№2, 09.01.2014 ДИЛ ТУҒЁНИ
МАКТУБ
Ассалому-алайкум, Асрор ака! Соғ-саломатмисиз?! Қийналмасдан хизматни ўтаяпсизми? Мендан сўрасангиз: ўқишларим, ишларим ҳаммаси аъло даражада. Имтиҳонларга тайёргарлик кўраяпман.
Ўтган гал юборган мактубингиз билан бирга, аскар кийимда тушган суратингизни ҳам жўнатибсиз. Сизга аскарлик либоси жуда ярашибди. Кўрган одамнинг қалбида ҳавас уйғонади. Суратингизни кўриб қолган жияним ҳам ҳудди аскарлардек турли ҳаракатлар қила бошлади. Ундан буларни қаердан ўргандинг, деб сўрасам, "Телевизорда Асрор акамга ўхшаган аскарларни кўрсатишди, мен ҳам катта бўлсам, албатта, аскар бўламан", деди бийрон тиллари билан.
Ватанга хизмат қилишни чин юракдан истардингиз. Ва ниҳоят, шу орзуингиз амалга ошди.
Ҳар бир қизнинг ҳаёлида мард, жасур йигит сиймоси пайдо бўлади. Ҳарбийда хизмат вазифасини ўтаган йигит эса, ҳақиқий эр йигитдир. Сиз ҳам халқнинг фаровонлигини, тинч ва осойишталигини таъминлашда, озми-кўпми ўз ҳиссангизни қўшяпсиз. Мен эса бундан фахрланаман. Бахтли қиз сифатида шуни айтардимки, токи томирларингизда қон оқар экан, Ватанга хизмат қилинг, мен эса ҳамиша мактублар ёзиб, мададкор бўлишга ҳаракат қиламан!
Ҳамиша соғ ва омон бўлишингизни тилаб қолувчи НИГОР!
|