№7, 13.02.2014 ТИЛ БИЛИШ ҲАМ ФАЗИЛАТ
Ривоятда келибдурки, вақтики Одам Аммо ва Момо Ҳавонинг фарзандлари кўпайиб, ер юзи алар билан тўлди. Ўша пайтларда Ҳазрати Жаброил Аллоҳнинг фармони билан келиб, Ҳазрати Одамга шариат, илму ҳикматдан таълим бериб, етмиш икки қисм тил ўргатдилар.
Ҳазрати Одам буларни фарзандларига билдирдилар. Уларнинг ҳар қайсиси бўлак тоифа бўлди. Турли миллатлар ҳосил бўлди. Бирининг тилини бошқаси билмади ва ўшандан буён тил билишга эҳтиёж сезилди.
Тил билиш ҳам бир санъат, у орқали эътибор қозониш ва олқишга сазовор бўлиш мумкинлиги ҳақида Ҳазрати Юсуф қиссасида шундай баён қилинади:
Ҳазрати Юсуф туҳмат билан зиндонга тушадилар. Миср шоҳи кўрган туши сабаб у кишини зиндондан халос қилади. Шоҳ билимли ва кўп тилни билур эди. У Ҳазрати Юсуфдан қайси тилда савол сўраса, ўша тилда жавоб бердилар. Бундан халқ ҳайратга тушди.
Яна ўша қиссада баён қилинишича, Ҳазрати Юсуф ўғлини акаларининг олдига жўнатадилар. Ўғли амакиларининг олдига келиб, ибрий тилда салом беради. Амакиси бу тилни кимдан ўрганганлигини сўраганида: "Отам Юсуф бинни Яъқубдан ўргандим", - деб жавоб беради.
Инсонлар илмни эгаллаб олишлари, унинг маъносини чуқур тушунишлари керак. Чунки илм охиратга олиб борадиган энг катта совғадир. Бу дунёда эса, билимли бўлмасдан яшаш қийиндир.
Ҳикоятда келибдурки, бир одам араб тилини ўрганишни ҳавас қилиб, саводли дўстларининг биридан қизил лавҳа устига бир неча арабча сўзни ёзиб беришини илтимос қилибди. Дўсти унинг илтимосини бажарибди. У одам лавҳани уйининг тўрига илиб қўйибди. Унга ҳар замонда бир қараб: "Ниҳоят энди билиб олдим", - деган фикрга келибди. Бир кун кўпчилик ўтиришганда арабча сўзламоқчи бўлиб кулгуга қолибди. Ўтирганлардан бири унинг хатосини юзига солганда, у ғазабланиб: "Мендан хато топа олмайсизлар, лавҳада шундай ёзилган", - дея жавоб берган экан.
"Билимли бўлиш ҳар нарсадан олдин инсонга ўз ҳурматини оширмоқ ва иззатини сақламоқ учун керакдир. Илм бошқаларга ўргатиш учунгина қўлга киритилса, одам ундан бирор фойда кўрмаса, у сувидан ҳамма фойдаланадиган, лекин бундан ўзи бебаҳра бўлган булоққа ўхшайди. Ўргатиш бир масъулият, лекин ўрганиш ва ўргангандан сўнг унга амал қилиш унданда аҳамиятлидир. Билимли бўлиб унга амал қилмаганлар, била туриб таҳликали йўлдан қайтмаган ва йўлда қароқчиларга учраб, бор йўғидан ажралган одамларга ўхшайдилар ёки ўзига ёқмайдиган овқатнинг зарарли эканлигини била туриб, ундан бош тортмайдиган, натижада ҳалок бўладиган касал одамга ўхшайдилар" - дебдурлар.
Шунинг учун бирор ишни ёки бирор тилни ўрганишдан аввал, кучи ва қобилиятига таяниб, ўша ишга жазм қилмоғи керак бўлади.
Буюк шоир Жалолиддин Румийда ҳам ана шундай иқтидор бор эканлиги қуйидаги лавҳада акс этган: "Ўша баҳор Жалолиддин Ларенде қурувчилари тилини ўрганишга жазм этди. Бу истак жаҳолатга нафрат туфайлими ёки маҳоратга эҳтиром важҳидан ўзи ҳам билмасди.
Ёшлигидан унинг табиатида бир хислат кўзга чалинарди: ўйлаб бир нарсага киришдими, бас, охирига етказади. Бир йилдан сўнг у бемалол юнон тилида гаплашадиган бўлди. Кейинчалик у Афлотун асарларини аслиятда ўқиб чиқди. Кунё яқинидаги провослов мутаваллийси билан узундан-узоқ суҳбатлар қуриб, баҳси мунозара қилди. Хатто юнон тилида шеърлар ҳам битди".
Лекин инсон қобилияти ва кучи етмаслигига кўзи етса, бу ишдан воз кечгани маъқул. Акс ҳолда меҳнати зое бўлади.
Бир ҳикоятда: бир зоҳиднинг уйига мусофир киши меҳмон бўлди. Зоҳид ўткир нотиқ эди. Арабий тилини яхши биларди. Унинг бу тилда жуда чиройли сўзлаши меҳмонга ёқди. Меҳмон бу тилни билмаса-да кўпинча: "шу тилда сўзланг" - деб зоҳиддан илтимос қилар эди. Зоҳид ҳам бажонидил у айтган тилда гапирар эди. Охири меҳмон шу тилни ўрганиб олишни орзу қилиб қолди.
Бир куни у зоҳидга: "Ёмон кўздан асрасин, жуда чиройли гапирасиз мен шу вақтгача бундай фасоҳатли бир сўз, бундай балоғатли бир жумла эшитмаган эдим. Сиздан илтимос қиламан, менга шу тилни ўргатсангиз" - деди. Зоҳид унга дебди: "Бизнинг тилимизни ўрганишни истаганингиз учун фахрланаман, агар қарорингиз қатъий бўлса, мен меҳнатимни аямайман".
Дарҳақиқат киши, аввало, ўз она тилини яхши билмоғи зарур. Ўз тилини яхши билмай туриб, ўзга миллатлар тилини ўрганишга жазм қилиш ақлли одамлар иши эмасдир. Фойда сўзларни ёдлашда эмас, балки уни тушуна билишдадир.
Лолахон Тожимирза хожи қизи.
|