Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№6, 06.02.2014

БУГУННИНГ ГАПИ

ОФИЦИАНТЛИКНИНГ НОНИНИ ЕЙИШ ОСОНМИ?

ЁКИ ОФИЦИАНТ АЁЛЛАРГАЎЗГАЧА НАЗАР БИЛАН ҚАРАЁТГАН АЙРИМ НОИНСОФ ЭРКАКЛАР ҲАҚИДА

Минг афсуски, бугун орамизда кўринган ҳар бир қиз-аёлга ўзгача назар, ғаразли мақсад билан қарайдиган эркаклар оз эмас. Инсоф, имон, ҳурмат деган тушунчалар уларга гўё бегонадек.

Хотин-қизларга ҳаёсизларча муносабатда бўладиган киши фуқаро сифатида жамиятда одамлар ишончини оқламайди, чин маънода ҳурмат-эътибор ҳам топа олмайди. Ундай кишилар умум ишига ҳам худди шундай шармандаларча муносабатда бўлади. Уларга бошдан-оёқ ишониш мумкин эмас. Аёлни ҳурмат қилмаган, уни қадрламаган эркак элга ҳам эҳтиром кўрсата олмайди.

- Турмуш ўртоғим вафот этганида ҳомиладор эдим,- деб бошлайди таҳририятга мактуб йўллаган ва исмини сир тутишимизни сўраган муштарий. - Қизим туғилгач, ота-онамникига қайтдим. Бир амаллаб боламни катта қилдим. Айни пайтда у бошланғич синфда ўқияпти. Қўлингда бирор касб ёки ҳунаринг бўлмаса ҳаётда қийналар экансан, бунинг устига отамникидаман. Қачонгача кекса ота-онамнинг нафақа пулига кўз тикиб яшайман, деб қизимни онамга топшириб шаҳарга иш излаб келдим. Аммо иш топиш ҳам осон бўлмади. Менга ўхшаган қўлида касби, маълумоти бўлмаган бир танишим каттагина ошхонада официантлик қилар эди. У билан учрашиб, мақсадимни айтдим. Хуллас, унинг кўмаги билан бир ёлғиз кампирникида ижарада яшаб, шаҳардаги ошхоналардан бирида официантлик қила бошладим. Бу касбнинг нонини ейиш ҳам осон эмас экан. Ҳар хил одам бор, имкон қадар ҳаммага яхши гапиришга, чиройли хизмат қилишга мажбурсиз.

Ҳафтада бир марта уйимга бораман, фарзандимдан хабар оламан, топган-тутганимни онамга бериб келаман. Хуллас, маблағ жамғариб, рўзғоримни яхшилаб олсам, қизимни бировга муҳтож қилмай улғайтирсам, деб ҳаракат қиляпман. Менга бундан бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Янги йил арафасида ошхоналарда иш қизғин ўтади. Тушум ҳам яхши бўлади. Қизим қишки таътилга чиққани учун уни янги йил арафасида ўзим билан олиб келган эдим. Бироз ёнимда бўлсин, қолаверса, таътилда шаҳарда ўйнаб кетади дегандим. Янги йилдан бир неча кун аввал, ошхонага беш-олтита катта ёшдаги мижозлар келишди, бошлиғимизнинг танишлари экан. Мени чақириб буюртмалар беришди. Улар айтган буюртмаларни олиб келиб, чиройли хизмат қилдим. Ейишди, ичкилик ичишди. Бир пайт улар мени чақиришди, олдиларига бориб нима камчилик бор деб, бўшаган идишларни йиғиштириб олдим. Шунда улардан бири 50-60 ёшлар чамасидаги киши йўлимни тўсиб олди ва уялмай-нетмай:

- Ҳозир биз билан бирга кетасан, бир жойга борамиз, деб туриб олди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин ўйларимни йиғиштириб олдим, билдимки, мени беҳаё қизлардан деб ўйларди.

- Кечирасиз, тоға, мен ишдаман. Ишимни ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман. Сиз мени бошқача қиз деб ўйламанг дегандим, ҳалиги киши енгимдан ушлаб олиб, "кетасан", "кетасан" деб бақириб қолди.

Шовқини эшитиб, мен билан бирга ошхонага келган қизим биз томонга кела бошлади.

- Қўйворинг мени, қизим келяпти, бошқача ўйламасин, кап-катта одам экансиз, уялмайсизми?- дегандим, Худодан қўрқмаган бетовфиқ киши экан. Тап тортмай:

- Ҳозир мен айтганим бўлади, - деб ўдағайлаб мени туртиб юборганди, қўлимдаги патнис тушиб кетиб, идишлар синди.

Шунча ҳақорат камдай ошхона иш юритувчиси синган идишларни менинг бўйнимга юклаб қўйди. Шу воқеа сабаб бир неча кунлик маошимни бермай, мени ишдан бўшатиб юборди. Хуллас, байрамда қизимни бир яйрасин деб шаҳарга олиб келиб, унинг ёнида хижолатда қолдим. Байрам ҳам татимади.

Орамизда шундай ноинсоф эркаклар ҳам бор экан. Ҳали дунёда аччиқ таъм, қора ранг борлигини билиб улгурмаган қизалоғимнинг кўз олдида мени таҳқирлашди. Одамлар шунчалик диёнатдан узоқлашиб кетган, деб ўйламаган эканман. Мен тирикчилик важидан шу ерларда ишлаб юрибман. Бошимда эрим йўқ, ота-онамникидаман... Бунинг устига ака-укаларимга оғирим тушмасин, дейман. Ҳозир ҳеч ким ўзидан ортинолмайдиган замон бўлса. Куч-қувватим бор, жигарларимга оғирлигимни туширмай, қўлимдан келганча рўзғоримни яхшилашга, ўзим билан боламни эплай деган ўй билан мусофирчилик жафоларини тортиб юрибман. Айрим инсофсизлар эса официант аёлларни фоҳиша билан адаштиради, шекилли? Ундайларга ҳам Худонинг атагани бордир..."

* * *

Мактубни ўқиб, аёлнинг аҳволига ачиндик. Шу ўринда мулоҳаза қилиб кўрсак, чиндан ҳам орамизда официантларга бошқача назар билан қарайдиганлар йўқ эмас. Нима учун шундай, сабаблари нимада? Ушбу мактуб баҳона, айрим юртдошларимиз билан мавзу доирасида суҳбатда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Муҳаррамхон опа, тадбиркор:

- Официант қиз-аёлларга нисбатан ёмон муносабатда бўладиган, уларни бузуқ деб ўйлайдиганлар анчагина. Одамларнинг шундай ўйлашига айрим ахлоқсиз офицант қиз-аёлларнинг ошхоналарда пулдор, бойвачча эркакларга кўз сузишлари сабабдир балки. Лекин ошхоналарда хизмат қиладиганларнинг ҳаммаси ҳам шундай, деган фикр нодонлик, калтафахмликдан бошқа нарса эмас. Фаҳш ишлар, бузуқлик касб танламайди. Бу синглимизни ранжитган эркакларни эса инсонийлик қиёфасини йўқотган махлуқлар деб атаса, тўғри бўлади.

Замирахон опа, маҳалла маслаҳатчиси:

- Донишмандлар: "Инсон ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим" деб бежизга айтишмаган. Мактуб эгасига йўлиққан кишилар ҳаётда яшаб, ҳаёт мазмунини англамаган, ёшлари бир жойга борган бўлса-да, ҳаётдан ибрат олмаган кишилар экан. Афсуски, орамизда эркакман деб юрган ана шундай кимсалар ҳам учраб туради. Мен унақа имонсизлардан ҳазар қиламан. Ундайлар қизи, невараси тенги аёлларга ғараз ниятда бўлгани учун кун келиб, албатта, жазосини олади. Худонинг уриб қўйганини билмай қоладилар.

Шаҳло, талаба:

- Ҳар хил одам борда. Официант қиз-аёлар орасида андишали, меҳнатлари билан тирикчилик ўтказиб юрганлар жуда кўп. Лекин одамлар ўйлаганидек беҳаёлари ҳам йўқ эмас. Ўтган йили ижара турган уйимизга пули енгил бўлади, деб бир дугонамнинг официант танишини киритгандик. Бозор яқинидаги ошхонада ишлар эди. Вақт ўтиб официант хонадошимизнинг бир неча оилали эркаклар билан "ошиқ-маъшуқ"лигини билдик. Бунинг устига официант қиз шунчалик сурбет, юзи қаттиқ эканки, уруш-жанжаллар билан уйдан аранг ҳайдаб чиқардик. Ўша танишини олиб келган дугонам ҳам қизлар орасида хижолатда қолди. Умуман олганда, одамларда официант қиз-аёллар ҳақида салбий тасаввурларнинг пайдо бўлишига менимча, уларнинг ўзлари, айниқса, мен айтиб ўтганимдайлар сабаб бўлмоқда.

Назокатхон ая, маҳалла отинойиси:

- Тирикчиликнинг, ошхонадами, корхонадами, меҳнат қилишнинг айби йўқ. Фақат қаерда бўлмасин, аёл тўғри, ҳалол-пок бўлиши керак, энг асосийси, оиласи, яқинларининг шаънини унутмасин. Енгил-елпи пул топаман деб яқинларининг юзини ерга қаратиб қўймасин. Шундагина аёл ҳурмат топади, Аллоҳ ҳам ризқини улуғ қилади.

Барчага, айниқса, официант бўлиб хизмат қилаётган сингилларимизга инсоф, имон, диёнат ҳамиша ҳамроҳ бўлишини жуда-жуда истар эдим.

* * *

Ҳа, официантлар ҳақида гап кетганда кўриб турганимиздек, фикрлар хилма-хил. Кимдир улар ҳақида илиқ гап айтса, яна кимдир уларни қоралайди. Нима бўлганда ҳам улар шароит тақазоси билан ана шу юмушни бажараётган синглимиз, тенгдошимиз, опамиз эканлигини унутмайлик. Назаримда уларнинг жамиятда қандай ўрин тутиши, ҳурмат топиши кўп жиҳатдан ўзларига, ўзларининг юриш-туришларига боғлиқ. Бу борада сиз азиз, муштарийларнинг фикри қандай? Бу ҳақдаги мактубларингизни кутиб қоламиз.

Умида АДИЗОВА.

* * *

Таҳририятдан: газетамизнинг келгуси сонларида официантларнинг иш тартиби, даромади, уларнинг муомала одоби, иш берувчилар билан меҳнат муносабатлари қай тарзда шаклланганлиги ҳақидаги мақола билан танишасиз.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди