№52, 26.12.2013 БУГУННИНГ ГАПИ
УРФГА АЙЛАНГАН ИЛЛАТ
Қуйида бир неча ўн йиллардан буён яшаб келаётган, ўзига хос янгиликлари билан тобора авж олиб бораётган, урф ёки анъанами - нима деб аташни ҳам билмаётганимиз тўйларда "пул қистириш" ҳақида мулоҳаза юритамиз.
Бу мавзу оммавий ахборот воситаларида тез-тез қаламга олиняпти, телекўрсатувларда танқидий лавҳалар қилиниб, давра суҳбатлари ўтказиб келинаётган бўлса ҳам бу ҳолат камайиш ўрнига йилдан-йилга кучайиб бораяпти. Бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳар куни кўз ўнгимизда юз бермоқда. Яқин қариндошимиз ёки дўстимиз тўй қилиб қолса, тўёнадан ташқари чўнтагимизни тўлдириб бормасак, уятга қоламиз.
Тўй эгалари ҳам, ҳарир кўйлакдаги келинчак, кўркам либоси ўзига ярашган куёв ҳам ота-онасига, бувиларию бобосига, яна амма-холаларига ўрниларидан туриб, пул қистириб кетадилар. Тўйларимизда бундай томошани кўравериб кўникиб кетганмиз. Ташқаридан қаралганида анчайин эриш ва бачкана кўринадиган бу ҳолат нима учун керак. Алалхусус, тўкин дастурхон атрофида ўтирган меҳмонлар микробларга бой пулларни киссасидан чиқаришиб, қистириб бўлишгач, яна жойига ўтирадилар. Дастурхонга тортилган ноз- неъматларни ювилмаган қўллари билан тановул қилишда давом этадилар.
Хўш, пул қистиришдан кимга фойда? Бусиз тўйни ўтказиб бўлмайдими? Тантанадаги пул қистириш анъанаси урфми? Мана шу каби саволлар билан бир неча юртдошларимизга мурожаат этдим.
- Пул қистириш санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди, - дейди вилоят кардиология диспансери олий тоифали шифокори Хафизахон Раҳматуллаева. - Тиббиётда маълумки, аксарият хасталиклар покизаликка эътибор берилмаслиги натижасида урчиб кетади. Қолаверса, ота-боболаримиздан қолган миллий анъаналаримизда бирор бир тўй ёки издиҳом қилинадиган бўлса, албатта, қўлга сув қуйишдек гўзал удумимиз бор. Бу покизалик ва орасталикни сақлашдек одобимиз қадим-қадимдан мавжудлигидан далолатдир.
Яқинда қўшни вилоятда бир тўйда иштирок этдим. Ўша тўйда ҳеч ким пул қистирмади. Тўй жуда чиройли ва файзли ўтди. Жуда ҳавасим келди. Пул қистирмаса ҳам бўлар экан-ку! Бизнинг Андижондаги тўйларнинг деярли барчасида "қистир-қистир" авжига чиқяпти, гўё бусиз тўй ўтмайдигандек кўникиб қолганмиз. Аслини олганда эса тўйга хизматга келган "отарчилар" мажлисбозлик қилишиб, қариндош-уруғини сўзга чорлашади. Кейин эса рақсга туширишгач, пул қистиришга даъват қилишади. Меҳмонлар ҳам бир-бирларидан ҳижолат бўлишиб, ўрниларидан туриб, пул қистиришади. Бу жуда ноқулай ҳолат эканлигидан дилим ранжийди.
- Жамоамизда ишлайдиган ҳамкасбларимиздан бири тўй қиладиган бўлса, албатта, тўйга ёрдам тариқасида пул йиғамиз, - дейди муаллима аёллардан бири. - Ахир тўй бўлаётган жойга қуш ҳам қанотини қўшади, деган нақл бор. Тўй бўлаётгани жуда яхши. Тўкинлик ва фаровонликдан дарак беради. Оилада катта шодиёнага кўпчилик гувоҳ бўлиши ҳам миллий удумимизда бор. Бироқ кейинги пайтларда тўйга боришдан юрагимиз безиллайди. Агар тўйга бир ҳафтада икки-уч маротаба боришга тўғри келса, совриндан ташқари пул қистиришга қурбимиз етмаслигидан ҳижолат бўламан. Ҳайронман, пул қистириш кимга керак экан?...
- Тўйларда пул қистириш - миллий пулимизга бўлган ҳурматсизлик, - дейди андижонлик хусусий тадбиркор Абдураҳмон Алиматов. - Мен бу ўринда айрим тўйларда пулларни бир даста қилиб сочиб юборганларини кўрганим учун айтаяпман. Пуллар тўй тугагунига қадар оёқ остида топталади. Ахир минг сўм - иккита ноннинг баҳоси.
Машҳур ҳофизларимиздан бири иштирок этган тўйда кимдир бир даста пулни сочиб юборди. Ҳофиз кўпни кўрган, мулоҳазали инсон бўлгани учун "пулни сочманг" дея танбеҳ берди. Ҳамма тўйда ҳам пул сочилаётганида, биров бировни тартибга чақиравермайди. Аксарият тўйларда ўша пулларни йиғиштириб олиб кетишнигина ўйлашади. Ахир тўй эгаси тўйни тантанали ўтиши учун санъаткорга олдиндан келишилган маблағни бериб хизматга олиб келади. Демак, тўйда пул қистирилмаса ҳам санъаткор ашула айтиб, даврани қиздириши керак. Афсуски, ҳозирги тўйларга бораётган ашулачиларнинг деярли барчаси пул қистиришларга умид боғлаб келади.
- Бу мавзуда қанча гаприлмасин, ўзгариш бўлмаяпти, - дейди Хотамжон исмли ҳунарманд йигит. - Кимдир тўй қиладиган бўлса, "пул қистирманг", дея олмайди. Аслида пул қистиришнинг ҳеч қандай яхши томони йўқ. Фақатгина ашулачию созандаларни бой қиляпмиз, холос. Бир-икки соат ашула айтгани келишиб, бир неча миллион сўм ишлаб кетишяпти. Мисол учун, мен бир миллион сўм пул ишлаб топиш учун деярли бир ой меҳнат қиламан. Бошқалар ҳам ҳалол маблағни осонлик билан топишмайди. Аммо кимлардир "фалончи тўйига машҳур санъаткорни олиб келибди", деган ном олиш учун чиранадилар. Ана шундай одамларнинг тўйини бир кўринг. Улар ўзимизнинг пул қолиб, доллар қистиришади. Бундай сохта обрўдан фақат ўша тўйга келган санъаткоргина наф кўради, холос.
Мавзу доирасида юртдошларимизнинг фикрларини ўрганар эканман, ҳеч ким тўйлардаги пул қистиришни ёқламади. Хўш, бу борада барчамизнинг фикримиз бир жойдан чиқадиган бўлса, муаммо нимада, деган савол туғилади. Кимдир ўзининг енгил- елпи топган бойлигини эл кўзида намойиш этиш мақсадида пул сочиш ёки қистиришни бошлаган бўлса, зиёли ҳамюртларимизнинг якдил фикрлари қаерда қолди?
- Мен Украина қишлоқларининг бирида тўйда пул йиғилганининг гувоҳи бўлиб, жуда ҳавас қилганман, - дейди бир ҳамшаҳримиз. - Тўйга келган меҳмонлар ҳам кўп эмас, нари борса ўттиз қирқ чоғли эди. Тўйни олиб борувчининг ёнида бир қиз ранг-баранг ленталар билан безалган идишни кўтариб турарди. Бошқарувчи ҳар бир меҳмонни атрофдагиларга таништириб бўлганидан кейин сўз берарди. Меҳмон эса ўз навбатида турмуш қураётган икки ёшга бахт-саодат тилагач, тўйга атаб қўйган пулини ҳалиги қизнинг қўлидаги идишга солиб қўярди. Ҳамма шу тахлит тилакларини айтиб бўлгач, идишга анчайин пул тўпланиб қолган эди. Охири нима бўларкин, деб кузатдим. Тўйни олиб борувчи ўша пул тўла идишни қизнинг қўлидан олиб, "бу маблағ сизларнинг оилавий бахт қасрингизни қуришингизга хизмат қилсин" деб келин-куёвнинг олдига келтириб қўйди.
Агар бизнинг тўйларда ҳам қистирилган пуллар икки ёшнинг келгусидаги оилавий ҳаётига асқотганида қандай яхши бўларди...
" ...Тўй маданияти ҳақида гапирганда санъаткорларнинг ўзларини тутишлари, пул қистириш ёки уни бошдан сочиш каби ярамас одатни айтмай иложимиз йўқ, - деб ёзади севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик бир мақоласида.- Бир тўйда ҳайратга тушганим ёдимда. Қўқон атрофида тўйда раққосага тўхтовсиз пул қистираётган киши диққатимни тортди. Ўша киши бир кун аввал "болаларимга қишлик кийим олиб беролганим йўқ" деган эди. Эртасига "пул қистириш ўрнига болаларингизга кийим олиб берсангиз бўлмайдими?" десам, "тўй эгаси - тоғам бўладилар, ҳамма қистирганда, мен қараб турсам уят эмасми?" дейди. Қаранг, боласи юпун юрса уят эмас, ҳаёсиз раққосанинг даҳанига пул қистирмаса айб экан. Бунисига нима дейсиз?"
Тўйларимиздаги пул қистириш урфга кирган экан, бу иллатни бартараф этишда жамоатчилик фикрини жамлаш, юртимизнинг пиру бадавлат отахонлари ва кайвони онахонлар бошчилигида ўзлигимизни сақлашга ҳаракат қилмоғимиз даркор. Санъаткорлар ҳам ўз хизматларига яраша ҳақ олишлари борасида тарғибот ишларини кучайтириш лозим.
Ҳар нарсанинг чеки ва чегараси бўлиши керак. Бойлигидан керилиб, ўзини кўрсатмоқчи бўлганлар ҳақида эса Шарқнинг буюк шоири Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги мисраларини эслатиш кифоя:
Бойликдан керилмоқ -
ақлдан нари,
Чунки у ўткинчи булут
сингари.
Хулоса қилиб айтишимиз керакки, миллий урф-одатларимизга тамоман зид бўлган пул сочиш ва қистириш иллатининг пайини қирқиш пайти келди. Зотан, Истиқлол туфайли халқимизга қайтган миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ҳар қандай иллат ва хурофотлардан тозалаш кечиктириб бўлмайдиган бурчимиздир. Ўсиб келаётган ёш авлодга биздан пул қистиришдай иллат мерос бўлиб қолмаслиги зарур.
Феруза МИРЗАОЛИМОВА.
|