№4, 23.01.2014 ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ 60 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН
АНДИЖОННИНГ ИФТИХОРИ БЎЛГАН ШОИР
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 27 декабрдаги "Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори мамлакатимиз адабий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири, қолаверса, халқимиз дилидаги ниятларнинг ижобати бўлди.
Адабиёт - жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Аҳолининг сиёсий, маънавий ва маданий дунёқарашининг шаклланишида унинг ўрни ва роли катта. Президентимизнинг "Адабиётга эътибор - маънавиятга, келажакка эътибор" номли рисоласи мазкур йўналишда олиб боришимиз зарур бўлган ишлар, олдимизда турган муҳим вазифаларни амалга оширишда дастуриламалдир.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида миллий адабиётимизни янада равнақ топтириш, ижод аҳлини моддий, маънавий, маиший жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, улар учун қулай ижодий муҳит ва шарт-шароитлар яратиш, марҳум адиблар хотирасини абадийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, юртбошимизнинг юқоридаги қарори ҳам ижод аҳлига бўлган эътиборнинг ёрқин бир намунасидир.
Халқ дардини, орзу ва интилишларини ўз юрак дардларига муштарак ҳолда юқори пардаларда куйлаган хассос шоир Муҳаммад Юсуф минглаб шеърият мухлисларининг қалбидан жой олди. У нисбатан қисқа, аммо жўшқин ижодий фаолияти давомида халқ дилига яқин, равон, бетакрор ифодага, самимият ва оҳорли ташбеҳларга эга шеърлари, достонлари билан адабиётимиз равнақига ҳисса қўшди. Кўплаб ёш ижодкорларнинг устози ва севимли шоирига айланди. Муҳаммад Юсуф табиатан хокисор, нозиктаъб, атрофидагиларга меҳрибон, она халқини, туғилиб ўсган юртини, киндик қони томган тупроқни юракдан ардоқлайдиган ғурури баланд инсон эди. Шеърлари қалбларнинг нозик торларини черта олиши, ҳаммага бирдек ёқиши айнан шунга боғлиқ, албатта.
Ўлмасам, ёруғ юз,
юзларга кириб,
Эмаклаб борарман,
мадорим қуриб,
Ўлсам ҳам ҳар кун
бир қабримдан туриб,
Нечун қуллуқ қилмай
Андижонга мен!
Шоирнинг 50 йиллиги муносабати билан 2004 йилда Президентимиз қарорига асосан шоир номини абадийлаштириш борасида республикамизда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Андижон шаҳридаги Болалар ахборот-кутубхона маркази, Марҳамат туманидаги шоир таҳсил олган 25-умумтаълим мактаби Муҳаммад Юсуф номи билан фаолият юритмоқда. Шунингдек, ушбу мактабда шоирнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи музей ташкил этилган.
Марҳаматликлар севимли юртдош шоири билан ифтихор қилибгина қолмай, шоир хотирасига ҳурмат бажо келтириш ишларида сидқидилдан, фаол қатнашадилар. Қовунчи қишлоғидаги Ғиштмозор қабристонида ҳар йили эрта баҳордан тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ўтказилади. Шоир қабридаги ҳайкал пойига гуллар экилади. Айниқса, туман ёшлари шоир шеърларидан айримларинигина эмас, китобларини тўла ёд билишади, десак ҳам асло муболаға бўлмайди.
2004 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда вилоятда Муҳаммад Юсуф таваллуд кунига бағишланиб адабиёт кунлари, шеърият кечалари ўтказилади. 26 апрелда эса Марҳамат тумани катта байрам сайлига гувоҳ бўлади. Республикамизнинг турли гўшаларидан, айниқса, вилоятимизнинг деярли барча туманларидан шеърият мухлислари шоир қабрини, у туғилган хонадонни зиёрат қилиш учун келишади, шеърият байрамлари, куй-қўшиқлар кечгача давом этади. Бу, албатта, мамлакатимиз Президентининг севимли халқ шоирига бўлган эътибори нақадар халқ истагига ҳамоҳанг эканини намоён этади.
Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги мамлакат миқёсида кенг нишонланиши борасида жорий йилда вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида чора-тадбирлар асосида иш ташкил этилмоқда. Вилоятдаги ахборт-ресурс марказларини шоир китоблари билан бойитиш, Марҳамат туманининг марказий ва ички кўчаларини, шоир хонадони ва у мангу қўним топган оромгоҳни, шоир номи билан аталувчи мактабни таъмирлаш, зиё масканларига шоир ҳаётини акс эттирувчи кўргазмали воситалар ўрнатиш шулар жумаласидандир. Жумладан, Марҳамат туманида январь-апрель ойлари "Муҳаммад Юсуф хотираси ойлиги" деб эълон қилинди. Айни кунларда тумандаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган кўргазмалар, шеърият кечалари, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бутун туман аҳли ушбу санани муносиб нишонлаш мақсадида ободонлаштириш, кўкаламзор-лаштириш ишларини бошлаб юборган. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва Марҳамат тумани халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган Муҳаммад Юсуф номидаги ёш ижодкорлар тўгараги аъзолари, тўгарак раҳбари Абдураҳим Бозорбоев раҳбарлигида ташаббускорлик қилишмоқда.
Ўтган йиллар давомида тўгарак аъзолари томонидан шоир хонадони яқинидаги қаровсиз ер майдони ўзлаштирилиб, тўрт юз тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилди ва шу тарзда "Муҳаммад Юсуф хотира боғи" барпо этилди. Ёшлар шоир ётган қабристонни тозалаш, қабр атрофига гул кўчатлари экишни ўз бурчлари деб биладилар. Тўгарак ташкил этилган даврдан шу кунгача уч юз нафардан зиёд адабиётга қизиқувчи ёшлар тўгарак машғулотларида қатнашиб келдилар. Тўгарак машғулотлари қизиқарли ва янада мазмунли бўлишини таъминлаш мақсадида тажрибали ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари доимий равишда жалб этиб турилади. Шунингдек, Икром Отамурод, Улуғбек Ҳамдам, Мунаввара, Наби Жалолиддин, Абдумутал Абдуллаев, Назира Ас Салом каби таниқли ижодкорлар билан учрашувлар ташкил этилади. Мусулмон Саид, Фароғат Маматурсунова, Нодира Жўраева, Эъзоза Обиджонова, Зулхумор Орифжонова, Мўтабарпошша Қорихонова, Беназир Ҳасанхонова каби шоир номи билан аталувчи адабий тўгарак аъзоси бўлган марҳаматлик ёшлар республикамизда ўтказилган турли танловларда, ижодий семинарларда муваффақиятли қатнашиб, устозлар эътирофига сазовор бўлдилар, вилоят ва марказий нашрларда ўзларининг ижод намуналари билан фаол қатнашиб келмоқдалар.
Бундан ташқари, турли йилларда тўгарак аъзоларидан Музаффар Саттаровнинг "Райхон", Зулхумор Жўраеванинг "Райхон ифори", Беназирхон Хасанхонованинг "Онажон" номли шеърий тўпламлари нашр этилди.
Умуман олганда, Муҳаммад Юсуфдек мард ва халқпарвар, ватанпарвар шоирга бешик бўлган қадимий Мингтепа аҳли Президентимиз томонидан шоир таваллудининг 60 йиллигини республикамизда кенг нишонлаш ҳақида қабул қилинган қарордан руҳланиб, ўз олдига улкан мақсадларни қўйганлар. Олиб борилаётган ишлар бошланиши, улуғ зотларнинг хоки қўйилган масканлар ҳамиша азиз, мукаррам саналиб, обод гўшага айланиб боради. Халқ суйган шоирнинг ўзи каби содда юртдошлари, бағрикенг, сўлим қишлоғи ва унга муносиб бўлишни орзу қилган ёшларнинг ифтихори эса айнан шундандир.
Хуршида ҚЎЧҚОРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.
|