Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№51, 19.12.2013

СИЗ КУТГАН СУҲБАТ

ҲАМШИРАЛИККА ЎҚИСАМ-ДА, САНЪАТНИ УНУТОЛМАДИМ

Ёқимли овози, дилга яқин қўшиқлари ва маъсума чеҳраси билан эл қалбидан тобора чуқурроқ жой олиб бораётган ёш хонандалардан бири НАРГИЗдир. Айниқса, устоз санъаткор Камолиддин Раҳимовнинг "Наргиз" қўшиғини қайта куйлаганидан сўнг бу санъаткор мухлисларнинг эътиборига тушди. Қуйида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги бадиий ансамбль хонандаси Наргиз билан бўлган суҳбатни сиз азиз мухлислар эътиборига тақдим этамиз.

- Баъзи бир санъаткорларнинг номақбул ҳаракатлари туфайли бошқа санъаткорлар номи ҳам "ёмон" бўлиб қолмоқда. Бу каби ҳолатлар сизга қандай таъсир қилади?

- Санъаткорлар халқ эътиборидаги одамлар. Шу боис ҳам санъаткорлар ҳақидаги яхши-ёмон гаплар жуда тезлик билан тарқалади. Лекин бу каби гап-сўзларнинг ҳаммасига ҳам ишониб бўлмайди. Туҳмат, миш-миш ёки ўша санъаткор ҳақиқатдан ҳам адашган, хатога йўл қўйган бўлиши мумкин. Хатодан тоғ ясаш шарт эмас, ахир инсон борки адашади, хато қилади.

Санъткорларнинг ҳар бир қадами одамлар эътиборида бўлади ва озгина камчилиги ҳам шов-шув бўлиб кетади. Агар ўша миш-миш ёки гап-сўзлар ҳақиқат бўлганида ҳам ўша одамни ҳимоя қилишимиз керак. Уларнинг устидан кулиш, унга нафрат изҳор этиш тўғри эмас. Бизнинг бу каби муносабатимиз унинг тақдирини салбий томонга ўзгартириб юбориши мумкин. Инсонни қилган хатоси учун сафдан чиқариб қўйиш нотўғри. Чунки унинг ҳам яхши томони, эл учун қилган хизматлари бор. Шуларни унутмаслик даркор. Мен одамлар кечиримли ва бир-бирига оғир кунларда мададкор бўлишларини истардим.

- Кўп санъаткорлар санъат йўлини танлаганида, ота-оналари томонидан уларнинг қарорлари рад этилган. Шунинг учун ҳам уларнинг санъат соҳасида ўз ўринларини топишлари анча қийин кечган. Сизда-чи? Сизнинг санъатга кириб келишингиз қандай бўлган? Ота-онангиз қарорингизни маъқуллашганми?

- Мен болалигимдан санъатни севганман. Шунинг учун ҳам ҳамиша олға интилганман. Шу ўринда айтишим керакки, санъатда фақат меҳнат ва ижод билангина юқори чўққиларга эришиш мумкин. Туну-кун қилган меҳнатларимнинг барчаси севган касбим, ўзим танлаган йўлда қоқилмасдан бориш учун эди. Мен қанча қўшиқ айтсам ҳам чарчамайман. Чунки санъатни севаман.

Энди қаршиликларга келсам, санъаткор бўлишимга яқинларим рози бўлмаган. Аммо мен ўз мақсадимга эришиш учун ҳаракат қилганман. Ота-онам бошқа соҳада ўқиса, санъатни унутади, деб мени тиббиёт коллежида ўқитишган. Аммо санъатга бўлган муҳаббат кучлилик қилган. Бўлмаса, ота-онам хоҳлаган тақдир соҳибаси бўлармидим.

Менинг энг асосий ютуғим, орзуларимга қаршилик қилган инсонларга тўғри тушунтира олишдир. Уларнинг кўнглини топа оламан. Ота-онамга ҳам эзгу мақсадимни тушунтириб, уларнинг розилиги билан санъатга кириб келганман.

Санъат йўлини танлаб кам бўлмадим. Ўзбекистон Давлат санъат институтида таҳсил олдим. Ҳозир ҳам ота-онамнинг ишончини оқлаш, уларга берган ваъдамнинг устидан чиқишга ҳаракат қиляпман. Ҳар битта қўшиғимни яратишдан олдин шу ҳақда ўйлайман. Бу масъулият мени меҳнат қилишга ундайди, менга куч ва шижоат бағишлайди.

- Турли сабаблар туфайли айрим санъаткорлар журналистлар билан суҳбатлашишга рўйхушлик беришмайди. Сизда ҳам шундай бўлганми?

- Бўлган. Биласизми, шу пайтгача мени матбуотда жуда мақташмаса ҳам ноўрин танқид қилишмаганди. Камчиликларимни айтиб, керакли тавсиялар беришган ва мен уларни тўғри тушунганман. Лекин бундан анча йил аввал бир газетада ёлғон-яшиқ гаплар билан жуда ҳам қўпол танқид қилишган. Танқид газета орқали миллионлаб аҳолига етказадиган арзирли гап эмас эди. Бундай олди-қочди гаплар билан газета ўзининг савияси қандай эканлигини кўрсатади. Қолаверса, бу каби мақолалар ўқувчи маънавиятини қашшоқлаштиради холос. Шахсан мен бундай маълумотларни чоп этилишини газетхонлар устидан кулиш деб тушунаман.

Газетада иш олиб бораётган бир-иккита одам ўзларининг фикри ва савиясидан келиб чиқиб, қандайдир уйдирмани халққа овоза қилиши ҳеч қандай этикага тўғри келмаса керак, деб ўйлайман.

- "Аёл кишининг макри қирқ туяга юк бўлади", дейишади. Сиз ҳам ана шу макрдан фойдаланиб турасизми?

- "Макр" қулоққа қўпол эшитилиши мумкин. Қадимгилар бу иборани аёл кишининг куч-қудрати, ақлу заковатига қойил қолгани учун ҳам уларни эркалаб айтган бўлишлари мумкин. Албатта, бу макрдан мен ҳам фойдаланиб тураман. Эркак киши қанчалик ақлли бўлмасин, барибир, уйда аёлидан кўра соддароқ бўлади. Шунинг учун ҳам аёлининг самимий "макри"ни сезмай қолишади. Мен ҳам бундан жуда кўп, албатта, оиламнинг тинчлиги ва яхшилик йўлида фойдаланиб тураман. Менимча, барча аёллар ундан тўғри фойдаланишни билиши зарур.

- Қўшиқчилик шоу бизнесидаги рақобатни қандай изоҳлайсиз?

- Шахсан мен рақобат ҳақида умуман ўйламайман. Чунки ўзимга яраша овозим ва йўлим бор. Шунинг учун бировдан ўтиб ёки қолиб кетиш учун эмас, ўз танлаган йўлимда юқори марраларга эришиш учун ҳаракат қиламан. Ўзим яхши кўриб, соғиниб, айтгим келган, ўзимга ёққан қўшиқларни куйлайман. Балким, шунинг учундир бир йилда бир ёки иккита қўшиқ айтаман. Аммо уларнинг ҳар бири устида узоқ вақт ишлайман.

- Ҳозирги ёш қўшиқчилардан кимларнинг ижодини ҳурмат қиласиз?

- Мен ҳозирги ёш хонандалардан ўзининг йўналиши ва ўзига хос овозига эга бўлган қўшиқчиларни ҳурмат қиламан. Жумладан, Дилсўз. Унинг овози ёқимли, қўшиқ ва ҳаракатларида ҳам миллийлик мужассам. Шу билан бирга, Жасур Мавлонов, Сардор Мамадалиевнинг қўшиқлари ва ижодини ёқтираман.

- Санъаткорларнинг қай-си хислатларини ҳурмат қиласиз-у, қайси жиҳатларини ёқтирмайсиз?

- Мен нафақат санъаткорлар, балки бошқа соҳада ҳам калондимоғ одамларни ёқтирмайман ва ундай кишилардан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан. Менинг нотаниш инсонлар билан ҳам саломлашиб кетаверадиган одатим бор. Шунда баъзи бир санъаткорлар ўргатиб қолишади: "Ҳамма билан сўрашиб кетаверманг. Сал одамда салобат бўлиши керак. Санъаткор бўлиб таниляпсиз. Ўзингизни бир оз баландроқ тутинг. Ўзлари сизнинг ёнингизга келиб сўрашишсин", дейишади. Аммо мен бу каби фикрга умуман, қўшилмайман ва бундай инсонларни ҳурмат қилмайман ҳам. Шунингдек, аёл санъаткорлар ичида ўзига ярашмаган кийим киядиган, беўхшов қилиқлар қиладиганларни хушламайман.

- Мухлисларга тилакларингиз...

- Мухлисларга ҳар доим яхши кайфият ёр бўлсин. Чунки инсоннинг кайфияти яхши бўлса, тани соғ, куни тинч ўтади. Ана шундагина ҳаёти гўзал ва фаровон бўлади. Газетхонларга дунёнинг барча эзгу тилакларини тилаб қоламан. Ҳамиша соғ-омонликда, тинчлик-фаровонликда дийдорлашайлик.

Суҳбатдош

Феруза ИҚБОЛ қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди