Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№49, 05.12.2013

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

ҲАЛОЛЛИКДА ГАП КЎП

Маҳаллага ўғри оралади. Ўғри битта, гумон мингта бўлди. Униси у деди, буниси бу деди. Хуллас, ўғри маҳалланинг боласи бўлиб чиқди. Расул (исми ўзгартирилган) отасининг четга ишга кетганидан фойдаланиб, кўча болаларига қўшилди. Она кун бўйи ишда бўлганидан унинг тарбияси издан чиқди. Ҳунар ўрганяпман, деб нафақат онасини, ҳатто, ўзини ҳам алдади. Осон пул топиш илинжи уни ёлғон гапиришга, эгри оёқ босишга ундади.

Келиб-келиб ўз маҳалласига ўғриликка тушгани уни сергаклантирмади ҳам. Ҳатто, шерикларига бу оила шу соғин сигирнинг сути, қатиғи, қаймоғи билан кун кечиради, дея уларни бу йўлдан қайтаришга уринмади ҳам. Натижада эса бир оила қон қақшаб қолди.

Ҳар қайси маҳаллада болаларнинг юриш-туришидан катталар огоҳ бўлишади. Уларни тўғри йўлга солишга интилишади. Нима учун Расулнинг оёқ босиши онасига, ён-атрофдагиларга сезилмади. Онасига ўғлининг ножўя қадами ҳақида айтилганда, фиғони фалакка чиқди. Ўғлининг ёнини олди. Бугун ўғли қилмишига яраша жазо олаётганда эса аччиқ кўз ёш тўкди.

"Бир болага етти маҳалла ота-она" деб бежиз айтишмаган. Маҳалла-кўй Расулнинг бежо юришлари ҳақида гапирганда, нега она бунга шубҳа билан қараб, ўғлининг юриш-туришидан огоҳ бўлмади? Савол-саволни етаклаб келаверади.

... Ривоят қилишларича, бир киши умри давомида ҳеч нопок иш қилмаган, доимо ҳалол яшар экан. Бир куни нима бўлибдию, шайтон унинг кўзини шамғалат қилиб, ўз измига солибди. У бир бечоранинг ҳақига хиёнат қилибди. Шу воқеадан тўққиз ой ўтиб, ўғил фарзанд туғилибди...

Йиллар ўтиб фарзандлар камолга етибди. Оиланинг ҳамма фарзандлари яхши чиқибдию, аммо кенжатойнинг қўли эгрилиги маълум бўла бошлабди. Ота ҳарчанд уринса ҳам ҳаракатлари зое кетибди. У ўйлаб ўйига етолмабди. "Нимага ҳамма фарзандларим мўмин-қобилу буниси нопок? Қаерда хато қилдим" дея ўйлай бошлабди. Охири, бу нарсанинг тагига етиш учун бир ҳакимнинг олдига борибди.

Ҳаким: "Дардинг нима?" деб сўрабди.

"Менинг дардим - қалб дардидир. Ўзим тузата олмаганим учун олдингизга шифо излаб келдим", дебди ота.

Ҳаким: "Мен танани даволайман. Лекин сен дардингни сўйла, балки давоси топилар", дебди.

Шунда ота фақат кенжа ўғлининг кўнгилдагидек вояга етмаганини, уни эгри йўлдан қайтаролмаётганини айтибди. Ҳаким ундан: "Умрингда бирор марта бўлса ҳам ҳалолликдан чекинганмисан?" деб сўрабди. "Йўқ" дебди ҳалиги киши ва бирдан ўғли туғилмасидан тўққиз ой олдин бир банданинг ҳақини еганини эслабди ва буни ҳакимга айтибди.

Ҳаким: "Бу ўғлинг ўша кунги хатти-ҳаракатинг мевасидир", дея жавоб берибди.

Ривоятдан кўринадики, ҳалоллик улуғ тушунча. У кўнгил хотиржамлиги, дил равшанлигидир. Ҳалол одамнинг кўнгли ҳеч қачон хира тортмайди. Шундай экан, ҳалоллик жамиятнинг тамал тоши бўлмоғи лозим.

- Ҳалоллик шундай тушунчаки, унда, энг аввало, поклик ва беғуборлик, бировнинг ҳақидан хазар қилиш фазилатлари мужассам, - дейди Асака туманидаги "Янгисор" маҳалласи фаолларидан бири, меҳнат фахрийси Эъзозхон ая Мадаминова. - Ҳар бир оилада, маҳаллада, мактабда ҳалоллик ҳақидаги тушунчалар ҳаётий мисоллар билан ёшларимиз онгига сингдирилиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бола ўғри бўлиб туғилмайди. У ўзи яшаган муҳитда шаклланади, тарбия топади. Ота-онанинг ҳалол луқма едириб боқиши фарзандлар камолида яққол кўзга ташланиши бежиз эмас. Чунки, ҳалоллик бу - умр зийнатидир.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди