Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№2, 09.01.2014

БУГУННИНГ ГАПИ

ДАДАЖОН СИЗНИ СОҒИНДИК

Кексалар билан кўришганда уларнинг кўзларига боққанмисиз? Кўзлари болаларникидек беғубор, самимий боқади кишига. Юзларидаги қат-қат ажинлар эса ўтган умрларининг заҳматлари, машаққатларидан бир-бир сўзлайди гўё.

Бекатда автобус кутиб турардим. Ёнимга бир кўркамгина, қадди қомати келишган аёл, ёнида чамаси 4 ёшлардаги боласи билан келиб ўтирди. Уларни кузатиб, она-боланинг ширин суҳбатларига ҳавас билан қараб турган эдим, шу пайт барваста, сочлари қора, баланд бўйли, ораста кийинган бир йигит бекат ёнида тўхтади. Болакайнинг нигоҳлари унга тушдию, югуриб бориб ҳалиги йигитнинг қўлига осилиб, "дадажон" деб юборди. Минг хижолат билан онаси келиб болани олиб кетиш учун қўлидан ушлади. Бола маҳкам нотаниш одамнинг оёғига ёпишиб олиб, "бу менинг дадам, қўйиб юборинг, улар билан кетаман. Дадажон, дадажон", дея йиғлай бошлади. Ҳайратда нима қиларини билмай қолган йигит эса, болани қўлига олиб кўтарди. Бола махкам бўйнидан қучиб олиб йиғларди.

- Онаси "Мирсаид ўғлим, бу даданг эмас, кел ўзимга, уларни қўйиб юбор", - деб уни бегона кишининг бағридан тортқилади. Бироқ болакай онасига қараб ҳам қўймасди. Ноиложликдан, боласини юпата олмаган она ҳам, йиғлаб юборди.

- Жон болам, менга келақол, юр музқаймоқ олиб бераман. Уйда бувинг кутяпти, болажоним келақол. - Ёш тўла кўзларини яширишга уринган онанинг овозлари титрар эди.

- Майли, қўяверинг, бироз бағримда турсин, - деб ҳалиги йигит ҳам ўриндиққа ўтирди. Бундан болакайнинг мамнунлигини кўриб, юрагим алланечук бўлиб кетди. Кейин секин онасидан сўрадим:

- Дадаси қаерда? Бирга яшамайсизларми?

- Йўқ, - деди аёл кўз ёшларини оҳиста артар экан. Бундан икки йил аввал чет давлатга ишлагани кетган эди. Ўша ерда уйланибди, деб эшитдим. Унгача телефон қилиб турарди. Ўғлим билан гаплашишарди. Отаси билан телефонда гаплашган куни, ўғлим кечгача ҳам инжиқлик қилмай, ўйнаб юраверарди. Кейинчалик эса қўнғироқ ҳам қилмай қўйди. Ўғлим жуда инжиқ, қайсар, йиғлоқи бўлиб қолган. Бу йигитни эса суратда кўрган отасига ўхшатди, шекилли.

- Майли, куйинманг, опажон, эрингизга ҳам Худо инсоф берсин,- дедиму, юрагимни бир чети симилаб оғриди.

- Қани, болакай, музқаймоқ еб келамизми? - деб ҳалиги йигит қучоғидан чиқишни хоҳламаётган болажонни етаклаганча оҳиста ўрнидан турди. Нима қилишини билмай, боши қотиб турган онага қараб кўзини қисиб қўйди. Бундан хотиржам бўлган аёл ўриндиққа қайтиб ўтирди. Бир оздан сўнг бола йигитни қўлини ушлаганча хурсанд чопқиллаб келарди. Бу меҳрибон одамнинг бағрикенглигидан мамнун бўлиб уларга тикилиб қолдим.

- Ўғлим, энди ойинг билан уйга бориб туринглар, мен ҳозир сизларга ширинликлар олиб, ортингиздан етиб бораман. Ойингни қийнамай, эсли бола бўлиб юр, хўпми? - деб болани онасининг қўлига тутқазди. Бола ҳам қўлидаги ўйинчоқ ва музқаймоқни ушлаганча, "хўп" ишорасини қилди.

- Раҳмат, сизга. Кўрмайсизми бола-да. Дадасини соғинган. Ичикиб оғриб қолганди, шифохонага олиб бориб, энди қайтаётгандик, - деди аёл.

- Майли, ҳижолат бўлманг, - дея йигит аёлга таскин берди. Кейин эса бола билан узоқ хайрлашиб, машинага ўтириб кетди.

Ортидан келган автобусга аёл ҳам ўғлини етаклаб чиқиб кетди. Отасини топгандай, болакайнинг эса шодлиги оламга сиғмасди.

...Яна бир дугонамнинг ҳам отасининг Россия давлатига ишлаш учун кетганига яқинда 4 йил бўлади. Бир куни дугонам суҳбатимиз орасида отасини соғинганини айтиб йиғлаб қолди.

- Тўғри, дадам бизни моддий томондан таъминлаяпти, аммо ота меҳрини ҳис қилгимиз келади. Акамнинг қўлида пули, энг янги русумдаги автомашинаси бўлгани билан негадир кўп сиқилади. Кейинги кунларда ичадиган одат чиқарган. Онамни қанча куйиниб, ялиниб, ёлворишларига эса "хўп" дейди холос. Агар дадам шу ерда бўлганларида эди, акам бундай номаъқул ишларни қилмаган бўларди. Ҳозир оиламизга мол-дунёдан кўра кўпроқ ота зарур эканини ҳис қилаяпман, - дейди дугонам кўз ёшларини тўхтата олмай.

Фарзандларни улғайтириш, фақат уларни едириш-кийинтиришдан иборат эмас-ку. Уларга таълим-тарбия, ота-она меҳри ҳам керак. Йиллар давомида давлат орттириш мақсадида, жигарбандингизга бера олмаган меҳрингизни вақтлар келиб, болангиздан топа олармикинсиз? Улар ҳам сизни вақти келиб моддий томондан таъминлаб қўйиши мумкин, аммо...

Уларга қарата шундай дегим келади:

Аллоҳ муқаддас қилган оилангизни ташлаб, ўзга юртларда, бегона одамлар билан умрингизни ўтказаётганингизда, бир бора бўлса-да, сизни интизор кутаётган аёлингизни кўз олдингизга келтирасизми? "Дадажон" дейишга тиллари муштоқ юрган болаларингизни-чи? Мана шундай, кўчаларда бегоналарни ота деб юрган фарзандларингиз кўзига вақтлар келиб қандай қарайсиз? Бу ҳақда бир ўйлаб кўринг...

Сожида САИДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди