Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№7, 13.02.2014

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топғусидир...

З. М. БОБУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 531 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

БОБУР РУБОИЙЛАРИДА ВАТАН СОҒИНЧИ

Моҳир саркарда, давлат арбоби, олим ва шоир З. М. Бобур ўзбек шеърияти хазинасини гўзал лирик асарлари билан бойитган истеъдодли ижодкордир. Шоирнинг асарлари гўзал ижод маҳсули сифатида асрлар оша кўп авлодларга манзур бўлиб келмоқда. Унинг шеърлари девон тарзида жамланган. Бобурнинг шеърий тўпламидан лирик турнинг ранг-баранг жанрларида ёзилган асарлари ғазал, қитъа, рубоий, туюқ, маснавий ва фардлар жой олган.

З. М. Бобур ўзбек адабиёти тарихида моҳир рубоийнавис шоир сифатида эътироф этилади. У мазкур жанрдан самарали ижод қилган. Хусусан, унинг рубоийлари у қадар кўп бўлмаса-да, ўзбек рубоийчилигида алоҳида ўринга эга. Унинг кўпгина рубоийлари ўқувчида сарсон-саргардон кечган ҳаётининг иқрорномаларидек таассурот қолдиради.

Мовароуннахрда йирик бир давлат барпо қилиш умиди барбод бўлган Бобур ўз она юртини қолдириб, диёридан узоқда яшайди. Ўз шеърларида ватанига бўлган муҳаббатни куйлайди. Бегона юртларда орзусига эришган, ғурбат унга буюк империяни ҳадя қилган бўлсағда, у она юртини қўмсайди. Бобур ватанини севган инсоннинг руҳий кечинмалари - изтироб ва ўкинчларини гўзал ва таъсирчан сатрлар орқали тасвирлайди:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ

бўлди,

Ҳар ишники айладим

хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб , Ҳинд сори

юзландим,

Ёраб, нетайин, не юз

қаролиғ бўлди.

Шоир бу рубоийсида толеъсизлик билан чиқиша олмаслигини ифодаламоқда. Алам билан Афғонистонни, Ҳиндистонни забт этади, бироқ бундан кўнгли таскин топмайди. Ҳеч бир юрт унинг учун ўз она юртидек татимайди. Аксинча, "Ҳинд сори" боришни "хатолиғ" , "юз қаролиғ" ҳисоблайди. Бобур рубоийларининг муҳим хусусиятларидан бири тилининг соддалигидир.

Бобурнинг "Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур", "Беқайдмену хароби сийм эрмасмен" каби рубоийлари ҳам хасбихол характерда бўлиб, улар афғон юртида, ҳинд элида туғилган еридан узоқдаги шоирнинг Ватан соғинчи, юртга талпинишларини ифода этади:

Беқайдменғу хароби сийм

эрмасмен,

Ҳам мол йиғиштирур лаим

эрмасмен.

Қобулда иқомат қилди

Бобур, дерсиз,

Андоқ демангизки,

муқим эрмасмен.

Ушбу рубоийда Бобурнинг шахс сифатидаги маънавий фазилатлари, шоҳ сифатида ҳимматининг баландлиги ҳамда Ватанга қайтиш орзуси ва бу орзуга етишишга ишончи содда ва самимий тарзда акс этган. "Бекайд" бирор ер ёки нарсага боғлиқ бўлмаслик, шу каби нарсалардан озод бўлишликдадир.

Бобур рубоийларининг кўпчилиги Ватан ҳақида. Улар Ватандан жудолик азоби, унга етишолмаслик изтиробларини ифодалайди. Шоир буларнинг ҳаммасини тақдирдан деб билади:

Ёд этмас эмиш кишини

меҳнатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни

ғурбатда киши.

Кўнглум бу ғарибликда шод

ўлмади ҳеч,

Ғурбатда севинмас эмиш,

албатта киши.

"Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши" мисраси орқали шоир ватандан узоқдаги кишини биров йўқламас, ёдламас экан, демоқда. Бобур мамалакат подшоҳи бўла туриб, ўзини ғариб сезади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур серқирра истеъдод соҳиби бўлса-да, халқ тасаввурида, энг аввало, шоир сифатида қолди. Унинг лирик асарлари асрлар оша халқнинг маънавий эҳтиёжларини тўлдириб келмоқда. Бобур лирикасининг яшовчанлик сири, халқ ардоғида бўлиш сабаби шундаки, унда ҳаётни севиш, халқпарварлик, эзгулик ва адолат, инсоний севгини улуғлаш, илмга даъват сингари умуминсоний туйғуларнинг куйланиши билан бирга, уларнинг юксак шеърий санъатлар воситасида, усталик билан моҳирона ифодаланишидир. Унинг шоҳ байтларида шарқ адабиётига хос бўлган шеърий санъатғлардан моҳирона фойдаланиш, айрим ашъорларни эса маълум шеърий санъат асосига қуриши уларни бугунги кунда ҳам халқ ардоғида бўлишини таъминламоқда.

Бобурнинг лирик мероси асрлар оша халқимиз томонидан эъзозланаётган экан, демак, унга, унинг гўзал асарларига ўлим йўқдир. Бобур ўзбек адабиёти осмонидаги ёрқин юлдузлардан бири эканлиги эса биз андижонлик ёшлар қалбига чексиз ифтихор туйғусини бахш этади.

Назира СЎФИХЎЖАЕВА,

Андижон давлат университети II босқич магистри.

СОЧИНИНГ САВДОСИ ТУШТИ...

З. М. Бобур ғазалига мухаммас

Тушди бошга не савдолар яхши йўлдошдин яна,

Бўлмасди асло мурувват ушбу сирдошдин яна,

Кўзларим ҳам нола чекди тинмаган ёшдин яна,

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,

Тийра бўлди рўзиғорим ул қаро қошдин яна!

Ёшлигим қурсин, нетайки, меҳрибон эрдим, вале,

Покиза виждон биланки, унга гул тердим, вале,

Терганим гуллар биланким, қалбига кирдим, вале,

Мен худ ул тифли паривашға кўнгил бердим, вале,

Хонумоним ногиҳон бузулмағай бошдин яна!..

Ғунча лабларда заҳарни кўрдинг, ўлдинг, эй, кўнгул,

Ичга ютдинг дардларингни, ғамга тўлдинг, эй, кўнгул,

Илдизи йўқ тоза гулдек энди сўлдинг, эй, кўнгул,

Юз ёмонлиғ кўриб ондин телба бўлдинг, эй, кўнгул,

Яхшилиғни кўз тутарсен ул паривашдин яна!..

Ғам ютардим кечаларда кетмаса кўздин нари,

Дерди кўнглум: "Сен учун у бахти иқбол сарвари!"

Сўнгра билдим шул эканку ваъдабозлар раҳбари.

Тош урар атфол мени, уйида фориғ ул пари.

Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна!..

Ёш эканман, эй, Раҳимий, савғалар бердим, нетай,

Хуш такаллуф бирла олса, кўксими кердим, нетай,

Билганимда, бу азоблар ноўрин, дердим, нетай,

Оёғим етганча Бобурдек кетар эрдим, нетай,

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна!..

Олимжон РАҲИМОВ, Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди