№7, 13.02.2014 ҚАЛБ КЕЧИНМАСИ
ҚАЙТМАС ДАМЛАР
Саодат сени қанчалар соғинганимни билсанг эди. Ҳар куз чоғи мана шу биз учун қадрли бўлган, бизни илк бор учраштирган, ўша сен севиб сурат чизадиган овлоққина йўлакка келиб такрор-такрор юргим келади. Бу жойда сенинг ширин хотираларинг менинг вужудимга қандайдир ором беришини, алланечук ёқимли ҳис бағишлаб, мени юпатишини билсанг эди.
Мана бугун ҳам ишдан қайтаётиб, қадамим беихтиёр шу йўлакка бурилди. Олтинранг хазонлар оёқларим остида шитирлаб, шаббоданинг баргларни учириб-учириб ўйнаши гўзал бир манзара кашф этиб кулгуларингни ёдга солади. Кузги япроқлардан гул чамбараклар ясаб, ёш қизалоқдек бошингга тақиб, қувончдан самоларга учгудек бўлиб, югурганларинг ҳамон хаёлимда. Гўё тириксану ўша дамлар яна такрорланадигандек менда умид уйғотади.
Бу йўлаклар менга таскин берса-да, сенинг қайтмаслигинг юрагимга ғам-алам туйғуларини солади. Баъзан шу алам ичида сени эслатаётган бу манзарани, бу япроқларни беаёв эзғилагим келади. Йўқ, ахир бу хазон япроқларда нима гуноҳ дейману, яна шу япроқларни қўлимга олиб кўзларимга суртгим келади. Бу телбалик, бу қадрдон йўл мана йигирма йилдирки, сени менга эслатади. Аммо сен сира қайтмайсан. Бу хотираларни унутишга уринаману, аммо ҳеч қачон уддалай олмаслигимнинг боиси сени телбаларча севишимни яхши биламан.
Умр ўтаверар экан. Лекин қалбнинг битмас оғриқлари кишини қанчалар азоблашини билсанг эди. Икки фарзандли бўлдим. Қизимнинг исмини Саодат, ўғлимнинг исмини Бунёд қўйдим. Сен доим турмуш қуриб, ўғил фарзандли бўлсак исмини Бунёд қўйишимизни айтардинг. Аёвсиз қисмат синови бир умрлик айрилиққа ташлади бизни. Сенда яшаш иштиёқи шу қадар кучли эдики... чексиз орзуларинг бор эди. Баъзан оғир-оғир хўрсинишларинг сабабини билолмай ҳайрон бўлардим. Хомуш юришларинг, маҳзун нигоҳларинг ортидаги ғамни англолмасдим. Аммо кучли эдинг, доим хаёлни чалғитиб ҳолингни сўрашга йўл қўймас эдинг. Кейин билдим... юрагинг хасталигини узоқ яшолмаслигингни ўзинг биларкансан... мендан яширган экансан. Гоҳида мен билан жиддий аразлашардинг. Тушундимки, сенга қаттиқроқ боғланиб қолишимдан қўрққан экансан. Мен аҳмоқ буни билмай сендан қаттиқ хафа бўлардим. Хатто оғир ҳолатда касалхонага тушганингни ҳам билмай сендан хафа бўлиб юрдим.
Сен тузалдинг, яна ярашдик, ўшанда ҳам менга бу ҳақда ҳеч нарса айтмагандинг. Охирги учрашувни, мана шу йўлакда кўришишимизни илтимос қилгандинг. Биз учрашганда кўзингда қандайдир мунгли бир ғамни кўрсамда, ўзингни қанчалар бахтли кўрсатишга уринганингни кеч билдим. Афсус... аслида сен учун бу сўнгги учрашув, ҳаётингни энг бахтли они эканини билмагандим. Қара, ўша учрашув ҳам куз фаслининг охирги кунига тўғри келди. Биз сен билан уч йилгина таниш бўлсак-да, бир-биримиз учун ҳудди бирга яралган жуфтликдек ҳис қилардик ўзимизни.
Ҳаётимнинг энг гўзал, энг унутилмас дамлари сени хотиранг эканини ҳар лаҳза ҳис этаман.
Саодат, сени ҳар куни, ҳар он ёдга оламан. Сен билан хаёлан сўзлашаман. Кўзларимга ёш тўлади-да томоғимга нимадир тиқилгандек бўлиб ичимга ютаман. Мен эркак киши бўлсам-да, сенинг хотираларинг олдида қанчалар заиф эканимни ҳис қиламан. Қаддимни ғоз тутсамда, ундаги холсизликни сезаман. Ҳар сафар қабрингга бораман-у, тўйиб-тўйиб йиғлайман. Ўзимга далда бергим келади. Аммо хотираларинг қошида ожизман. Менинг ёшлигим қудратини олган ширин хотиралар гирдобига кўмган менинг фариштам, бу йўллар бизники, фақат бизники! Майли, ёнимда бўлмасанг ҳам, ҳар куз бу йўлларни йўқлайвераман. Бу япроқлар бу дарахтлар мен учун қадрли улар билан дардлашавераман.
Ушбу қалб кечинмаларини
оққа туширувчи
|