№7, 13.02.2014 БИЗНИНГ СУҲБАТ
Шаробиддин БОЛТАБОЕВ:
МУҲАММАД ЮСУФГА ШОГИРД БЎЛАМАН ДЕБ ПОЙТАХТГА БОРГАНМАН
Андижон замини кўплаб истеъдодли, эл суйган санъаткору шоирларга бешик бўлган юрт. Жумладан, ўз шеърияти, қўшиқбоп шеърлари билан юртдошларимизга яхши таниш бўлган шоир Шаробиддин Болтабоев ҳам шу заминда вояга етган. Айни кунга қадар унинг "Анжанча", "Райҳон" номли шеърий тўпламлари ўқувчилар қўлига етиб борган. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган. Қуйида шоир билан унинг ижоди ва бошқа қатор мавзуларда бўлган суҳбатни Сиз азиз газетхонлар ҳукмига хавола этамиз.
- Ижодга, шеъриятга қизиқиш Сизда қандай шаклланган, бу борада кимнинг таъсири кучлироқ бўлган?
- Мен Қўрғонтепанинг сўлим Дардоқ қишлоғида туғилиб, вояга етганман. Маълумки, дардоқликлар азал-азалдан ижод аҳлига ўзгача ҳурмат билан қараган, тўйу турли тадбирлари аския, ҳазил-мутойибасиз ўтмаган. Ижодга ошуфталик аксарият ҳамқишлоқларимнинг қон-қонига сингиб кетган, бу жиҳат уларнинг характерларида, гап-сўзларида акс этиб туради, десам асло муболаға бўлмайди.
Жумладан, раҳматли онажоним Санобархон ҳам кўп билимли аёл бўлган. Ўз даврининг мулоҳазали кишиси бўлган бобом Мулла Болтабой ҳофиз келини бўлмиш онамни "дипломи йўқ олима қизим", деганларини кўп эшитганман. Ҳақиқатдан ҳам онам жуда кўп алла, халқ оғзаки ижоди намуналари, эртакларини яхши билар эдики, биз фарзандларига уларни сўзлаб бериши билан менинг қалбимда ижодга бўлган илк иштиёқ уйғонган.
Мактабда ўқиб юрган пайтларимда ўтказиладиган тадбирларда фаол қатнашардим, шеърлар ёзардим. Шеърларимни адабиёт ўқитувчимиз Лолахон опа Тошбоева кўриб, ўз маслаҳатларини берарди. Биринчи шеърим ўша йиллари туманимизнинг "Юқори ҳосил" (ҳозирги "Қўрғонтепа ҳақиқати") газетасида чоп этилган. Шу тариқа ижод йўлига кирганман.
Ижодкор бўлиб шаклланишимда эса элимизнинг ардоқли шоири, устозим марҳум Муҳаммад Юсуф, унинг ижоди муҳим аҳамият касб этган.
- Ижодкор бўлиш учун истеъдоднинг ўзи етарлими ёки у албатта, ўқиб, ўрганиши, зарур билимларга эга бўлиши керакми?
- Яхши ижодкор бўлиш учун истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Нафақат ижод соҳаси, балки ҳар қандай соҳа вакили етук мутахассис бўлиши учун албатта, тегишли соҳада билим олиши, ўқиб, ўрганишдан асло тўхтамаслиги лозим. Бадиий ижод соҳаси ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Қолаверса, "ижоднинг 99 фоизи меҳнат" деб бежиз айтилмаган. Муайян билимларга, кенг дунёқарашга, малака ва тажрибага эга ижодкор яратган асарлар пишиқ-пухталиги билан ажралиб туради, ёзганлари савияли, элга манзур бўлади.
- Ватан, юрт соғинчи, Ватанга муҳаббат деган тушунчаларни сиз қандай тасаввур қиласиз?
- Мен еттинчи синфгача қишлоғимиздаги ўрта мактабда ўқидим, сўнг Тошкентдаги республика ёш физиклар ва математиклар мактаб-интернатига кириш учун имтиҳон топширдим. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, нуфузли билим даргоҳи ўқувчисига айландим. Бироқ 3 йил пойтахтда ўқиб, онамни, яқинларимни, туғилиб ўсган қишлоғимни соғиниб, ўша йилларни қандайдир руҳий тушкунлик билан ўтказганман. Чунки онам билан жуда яқин сирдош эдим. Биз бир-биримизни кўз қарашимиздан тушунар эдик. Ўзимни қанчалик овутишга ҳаракат қилмай, соғинч қалбимни ўртарди.
1984 йилда Фарғона политехника институтига ўқишга кирдим. Биринчи курсни тамомлаб, ҳарбий хизматга кетдим. Ҳарбий хизмат давомида, узоқ Беларуссия ўрмонларида Ватан, юрт соғинчини кучлироқ ҳис этдим. Ана шу соғинч назаримда мени ижодга янада чуқурроқ олиб кирди.
Бир куни бошқа аскарлар қатори мен ҳам уйимдан "посилка" олдим. Очиб кўрсам, ёнғоқ, писта, бодом, ўрик қоқи, новвот сингари егуликлар билан тўла экан. Бир-бирига аралашиб кетмасин деб, онам уларни ҳар бирини алоҳида бўз халтачаларга жойлабди. Ёнғоқни яхши кўрганим учун энг катта халтада ёнғоқ бор эди. Юртимдан келган неъматларни хизматдошларимга улаша бошладим. Бир вақт ёнғоқ солинган халтачадан тухумдан каттароқ тош чиқди. Уни қўлимга олдиму кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Наҳотки, онам бечора болам қийналмасин, катта ўрмондан ёнғоқ чақишга тош топа олармикан, деган ўй билан юборган ўша тошда онамнинг меҳрини туйдим.
Яна билдимки, ҳаётдаги энг яқин инсонингиз, бор меҳру муҳаббатини Сизга бера оладиган, ҳаётининг ҳар лаҳзасида сизни ўйлаб яшайдиган зот она бўларкан. Шу воқеадан сўнг ўзимни янада улғайгандек, ҳаёт фалсафасини теранроқ англагандек ҳис қилдим. Онам юборган тош мен учун қадрли буюмга айланди, уни йўқотиб қўйишдан қўрқардим. Чунки бу тошда онамнинг, уйимнинг, маҳалламнинг, Ватанимнинг ҳиди келарди.
Англаганим шу бўлдики, инсонга она ва Ватандан азиз ва қадрли нарса бўлмас экан. Афсуски, Ватан қадрига етмаётган, онасини хор-зорликка ташлаб қўйган инсонлар ҳақида эшитсам, улардан нафратланаман.
Ватанга муҳаббат шунчаки оддий нарса эмас. Инсон Ватанини ич-ичидан, қалб қўри ва самимият билан севиши, ардоқлаши керак.
- Ижоддаги устозларингиз ҳақида тўхталсангиз?
- Озми-кўпми ижодим билан халқимга хизмат қилаётганимдан беҳад хурсандман. Менинг ижодга киришимда юқорида айтганимдай онам, адабиёт муаллимим илк йўлланмани берган бўлса, яна кўплаб устозлардан сабоқ олдим, уларнинг маслаҳат ва тавсиялари менга маёқ бўлган. Лекин айтишим керакки, устоз Муҳаммад Юсуф, унинг бетакрор ижоди ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган. Унинг ижодига қизиқишим, ҳурматим ўзгача эди.
Фарғона политехника институтининг тўртинчи курсини битириш арафасида Тошкендаги Санъат саройида Муҳаммад Юсуф билан бўлган учрашувга бордим. У ерда шоир билан гаплашиб, мени шогирдликка олишини сўраганимда, у киши: "Аввал олийгоҳни тамомлаб, дипломни қўлингга ол, шоир бўлиш қочиб кетмайди", деган эдилар.
Лекин барибир Фарғонада институтни тугатиш насиб этмаган экан. Кейинги йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирдим. Университетни тугатгунча ва яна кейин ҳам кўп йиллар устознинг ёнларида юриш, у кишидан ижод борасида, қолаверса, инсонийликнинг қатор жиҳатлари ҳақида кўп нарсаларни ўрганиш менга насиб этди.
- Бугунги ўзбек аёллари ҳақидаги фикрларингиз?
- Аёл - она, опа-сингил, севимли ёр. Том маънода у миллат- давомчисидир. Қолаверса, опа-сингилларимизни меҳр-оқибат тимсоли, дегим келади. Чунки, опаларим Зулфияхон (марҳума), Ойдинхон, Ҳавохон ва Гулсорахонларнинг муносабатларида қариндош-уруғлик ришталар, меҳр-оқибат қанчалик мустаҳкамланиб бораётганини кўраман. Ишонаманки, барча ўзбек оилаларида ана шундай гўзал анъаналар шаклланган.
Мухтасар қилиб айтганда, ўзбек аёллари барча замонлару даврларда ўзининг ақл-заковати, ибо-ҳаёси, фарзандига, оиласига садоқати билан бутун дунёга ибрат бўлган. Бугун аёлларимизга ҳавас қиламан. Уларнинг аксарияти нафақат оиласини уддалаяпти, балки турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилиб, юрт равнақи учун фидо-йилик намуналарини кўрсатмоқдалар. Уларга ҳар қанча таъзим қилсак, уларни қанчалик ардоқласак кам.
- Юртдошларимизга, Андижон аёлларига тилакларингиз?
- Энг аввало, юртимиз тинч бўлсин, кундан-кунга юксалиб, обод бўлиб бораётган она юртимизга, Андижонимизга кўз тегмасин. Юртдошларимиз ҳаётида фақат яхши кунлар кўпайсин, яхшилик ва эзгулик қилиш уларга йўлдош бўлсин. Гўзал, бир сўзли, меҳнаткаш ва меҳмоннавоз, ҳаё-ибоси ҳамиша ўзига ярашган Андижон аёлларига бахт ва иқбол ёр бўлсин.
Суҳбатдош
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|