№8, 20.02.2014 СПОРТИМИЗ ЮЛДУЗЛАРИ
КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚ ЖАМИЛА
Юртимизда ёшларни спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган.
Шу боис ҳам ёшларимиз орасида чемпионлар, юқори натижаларга эришаётган ёш спортчилар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Теннис бўйича Ўзбекистон чемпиони, Андижон вилояти ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари теннис мактаби тарбияланувчиси Жамила Содиқжонова ҳам ана шундай ёшлардан биридир. Айни кунда Андижон индустриал педагогика коллежи ўқувчиси бўлган Жамила юртимизнинг кўзга кўринган теннисчиларидан саналади. Рейтинг бўйича Ўзбекистонда юқори ўринлардан бирида туради.
Қўлга киритган ютуқларга, албатта, у осонликча эришмаган. Устозлари кўмагида тинимсиз машқ қилади, тенниснинг ўзига хос сирларини пухта ўрганиб, ўз тажриба ва маҳоратини ошириб борди. Бунинг самараси ўлароқ кейинги йилларда республика чемпионатлари, шунингдек, Челенжер, Фьючерс ва ITҒ йўналишларидаги халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда.
- Ўтган йили мамлакат чемпионатининг якка ва жуфтлик баҳсларда ғолиб чиқиб, Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлдим, - дейди Жамила Содиқжонова. - Бу йил ҳам ана шундай юқори натижаларга эришиш учун астойдил шуғулланаяпман. Бунинг учун мактабимизда барча имкониятлар яратилган.
- Жамилада теннисга бўлган қизиқиш жуда кучли, ҳар бир машғулотга жиддий тайёргарлик кўради, берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилади, - дейди унинг устози, тажрибали мураббий Рауф Оразалиев. - Натижада у қатор ютуқларни қўлга киритмоқда. Энг асосийси, теннис билан мунтазам шуғулланганлиги боис соғлом ва гўзалдир.
Ҳақиқатдан ҳам Жамила камтар қиз, лекин тиришқоқ, ўз устида тинимсиз ишлайди, доимо олға интилади. Шу боис ҳам вилоят, республика миқиёсидаги турли мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда. У айни кунларда келгуси ойда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионати ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Спортимиз юлдузларидан бири бўлган теннисчи қиз ана шу мусобақада, қолаверса, келажакда Осиё ва жаҳон миқиёсидаги мусобақаларда иштирок этиш ва ғолиб бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ҳа, Жамила юртимизнинг келажаги порлоқ, умидли спорт юлдузларидан биридир. Ўз тажриба ва маҳоратини ошириб бораётган бу ёш спортчимиз келажакда халқаро майдонларда ҳам ўзини кўрсатишига асло шубҳа йўқ.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
Суратда: Ж.Содиқжонова.
З. Умрзоқов фотоси.
|