№1, 02.01.2014
2014 ЙИЛ - СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ
"БОЛАМ МЕНДАН БАХТЛИ БЎЛСИН, ДЕЙДИ БУ ЭЛ"
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан кириб келаётган 2014 йил мамлакатимизда "Соғлом бола" йили деб эълон қилинди. Дарҳақиқат, ҳар бир ўзбекнинг барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмуни фарзандлари бахти, камоли билан боғлиқ. Юртимиздаги қайси бир инсондан энг олий мақсадингиз нима, деб сўрасангиз, шубҳа йўқки, тинчлик-хотиржамлик ва болаларимнинг бахту саодатини, камолини кўриш, деб жавоб бериши аниқ.
Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини асраш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасида олиб борилмоқда. "Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт", деган даъват умуммиллий шиорга айланиб, келажак авлод истиқболини, юрт тараққиётини янада юксалтиришни мақсад қилиб олган ҳар бир инсон қалбидан мустаҳкам жой олган. Мустақил давлатимизнинг илк ордени - "Соғлом авлод учун" деб номланганлигининг замирида ҳам юксак маъно ва мазмун мужассамдир.
Йилдан-йилга обод бўлиб бораётган Андижонимизда ҳам аҳоли, айниқса, она ва бола саломатлигини сақлаш борасида жуда кўп ибратли ишлар олиб борилмоқда. Биргина якунланган йилда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида янги даволаш корпуси ва диагностика бўлими, болалар касалликлари санаторийси барпо этилиб, фойдаланишга топширилганлиги вилоят аҳлининг, айниқса, ёш авлоднинг соғлигини сақлаш, уларни баркамол шахс сифатида вояга етишида мустаҳкам замин яратади.
Мамлакатимизда ёш авлодни комил инсонлар қилиб тарбиялаш, жамиятда соғлом муҳитни қарор топтириш мақсадида спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудудларда, хусусан, чекка қишлоқларда ҳам бунёд этилаётган замонавий спорт мажмуаларида болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлашлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Эътиборлиси, бу жараён таълим-тарбия тизими билан мутаносиб равишда олиб борилаётир.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан "Соғлом бола йили" деб эълон қилинган 2014 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, соғлом бола, аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Соғлом боланинг туғилиши ва ақл-заковатли, юксак маънавиятли бўлиб улғайишида оналарнинг ўрни беқиёс. Бунинг учун, аввало, аёлнинг ўзи соғлом, илму маърифатли ва ортиқча ташвишлардан холи бўлиши зарур. Шу боис, мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг рўзғор юмушларини енгиллаштириш, турмуш шароитларини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таҳсинга сазовордир.
Мамлакатимизда аёлларга эътибор, улар учун яратилган шарт-шароитларни ҳар қанча мақтасак арзийди. Бундай шароитларни қатор давлатларда яшовчи аёллар фақат орзу қилишлари мумкин. Замонавий қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли шифохоналари, перинатал ва скрининг марказлари, гинекология ва туғруқхона мажмуаларида аёлларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Биз оилани ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак насллар тақдирига таъсир кўрсатадиган тарбия маскани сифатида қабул қиламиз. Чунки соғлом авлодни тарбия-лаш бу - узлуксиз жараён. Бу кенг миқёсдаги кўпдан-кўп вазифаларни бажаришни, ҳар бир инсон, ҳар бир оила, бутун жамиятдан доимий эътибор ва масъулиятни талаб қилади. Бу борада, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим-тарбия тизими, маҳалла ва ижтимоий тузилмалар алоҳида ўрин тутади.
Ҳар қандай жамият соғлом ва баркамол, эл-юртига садоқатли, иймон-эътиқодли фарзандлари билан фахрланади ва уларга суянади. Биз ана шундай ёшларни тарбиялаш ишидан ҳеч қачон тўхтамаймиз. Юртбошимиз раҳнамолигида "Соғлом бола йили"да амалга ошириладиган ишлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Хафизахон КАРИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.
|