№7, 13.02.2014 "СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"
Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.
ВИЛОЯТИМИЗНИНГ СУВ МАНБААЛАРИ
АРАВОНСОЙ
Аравонсой Қирғизистондаги Олой тоғ тизмаларининг жануби-шарқий қисмида жойлашган довонлардаги қорларнинг эришидан ва ёмғирлар ҳисобига юзага келадиган сувли ирмоқларининг Абширсойга қўшилишидан бошланиб, Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Кулла қишлоғининг пастроғида Шаҳрихонсойга қўшилиб кетади. Аравонсойнинг умумий узунлиги 102,0 км. бўлиб, шундан 87,9 км. қисми Қирғизистон ҳудудидан, қолган 14,1 километр қисми эса Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтади.
Аравонсой дарёсининг максимал сув сатҳи ўта серсув йиллари секундига 180-200 кубометргача етгани кузатилган. Кўп йиллик кузатишларга кўра, Аравонсойда ҳам Оқбўрасой каби ёз фаслининг охирларида сув кам, баҳор ойларида эса дарё серсув бўлади. Аравонсой дарёси, асосан, Қирғизистон Республикаси ҳудудида 21,0 минг гектар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Жанубий Фарғона каналининг юқори қисмида жойлашган 3,2 минг гектар майдонни сув билан таъминлаш, сел сувларини ўтказиш ва коллекторлик вазифасини бажаради. Ўзбекис-тонда дарёнинг қуйи қисми оқиб ўтади ва у Оқбўра-Савай ирригация тизимига кирган ариқ ва каналлар орқали 3,2 минг гектар экин майдони сув билан таъминланади.
Аравонсой дарёсининг юқори қисми, яъни Абширсойнинг қуйилиш жойида 1968 йили Найман сув омбори қурилган. Сув омборининг умумий сув ҳажми 40 млн. кубометр бўлиб, унинг тўғони тупроқли, тўғон баландлиги эса 40 метр, унинг тонелидан чиқаётган сув сарфи секундига 15,2 кубометрга мўлжалланган. Ушбу сув омбори Туямўйин массивидаги ерларни, Ўш вилоятининг Норин, Аравон, туманлари, Ўзбекистоннинг Булоқбоши, Марҳамат туманларидаги ушбу дарёга яқин майдонларни сув таъминотини яхшилаш мақсадида қурилган. Аравонсой дарёси ўзанига ҳам бир нечта йирик гидроиншоотлар қурилган. Дарёнинг Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасида ўнг қирғоғига Ширмонбулоқ массивидаги 524 гектар майдонни сув билан таъминловчи Азимбой канали қурилган. Бундан ташқари, Жанубий Фарғона магистраль канали ҳам ушбу дарёга қурилган ёрдамчи иншоот орқали ўнг қирғоғидан чап қирғоғига оқиб ўтади. Яъни, дарёнинг чап қирғоғига вилоятимизнинг Марҳамат туманидаги 2700 гектар майдонни сув билан таъминловчи Тошорол, Букри каналлари қурилган.
Аравонсойдан сув олувчи Азимбой каналининг бош қисми Қирғизистон Республикаси ҳудудида қолиб кетганлиги Булоқбоши туманининг айрим ҳудудларида сув таъминотида қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Айни пайтда ана шу муаммони ижобий ҳал этиш мақсадида Жанубий Фарғона магистраль каналидан сув олувчи "Ширмонбулоқ" насос станцияси реконтрукция қилинмоқда. Мазкур тадбирни амалга ошириш билан 1000 гектарга яқин майдонда сув таъминотини яхшилаш кўзда тутилган. "Ширмонбулоқ" насос станциясини реконтрукция қилиш тадбири учун Республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг капитал қурилиш маблағлари ҳисобидан 2 млрд. 370 млн. сўм маблағ ажратилди.
Дарёнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, дарё қирғоқлари харсанг тошлар билан мустаҳкамланган, тол ва терак дарахтлари экилган. Аравонсойнинг чуқурлиги 10-15 метр, кенглиги 25-40 метрни ташкил этар эди. Лекин сўнгги вақтларда инсонларнинг Аравонсой дарёси хавфсизлигига хавф солувчи хатти-ҳаракатлари туфайли муаммолар юзага келмоқда. Дарёнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш учун тўкилган харсангош ва шағаллар ташиб кетилаётганлиги вақти келиб, кўнгилсиз оқибатларни юзага келтириши мумкин. Шунга қарамай, юқоридаги каби ҳолатларга тўла барҳам берилмаяпти. Бундай нохушликларнинг олдини олишда соҳа мутахассисларига кенг жамоатчилик яқиндан ёрдам бериши мақсадга мувофиқдир.
Авазбек АХУНОВ,
Шаҳрихонсой ирригация тизими бошқармасининг Булоқбоши тумани бош мутахассиси.
МУТАХАССИС МИНБАРИ
СИМОБНИНГ ЗАҲАРЛИ ЭКАНИНИ БИЛАСИЗМИ?
ЁҲУД ТАРКИБИДА СИМОБ БЎЛГАН ЛЮМИНИЦЕНТ
ЛАМПАЛАРДАН ЭҲТИЁТКОРЛИК БИЛАН ФОЙДАЛАНАЙЛИК.
Симоб ҳақида кўп эшитганмиз, у ноёб кимёвий моддалардан бири ҳисобланиб, ундан турли йўналишларда фойдаланилишини ҳам биламиз. Бироқ унинг табиат, инсон ва ҳайвон организмига таъсири биринчи даражали заҳарли моддалар гуруҳига киришини кўпчилик билмаса керак.
Олимларнинг таъкидлашларича, симоб сув, тупроқ ва ҳавони заҳарлайди. Шунингдек, инсоннинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади, жигар, ошқозон, буйрак фаолиятинининг бузилишига олиб келади. Шу боис ҳам таркибида симоб бўлган буюмлардан фойдаланганда хушёрликни унутмаслигимиз лозим.
Ана шундай буюмлардан бири люминицент лампалардир. Бугун кундан-кунга оммавий тарзда фойдаланилиб бораётган люминицент лампаларнинг таркибида ҳам оғирлигига нисбатан 0,02 фоиз миқдоридаги симоб мавжуд. Маълумки, ушбу лампалар ёруғлиги ва электр энергиясини кам сарфлаши билан барчага бирдек маъқул бўлмоқда. Аммо табиийки, бу лампалар муайян вақт давомида хизмат муддатни ўтаб, яроқсиз ҳолга келади. Ишдан чиққан ана шундай лампаларни умуман ташлаб юбормаслигимиз керак. Чунки бир дона синган люминицент лампанинг буғлари концентарциясидан қисқа вақт ичида ўткир заҳарланиш хуружи 20 баробарга ортади. Унинг буғлари қатор металлар ва органик моддалар билан қўшилиб, масалан, мис билан реакцияга киришиши натижасида инсон организмига, умуман, тирик мавжудотга кучли салбий таъсир кўрсатади.
Агар хона ичида люминацент лампа синиб қоладиган бўлса, хонани шамоллатиш билангина симоб буғлари чиқиб кетмайди. Чунки у бошқа буюмларга тез сингади ва узоқ вақт давомида буғланиб туради. Бу хонага махсус ишлов бериб, "димеркуризация" қилишни, яъни нейтраллаштиришни тақазо этади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир вақтнинг ичида минг дона люминацент лампа синса, битта катта шаҳар ҳудудининг 75 фоизини уч қаватли бино баландлигида заҳар қоплар экан.
Афсуски, айрим инсонларнинг эътиборсизлиги, масаланинг моҳиятини тушуниб етмаслиги, бунинг оғир оқибатларини англамаётганлиги туфайли бу каби лампаларни чиқиндиларга қўшиб юбориш ёки болаларнинг қўлига бериб қўйиш ҳоллари кузатилмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан таркибида симоб моддаси бўлган лампа ва бошқа асбоб ҳамда жиҳозлардан фойдаланиш ва уларни зарарсизлантириш фаолиятларни тартибга солиш бўйича махсус қарор қабул қилинган. Қарорда корхона, ташкилот, муассаса ва хўжаликлар фаолиятларида таркибида симоб бўлган ёритгичларни қатъий ҳисобга олишлари, яроқсиз ҳолга келганларини тегишли тартибда зарарсизлантириш учун масъул идораларга топширишлари ва яроқсиз лампалар махсус технология асосида қайта ишланиши кўзда тутилган.
Шу ўринда табиатга, соғлигимизга жиддий таъсир этиши мумкин бўлган таркибида ўта зарарли симоб моддаси мавжуд яроқсиз ҳолга келган лампаларни нафақат корхона,ташкилотларда, балки, маҳаллаларда ҳам тўплаш, уларни қайта ишлайдиган, тегишли жойларга олиб бориб топширишни қатъий йўлга қўйиш керак. Шундагина биз келиб чиқиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.
Бу каби ишларни қатъий ва изчил олиб боришга ҳар бир фуқаро масъул, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини асло унутмайлик. Бу билан, энг аввало, она табиатни, қолаверса, ўз соғлигимизни асраган бўламиз.
Бахтигул НАЗИРҚУЛОВА,
Андижон вилояти табиатни
муҳофаза қилиш қўмитаси
инспектори.
Жасур ОТАБОЕВ,
Улуғнор тумани табиатни
муҳофаза қилиш инспекцияси инспектори.
|