№4, 23.01.2014 МУЛОҲАЗА
ҚАЙНОНА - ҚАЙ ОНА?..
Узоқ йўлда бир аёл билан ҳамроҳ бўлдим. Халигача ўша аёлнинг юзларидаги самимий табассум кўз олдимдан кетмайди. "Балки келинимни танирсиз, у ҳам сиздай давлат ишида ишлайди, барака топгур, шу ишидан ортиниб, рўзғор юмушларига ҳам улгуради. Қачон кир ювиб, қачон нон ёпиб келганини ҳам билмай қоласиз. Болам шўрлик кечаси бўлса ҳам вақт топади уй ишига", дея келинини алқай кетди. Аёл йўлда тушиб қолди. Кетар чоғида худди қадрдонлардай хайрлашиб, дуо қилди.
Шу тобда келинига ҳавасим келди. Ўз онасидан-да зиёда бўлиб, келини билан фахрланиб, яхши хислатларини ошириб, мақтовини келтираётганидан кўнглим ёришди. Мана шундай қайноналар ҳам бор экан-ку, дедим кечаги дилхираликни эслаб.
Хизмат сафари билан бориб бир маҳалладаги можаронинг устидан чиқиб қолдим. "Ҳар доимгидай яна қайнона- келин чиқишолмаяпти", - деди маҳалла маслаҳатчиси бизга юзланиб. - Ўртада тўртта бола бор. Эр-хотиннинг муносабати яхши. Ўғил ҳам уларни муросага келтиролмай боши қотган. Онасини деса, бу ёқда мўлтираб болалари турибди. Хотинига қаттиқ гапириб йўлга солди. Келин кечирим сўраб турганида қайнона юмшай демади".
- Мен келинни кўчага олганман, айланай, - деди қайнона бўлмиш менга юзланиб. - Эрта саҳар қўл учида у ёқ бу ёқни йиғиштирган бўлади-да, болаларини боғчага, мактабга етаклаб, шу бўйи қорасини кўрсатмайди. Шомда уйини топади. Яна ўзим хизматга қолдим.
- Нима қилай, ишламасам бўлмайди. Дадасининг топгани рўзғорга бўладими, болаларнинг кийим-кечагигами, ҳарна ёрдам-да, уйда хизматларини қилиб ўтирсам ҳам ойижонимга ёқмайман, ишласам яна... Нима қилишга ҳайронман, - деди келин.
- Кўнгилдагидай иш қилмаганидан кейин ўргатаман-да. Бу кишига ўргатганим ёқмайди...
Хуллас, келин у деди, қайнона бу деди, яна можаро авж олди. Аранг иккаловини муросага келтирдик. Келин яна узр сўради. Қайнона ҳар тугул кечирди...
Йўлда бир зум ҳамроҳ бўлган аёлнинг эса исмини ҳам билмайман, балки кўрсам танимасман ҳам. Лекин унинг келинидан мамнун оҳангдаги ширин сўзлари, меҳрли нигоҳидан қалбимда ўчмас илиқлик қолди. Атроф кўзимга янада ёрқин, янада файзли кўриниб кетди.
ЗУМРАДХОН.
|