Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№4, 23.01.2014

ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ВИЖДОН АЗОБИ - ЭНГ ОЛИЙ ХУКМ

ЁҲУД 250 ДОЛЛАРГА СОТИЛГАН ЧАҚАЛОҚ

Атрофингиздаги инсонларга "Бахт нима?", деб савол бериб кўринг-а, кимнинг нимага эҳтиёжи борлигини биласиз қўясиз. Кимдир дабдабали иморатда яшашни хоҳласа, кимдир сўнгги русумдаги машина миниш орзусини билдиради. Муборакхон (исмлар ўзгартирилган) эса шу саволга ҳеч иккиланмай, "мен ҳам она" деган сўзни эшитсам, Яратган биттагина тирноқни аямаса", дея жавоб берарди. Баъзида тақдирнинг жумбоқларига лолу ҳайрон қоламиз. Кимдир болага зор, кимдир эса....

Унинг наздида етмиш икки томиридан жон ато этиб, юраги остида парваришлаган гўдагини дунёга келтирган аёлнинг табассумидан-да чиройлироқ Бахтнинг кўриниши йўқ аслида.

Муборакхон фарзандли бўлиш дардида шифо излаб кўп шифокорларга қатнади. Ҳар гал таҳлиллар яхши чиқса ҳам, чақалоқни бағрига босиш унга насиб қилавермади. "Бола асраб ол, меҳринг ийиб, ўзингга ҳам Яратган фарзанд беради," - дея маслаҳат беришди яқинлари. Муборакхоннинг ҳам кўнглидан шу фикр ўтгани рост. Бу гаплар далда бўлиб, шунчаки фикри астойдил ниятга айланди. Бу борада зарур бўладиган керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли идораларга, болалар уйига мурожаат қилди.

Унинг яхши ниятидан яқинлари, атрофдагилар ҳам хабардор бўлишди.

Шундай кунларнинг бирида телефон қўнғироғи Муборакхоннинг кўнглига ёруғлик олиб кирди.

Енгилгина салом-аликдан сўнг ўзини Дилором деб таништирган аёл муддаога ўтди:

- Муборакхон, синглим, бола асраб олмоқчи экансиз....

-Ҳа, шунақа ниятим бор. - Аёлнинг бахти фарзандли эканида. Яхши ўйлабсиз. Иш, обрў, пул, ҳаммаси ўткинчи. Ҳатто, соғлигимизни ҳам бойлаб беришмаган. Худо кўрсатмасин, эртага тўшакка ётиб қолсак, иссиқ-совуғимизга фарзанд ярайди, айланай.

Нотаниш суҳбатдошидан аёллик саодати ҳақида анча гапларни эшитган Муборакхон ўзини жудаям ношуд ҳис қилди.

- Озода исмли бир танишим яқинда қизчали бўлди, ўзи тарбияли, бироқ сал қўли калталик қилиб болани боқишга бироз қийналяпти. Опа, тайинли, тартибли, фарзандга муҳтож оила бўлса, қизимни берардим, деганди. Шунга сизни тавсия қилгандим, нима дейсиз, синглим?

Муборакхон ниҳоят орзуси ушалишидан хурсанд бўлди, бироқ боласини бировга берадиган қанақа она экан у деб, қизиқиб қолди. Балки тақдир Озодани боши берк кўчага киритиб қўйгандир, балки аҳволи чиндан ҳам ночордир...

Муборакхон ўз мулоҳазаларини опасига билдирганида, опаси, яхшилаб суриштириш кераклигини, чақалоқни нотариус орқали расмийлаштириш зарурлигини айтди. Опа-сингил маслаҳатлашиб, айтилган манзилга келишди.

- Шароитим қийин, чақалоқни боқа олмаяпман, - деди Озода.

Муборакхон нимжонгина чақалоқни қўлига олди.

- Мунча ширин бўлмаса, исми нима?

- Фарангиз, уч ойлик бўлди.

- Вой, жудаям кичкинаю, мен икки-уч ҳафталикми дебман, - опа Озодага синчков назар ташлади.

- Меҳрим тушиб қолмасин деб эмизмадим, сунъий овқатлантираяпман.

- Дадаси ким бу қизалоқнинг?

- Э-э, гапириб Озоданинг ярасини баттар тирнаманг, опа, - Дилором гапни илиб кетди. - Ҳаммасига ўша ярамас айбдор. Хотинбоз. Гулдек аёлини ҳомиладорлигига қарамай ташлаб кетди.

Дилором қизалоқнинг отаси ҳақида жуда хунук гаплар айтди.

- Майли, хафа бўлманг, синглим, - Муборакхон Озодани юпатган бўлиб чақалоқни кўтарганча унга яқинлашди. - Ҳозир эрингизга аччиқ қилиб гўдагингизни бериб юбораяпсиз. Кейин афсусланмайсизми?

- Йўқ, - Озода қатъий жавоб берди. - Меҳрим тушмасин деб, кўкрак тутганим йўқ. Қолаверса, болани боқишга қурбим етмайди.

Хуллас, расмийлаштириш ишлари бошланди. Озода билан Дилором мурғаккина гўдакни нақ 250 АҚШ долларига пуллашди. Ҳа, ҳа, пуллашди. Бир-икки кун ўтгач, Муборакнинг уйига келган Озода кийим-кечак қилиш учун пул керак бўлиб қолганлигини рўкач қилиб, яна 100 минг сўм олиб кетди.

Олдин тўрт маротаба жиноят курсисида ўтириб, ўзига тегишли хулоса чиқармаган Дилором билан Озода ишнинг енгил кўчганидан хурсанд бўлишди. "Оёғимга тушов эди, қутулдим. Ўйнаб-куладиган вақтим, ҳали бола боқишга улгураман" деб ўйлади Озода.

Бироқ улар ўйлаганчалик иш осон кўчмади. Қинғир ҳаракатлари ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ошкор этилиб, улар суд ҳукми билан тегишли жазога тортилдилар.

Ҳаётнинг ёзилмаган қонунлари кўп, ўлчаб бўлмайдиган ҳилқатлари бисёр. Улар на ҳадга, на ҳудудга эга. Жумладан, онанинг болага бўлган меҳру муҳаббатини ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Белгиланган ҳукм Аёл деган қутлуғ номни кўтариб юрган бу қабиҳ кимсалар учун балки унчалик нохуш ҳолат эмасдир. Бироқ энг олий ҳукм - виждон азоби, элнинг қарғиши уларни тинч қўярмикан?!

Хуршидбек ОДИЛОВ,

Асака тумани прокурори ўринбосари .

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди