№4, 23.01.2014 ҲИКОЯ
КЕЧИККАН ВИСОЛ
Матлуба ҳар галгидек бугун ҳам эрта туриб нонушта тайёрлади. Ўғлини ишга кузатаркан, уни узоқ дуо қилди. Ўзи дугонасиникига бориш учун отланди. Эшикни қулфлаб, кўчага чиқди. Ҳаво иссиқ, ҳиёл эсган шаббода танга роҳат бахш этади. У бекатга бориб, йўналишдаги таксиларнинг бирини тўхтатди. Эшикни очиб орқа ўриндиққа ўтирди. Машина аста жойидан қўзғалди. Оз фурсат ўтгач ўз хаёл-ўйлари билан кетаётганди, олдинги ўриндиқда ўтирган кишининг таниш овози диққатини тортди.
- Матлуба, бу сизми? Мени танидингизми? - сўради ҳалиги киши. Сочларига оқ оралаган, қотмадан келган, истараси иссиқ ўша киши ўгирилиб, у томонга қаради. Шунда Матлубанинг юраги алланечук уриб кетди. У курсдоши Мансурни таниди-ю, тили айланмай қолди.
- Бу сизми? - дея олди зўрға.
Улар ҳол-аҳвол сўрашдилар. Биргалашиб машинадан тушишди. Шу пайт уларнинг қалбидан нималар кечаётганлигини ўзларидан бошқа ҳеч ким билмасди. Гўё орадан шунча йил ўтмагандек. Дил тубидаги саволларга сўзсиз жавоб топилгандай, талабалик йилларининг бетакрор дамлари қайтиб келгандай. Во ажаб, наҳот, кўнгил ўзгармаса. Вақт ўтавераркану, кўнгил дегани бир хилда туравераркан-да, ўйлади Матлуба. Ўйлардию, ўша бахтли дамлар кўз олдидан бир-бир ўта бошлади.
* * *
Институтда ўқиб юрган кезлари мана шу Мансур илк бор унга севги изҳор қилганида, ўзини энг бахтли қиз, деб билганди. Уларнинг муҳаббатига барчанинг ҳаваси келар, бу икки севишганларни ҳаётда, албатта, бирга бўлишларига барча бирдек ишонганди. Институтни тугатганларидан кейин Мансур Матлубаникига совчи жўнатди. Аммо совчилар рад жавобини олиб қайтдилар. Матлубанинг отаси-онаси қизини қариндошларига узатмоқчи эканликларини айтдилар. Қиз ота-она хоҳишига қарши боролмади. Мансурнинг югуриб-елишлари, куюнишлари, бахтли бўлишлари учун курашиши бекор кетди. Тўй куни белгиланади. Ўша кезлари бутун дунё унинг кўзига қоронғу кўринар, ҳаммасига, ҳатто, ўз тақдирига ҳам бефарқ бўлиб қолганди. Шу онда бўлиб ўтаётган воқеалар унга бир тушдай туюлар, уйғониб кетса барчаси ўз ўрнига тушиб қоладигандай. Қизнинг юраги йиғлар, ўзини қўйгани жой тополмасди. Тўйни тўхтатиб, ота-онасига қарши боришга ботинолмас, маҳалла-кўй олдида уйдагиларни беобрў қилишдан қўрқарди.
Тўй ҳам бўлиб ўтди. Тўнғич фарзанди Гулнигор туғилганда, у билан овунди. Сўнгра ўғли Санжарбек дунёга келганида, қувончига қувонч қўшилди. Фақат турмуш ўртоғи Қобилжондаги ўзгаришлар уни ҳайратга солар, ҳафсаласини пир қиларди. Қобилжон тез-тез боши оғриб, касалхонада ётиб даволанар, борган сайин аҳволи оғирлашарди. Матлуба фарзандлари билан куймаланар, қайнонаси Мунисхон она ўғлини қаратиш учун касалхонама касалхона юришдан чарчамасди.
Шундай кунларнинг бирида кимдандир Қобилжоннинг руҳий касал эканлигини, бу касал унда ўқувчилик пайтидаёқ бошланганини, шифокорлар уйланишга рухсат бермаганликларини, қайнонаси шифокорларга қулоқ солмай, уйлантирганини эшитиб қолди. Эҳ, у пайтда тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш қаёқда эди? Бешафқат тақдир қурбонига айланган аёл афсус ва алам ўтида ёнди. Отаси ва онаси қизини юпатишга сўз топа олишмас, бу кўргуликларга ўзлари сабабчи эканликлари туфайли оғиз очишолмас эдилар. Матлубанинг ажралишдан бошқа чораси қолмаганди. Пешона экан, дея фарзанди билан онасиникида яшай бошлади. Мактабда ишлаб, овунди. Орадан йиллар ўтди. Фарзандларини ўйлабми ёки кўнгилдагидек инсонни учратмагани учунми, бошқа турмушга чиқишни истамади. Яқинларининг ёрдами билан алоҳида уй-жой солиб, кўчиб чиқди. Гулнигорни ўзи ёқтирган инсонига турмушга узатди. Куёви Отабек оилапарвар, жуда яхши йигит эканлигидан, қизининг тақдиридан кўнгли тўқ. Ўзи эса ўғли Санжарбекка жуда суяниб қолган. Ўтган умри давомида Мансурни кўп эслади, бирга ўтказган бахтли онларини қўмсади, аммо шунча йил ўтиб яна учрашиб қолишларини кутмаганди.
У Мансурга ҳаёти ҳақида гапириб берди. Мансур ҳам ўз навбатида умр йўлдошининг саратон касаллигидан бевақт вафот этганини, ҳозир ўғли билан бирга яшаётганини айтиб берди.
- Тақдир бизни яна учраштиришини билардим. - Энди сизни ҳеч қаерга қўйиб юбормайман, - деди Мансур.
Кўзлар кўзларга тўқнашди. Фақат улар ўзгармаганди. Ҳамон ўшандай шўх, ўшандай ўтли ва ўшандай ўткир нигоҳларга дош беролмаган аёл, аста кўзларини олиб қочди. Йигирма беш йилдан ортиқ вақт қалбларга ўрнашиб олган ҳижрон ўз ўрнини висолга бўшатиб берар, муҳаббат ила бирлашган меҳр кучли бир туйғуга айланиб, қалбларни янада маҳкам боғлар, кўнгилларни нурафшон айлар, икки дилни бахт осмони сари чорларди. Кечиккан висол ташрифидан маст қалблар унсиз сирлашар, дарду ҳасратларини тўкиб солардилар. Тақдир эса унга қуллуқ қилар, бахтдан оппоқ пояндоз ёзиб, икки дилни қутларди...
Мавлуда АЗИМОВА.
|