Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№6, 06.02.2014

ФАОЛ АЁЛЛАРИМИЗ

АЁЛ - ЯРАТУВЧИ, НАФОСАТ ВА ГЎЗАЛЛИК ЭЛЧИСИ

ҲАР БИР ИШДА ФИДОЙИ АЁЛ...

Инсон ўз умрини ҳалол меҳнати билан зийнатлайди. У ўқитувчими, шифокорми, ким бўлмасин ўз касби ва ҳунари ортидан эл-юртда обрў, эътибор қозонади. Балиқчи туманидаги Балиқчи тиббиёт коллежи ўқитувчиси, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Бусанам Қосимова ҳам ана шундай фидойи аёллардан бири.

Аёлни ойга, унинг чексиз меҳр-муҳаббатини эса қуёшнинг беқиёс нурларига, иссиқ тафтига менгзашади. Бунинг замирида йиллар синовидан ўтган ҳақиқат мужассам. Зотан, у ой бўлиб ўзининг қадрдон оиласи, яқин жигаргўшалари қалбини ёритса, қуёш бўлиб уларга меҳр нурларини бахшида этади. Албатта, ҳар икки ҳолатда ҳам унинг фидоийлигини ҳис қиласиз.

Мақоламиз қаҳрамони Бусанам Қосимова ҳам бахту саодатини энг аввало, оиласи, қолаверса, жамият тараққиётидаги фаол иштироки билан ҳис қилаётган инсонлардан бири. У Андижон давлат университети педагогика факультетининг бошланғич таълим йўналиши бўйича таҳсил олган. Айни пайтда коллежда фармация йўналиши бўлими бошлиғи, коллеж хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

ҒОЛИБЛИК

Бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада жонлантириш, бу борада етакчиларнинг ташаббускорлиги, фаоллигини ошириш мақсадида 2011 йилдан буён Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан "Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти" кўрик-танлови ўтказилиб келинмоқда.

Яқинда Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицейда мазкур танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Балиқчи тиббиёт коллежи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси сифатида Бусанамхон Қосимова фахрли биринчи ўринни эгаллади.

- Ушбу танловда ғолиб бўлганлигим мени янада шижоат билан ишлашга ундайди, - дейди Бусанамхон биз билан суҳбатда. - Президентимиз томонидан 2014 йилнинг "Соғлом бола йили" деб эълон қилиниши қўмитанинг қуйи тизими фаоллари зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Айни пайтда хотин-қизлар ўртасида репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга, уларнинг соғликларини муҳофаза қилишга қаратилган амалий ишларни янада кенгайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Коллежимизда 829 нафар талаба қизлар бор 43 нафар педагог аёллар ва ходималар ишлайди. Улар билан 5 та сектор - таълим, саломатлик, бандлик, вояга етмаганлар ҳамда маҳалла билан ҳамкорлик йўналишларида иш ташкил қилганмиз. Коллеж қизларига нафақат таълим-тарбия балки, миллий қадриятларимизни сингдириш, уй рўзғор ишларига тайёрлаш учун тикувчилик, тўқувчилик, пазандалик ҳамда "Ораста қизлар" тўгараги, шунингдек, соғлом юришлари учун спорт секциялари мунтазам ишлаб турибди. Бундан ташқари қизлар ва педагог аёлларимиз ўртасида тез-тез спорт мусобақалари ўтказиб турилади.

- Ушбу танловдан қандай таассуротлар олдингиз? - яна суҳбатни ўша ҳаяжонли онларга бураман.

- Танловда иштирок этиб, жуда кўп нарсаларни, энг аввало, ҳужжатлар билан ишлаш борасидаги билимларимни янада бойитдим. Бирорта таклиф билан бормаганимга афсус қилдим. Ўша ерда туриб, ёшларни тадбиркорликка йўналтиришни мақсад қилдим. Айни пайтда коллеж ўқувчиларини гул парваришлашга бўлган иштиёқларини кучайтириб, "Ёшлар боғи" ташкил этдик.

ГУЛ - КЎНГИЛ ОЙНАСИДИР

- Бусанамхон нафақат жамоада илғор, балки тадбиркорлик соҳасида ҳам кўпларга ибрат, - дейди коллеж директори Дилоромхон Дадахонова. - Унинг гул шайдоси эканлигини коллежга келган одам билиб олади. Чунки ўқув биносининг атрофидаги гултожихўроз, чиннигуллар кўчатларини ўзи етиштириб, ўзи парваришлаб, коллежимизнинг кўркига-кўрк қўшиб келмоқда.

Гўзалликни севиш, ундан баҳра олиш осон. Лекин уни элга кўрсата билиш замиридаги меҳнатни унинг ичида юрганлар билади.

- Онам гул шайдоси эди, - дейди Бусанамхон. - Атиргул, чиннигул, каола гулларни парвариш қиларди. Уйимиздан қишин-ёзин гулларнинг ифори кетмасди. Онам худди биз олти фарзандига қарагандай гулларга эътиборли эди. Биз беш қиз ҳам онамнинг қилган ишига қараб, яъни, гулга талпиниб ўсдик. Мактабда ўқиётган кезларимданоқ гулларни тувакларда ўстириб бозорга олиб чиқиб сотишни бошлаганман. Шуни орқасидан кам-кўстим, китоб-дафтаримни ўзим олардим. Дадам мени тадбиркор қизим, деб кўп суярди. Ўзлари ҳам боғбон - тадбиркор эдилар. Бизнинг ишимизни шу қизим давом эттиради шекилли, деб менга куч берарди. Олий даргоҳда ўқидим, турмуш қурдим. Шунда ҳам гулга бўлган ҳавас, иштиёқ мени тинч қўймади. Ишдан бўш вақтларимда гул етиштира бошладим. Аввалига тувакларда гул етиштириб, мактаб, боғчаларга етказиб бериб турдим. Кейинчалик хонадонимизда 2 та иссиқхона қурдик. 1990 йилдан бошлаб эса ерга уруғ сочиб, гул кўчатлари етиштира бошладим. Аста-секин ёнимга турмуш ўртоғим, фарзандларим қўшилди. Ишимизни кенгайтирдик. Чет давлатлардан, қўшни вилоятларнинг уруғчилик дўконларидан турфа хил гул уруғларини олиб келдик. Экиб, кўпайтирдик. Қанчалик гул уруғларини янгиласак, шунча кўнглимиз ўсиб борди. Мана ҳозир парваришлаётган гулларимиз 20 турдан ортиқ. Уларни кўрган ҳар қандай кишининг баҳри дилини очади.

Бусанамхон Қосимовалар оиласини нафақат туманда балки, вилоятда ҳам гулчилар оиласи сифатида яхши танишади. "Пальма", "Фикус", "Хитой" ва Голланд" атиргули кўчатларини ташкилот ва ўқув муассасаларига етказиб беради.

Шунингдек, "Чиннигул"нинг 4 хил турини, "Катарантус", "Шабо", "Вервина", "Питунья". "Гултожихўроз" "Тугмачагул", "Феялка" каби мавсумий гул кўчатлари билан тумандаги ташкилот ва муассасаларни таъминлайди.

Уй бекасининг гўзаликка, озодаликка интилиши, ҳар бир ишни вақтида бажариш кўникмаси болаларига ҳам ўтган. Қизлари Гулида, Шоҳида, Умида, ўғли Мансурбеклар ҳам ўз ишларидан ортиниб, гулчилик билан шуғулланишади. Чунки оила аъзолари ҳар йили шу ишнинг орқасидан беш миллион сўмдан ортиқ даромад топишади.

Қизи Шоҳида онасидай ҳам коллежда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Келин бўлиб тушган хонадонида гулчилик билан шуғулланиб, рўзғорига барака киритади.

МАҲАЛЛАМ - ФАХРИМ МЕНИНГ

Бусанамхон нафақат оилада, жамоада балки, истиқомат қилаётган ҳар қандай вазиятда ҳам бир-бирларига меҳр-оқибат кўрсатишга қодир бўлган "Гузар" маҳалласида ҳам ҳурмат-эътибор топган. У каттаю кичикка бир хил муомалада бўлади, имконияти етганича маҳалладошларига кўмак беришга ҳаракат қилади.

- Ўзим ишдан бўш вақтимда тадбиркорлик билан шуғулланганим учун кўпроқ бекор юрган ёшларни ишга жалб қиламан.

Маҳалламиз аҳли кўпроқ ёнғоқ пишиғи пайтида мавсумий иш, яъни ёнғоқ чақиб, мағзини сотиб даромад топади. Тадбиркорлар томонидан турли жойлардан йиғиб келинган кўплаб тонналаб ёнғоқ чақиб, сотишга тайёрлаш учун оилаларга тарқатилади. Шу ишнинг орқасидан 10-15 миллион сўм даромад топаётган оилаларимиз бор. Ахир "меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат", деб бежиз айтишмаган.

Ҳа, бир сўз билан айтганда, аёл - яратувчи, нафосат ва гўзаллик элчиси. Хонадон фариштаси. Фарзандларимизнинг суюкли тарбиячиси... Бу таъриф Бусанамхон Қосимова сингари ҳар бир ишга фидоийлик билан ёндашаётган давримизнинг илғор ва фаол аёлларига ярашади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди