол вояга етишларида хотиржамлик, айниқса, оиладаги соғлом муҳитнинг аҳамияти ниҳоятда катта.
- Суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|