№2, 09.01.2014 МУЛОҲАЗА
ОНАНИНГ КЎНГЛИ БОЛАДА, БОЛАНИКИ...
ЁКИ ОТА-ОНА ВА МАКТАБ ТАРБИЯСИ УЗВИЙМИ?
Баъзан жиноятга қўл урган ёки турли ғоялар таъсирига тушиб қолган ўсмирлар ҳақида эшитиб қоламиз.
Шунингдек, мактаб ёшидаги айрим болаларнинг пул топиш мақсадида бозорларда, автосервисларда у ёки бу юмуш билан шуғулланаётганига гувоҳ бўламиз. Ахир, улар бу ёшда бошқа тенгдошлари сингари билим даргоҳларида таҳсил олишлари керак эмасми?
Хуллас, бу борадаги баҳсларда кўпинча ота-она мактабни, ўқитувчи эса оилани айблайди.
- Бола ноқобил чиқса, дарров оилани айблашимиз, албатта, нотўғри, - дейди Олтинкўл туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Анваржон Назаров. - Таёқнинг икки учи бор: демак, бунда мактаб, хусусан, ўқитувчи ҳам айбдор. Аччиқ бўлса ҳам тан олайлик, бугун ота-она иқтисодий қийинчиликларни баҳона қилиб китоб ўқимай қўйди. Энг ачинарлиси, ҳозирда ўқитувчиларимиз ҳам кам мутолаа қилишяпти. Аслида педагогларимиз китоб, газета ўқишса, ўз устида ишлашса, ўқувчиларини ҳам китобхон қилиб тарбиялашса, бу муаммо хусусида сўз юритиб ўтирмасдик. Чунки китоб билан дўстлашган бола ҳеч қачон эгри йўлга кирмайди.
Одатда "тарбияси оғир болалар" ёки "нотинч оилалар" сингари атамаларни кўп ишлатамиз. Бироқ ким ўз фарзандига жиноятчи бўл ёҳуд ўғирлик қил, деб айтади. Ҳеч ким! Руҳшуносларнинг фикрича, бола тарбияси, кўпроқ мактабда ўзгаради. Ноқулай муҳит, ўртоқлари ичида изза бўлиш ва ҳоказолар бунга асосий сабаб.
- Бола бекор қолса, бирон-бир фойдали юмуш билан машғул бўлмаса, унинг тарбиясига путур етиши мумкин. Шунинг учун ҳам ўқув масканларида дарслардан кейин турли тўгараклар, спорт секциялари доимий ишлаши зарур, - дейди Асака тумани "Дўстлик" МФЙ раиси Манзурахон Жўраева. - Бунинг учун нафақат оила ёки мактаб, маҳалла, балки бошқа барча ташкилот ва муассасалар, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида турли танловлар, беллашувлар, мусобақалар ўтказиб турилса, нур устига аъло нур бўлиши амалиётда ўз тасдиғини топмоқда.
"Биз наслимиз соғлом бўлишини таъминлашни ўзимизга буюк мақсад қилиб олдик. Бизнинг мақсадимиз - энг ривожланган мамалакатлар қаторига чиқиб олиш. Жисмоний, маънавий, маданий жиҳатдан соғлом авлодсиз бунга эришиб бўлмайди". Юртбошимизнинг бу сўзлари замирида бугунги кун вазифалари, ташвишлари, улкан масъулияти ётибди. Бу борада озгина бўлса-да, бепарволикка берилишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, пойдевор мустаҳкам қурилса, иморат умрбоқий бўлади.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|