Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№8, 20.02.2014

ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР

МЕҲНАТДАН ҚАДР ТОПГАН АЁЛ

Инсон ҳаётда ҳалол меҳнати, қилган эзгу ишлари билан қадр ва ҳурмат топади. Яна ҳаёт синовлари ва машаққатларини ирода, матонат, сабру тоқат билан енгиб ўтган кишиларгина чинакам бахтга эриша олади.

Бундай инсонлар ҳаёти, турмуш тарзи бошқалар учун ибратдир. Улар ҳақида ҳар қанча гапирсак ярашади. Ана шундай инсонлардан бири Хонобод шаҳрининг Истиқлол маҳалласида истиқомат қилаётган Озодахон Содиқохуновадир.

Озодахон Содиқохунова Хонобод шаҳар ободонлаштириш бошқармасида ишлаётганига ўн йилдан ортди. Айни кунда у бригадир, жамоанинг бошланғич хотин-қизлар ташкилоти етакчиси сифатида фаолият олиб бориб, шаҳарни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига ҳисса қўшаётганлигидан дилида фахр туяди.

- Ўн нафар бола тарбия топган катта бир оилада улғайганман, - дейди Озодахон биз билан суҳбатлашар экан. - Дадам Обиджон ака, онам Лобархон ая биз - фарзандларни болалигимиздан меҳнатга қайишимли қилиб ўстиришган. Ота-онамизнинг ҳалол-покликда ўтган ҳаёт йўли биз учун ибрат бўлган. Уларнинг "Меҳнат ва ҳалоллик инсон ҳаётини гўзал қилади", деган ўгитлари оиламиз шиорига айланган. Шу боис ҳам биз - фарзандлар меҳнатдан қочмайдиган, уқувли бўлиб ўсганмиз. Уй юмушлари биздан ошмасди, айниқса, томорқамизнинг ҳар қарич еридан унумли фойдаланардик. Бу эса рўзғоримизга барака киритарди. Шундай муҳитда вояга етганим учун келин бўлиб тушган хонадонимда ҳам қийинчилик сезмадим.

Турмуш ўртоғим Олимжон ака билан аҳилликда ҳаёт кечириб келяпмиз, икки фарзандимиз - Абубакир ва Шаҳзодбекларни ҳам оилага қайишадиган, одоб-ахлоқли қилиб улғайтирдик. Ҳозирда катта фарзандим ўзим билан меҳнат қилмоқда. Чунки меҳнат инсонни улуғлашини, айниқса, фарзандларни меҳнаткаш қилиб тарбиялаш нечоғлик аҳамиятли эканлигини ўз ҳаётим мисолида исботини кўрдим.

Ҳа, Озодахон меҳнатсеварлиги, қатъиятлилиги ва ташаббускорлиги билан жамоасида ҳурмат-эътибор топди. Шаҳар кўчаларини ободонлаштириш билан бирга, бошқарма ҳудудида ташкил этилган иссиқхонада аъзолари билан бирга арча, каштан, шунингдек, чиннигул, атиргул сингари турфа хил гул кўчатларини етиштирмоқдалар. Вақти келиб Хонобод кўчаларига экиладиган ана шу кўчатлар шаҳар кўркига-кўрк қўшиши аниқ. Қаҳрамонимиз билан бир жамоада меҳнат қилаётган Сафаргул Дўсатова, Санобархон Аҳмаджонова, Ҳикматхон Маҳкамова сингари юрт ишига фидойи аёллар эса унга ҳамиша елкадош.

Ҳа, орамизда ўзининг самарали меҳнатлари билан қадр топиб, юрт ишига камарбаста бўлаётган бундай фидойи аёлларимиз ҳамиша элнинг назарида бўлади. Демакки, эл-юртини қадрлаган инсон ўзи ҳам қадр топиши шубҳасиз.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди