№8, 20.02.2014 ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ 60 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН
СОДДАДИЛ ВА СОДДАТИЛ ШОИР
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўз асарлари билан халқнинг дардини, улуснинг қалбидаги айтимларини халқона, оддий ва содда мисраларда ифода этиб, соддалик нафақат гўзаллик эканини, балки таъсирчанлик, меҳрлилик, дилдошлик эканини ҳам исботлаб берди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори барчанинг эзгу ниятларини, мақсад-муддаоларини акс эттирувчи, шоир ижоди юксак эканлигини эътироф этувчи ҳужжат бўлди. Қарордаги Муҳаммад Юсуф "Миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшгани" ҳақидаги фикрнинг келтирилишининг ўзиёқ шоирга берилган юксак баҳо бўлиб, ушбу ҳужжатнинг ижтимоий ва тарбиявий аҳамияти катта эканидан далолат беради.
Адабиётнинг асосий қуроли сўздан қачон, қай ҳолда, қай мақсадда ва қай тариқа фойдаланишига қараб биз ижодкорларга баҳо берамиз, уларнинг асарларидан баҳра оламиз ёки аксинча. Ижодий майдон барча учун тенг. Ўзбек тилидаги мавжуд сўзлардан ("Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да 85 000 та сўз ва иборалар кетирилган) фойдаланган ҳолда ўз фикрини ғоявий мукаммал, мантиқий изчил, бадиий таъсирчан тарзда китобхон қалбига етказиб бериш, ўқувчи шуурида Ватан, она, вафо, садоқат, одамийлик, ғурур ва бошқа қатор ижобий туйғуларни шакллантириш ва ривожлантириш ижодкорнинг, бадиий ижоднинг асосий вазифасидир. Бунинг учун ижодкор сўзларни ўз мақсади йўлида жиловлаши, ўқувчи дил қулфини оча оладиган сўзни топиб, сўзлар тизимини ҳосил қилиши, китобхонга кучлироқ таъсир этадиган сўзларни мисраларга жо этиш билан ўқувчини ҳайратлантира олиши керак.
Муҳаммад Юсуф ижодига эътибор қаратсак, шоир асарларининг умрбоқийлиги, ўқувчи қалбига ҳамоҳанглиги, руҳий ва ҳиссий яқинлиги, оҳанги ва ритмикасининг халқоналиги, бадиий манзараларни кўз олдимизда гавдалантира олиши - буларнинг барчасига сабаб оддий сўздан ўринли ва унумли фойдаланишидадир.
Муҳаммад Юсуф шеърларида жимжимадорликни, эмоционал бўёқдор сўзларни, мураккаб ўхшатмалару баландпарвоз ифодаларни учратмаймиз, оддий китобхонни қийнаб луғатларни титкилашга мажбур этувчи сўз ва жумлаларга дуч келмаймиз. Балки оддий, содда, одмигина, халқона сўзлар воситасида энг юксак туйғуларнинг ифодасини ўқиймиз ва ўша заҳоти ушбу сўзлар қалбимизга жо бўлади.
Сен шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим.
Кўнглимдаги ифтихорим,
Қўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!
Ватан осмон қадар буюк, чинор қадар улкан ва барҳаёт, миллатимиз тарихидай боқий, у бизнинг ифтихоримиз, энг улуғл ва мўътабар гўша. Кўриниб турибдики, шоир ишлатган соддагина сўзлар, оддийгина ўхшатишлар Ватан ҳақида самимий тасаввурни ҳосил қилади. Бошқа ўринларда "Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга, Римни алишмасман бедапоянгга!","Ўзинг мени улуғлардан - улуғимсан, Ватаним", "Ўлсам ҳам ҳар кун бир гўримдан туриб, Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен!.." каби мисраларни учратиш мумкинки, булар шеър ёзиш учун тўқилган сатрлар бўлмасдан, Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги табиий айтимлари бўлиб, улар шеърга айланиб қолган.
Шоир ижодидаги образ ва деталларга эътибор берсак ҳам, улар оддий турмуш тарзимизда учрайдиган нарса ва ҳодисотлар эканига диққатимиз жалб бўлади. Лекин ўша кичкинагина элемент шеърда жуда катта маъно ифодалайди, мазмун ташийди: ялпиз, райҳон, лолақизғалдоқ, капалак, дўппи, қора қумғон, тупроқ, пахса девор, лойсувоқ уй ...
Муҳаммад Юсуф ҳақида гап кетганда, кўпинча уни Ватан ҳақида энг яхши шеърлар ёзган шоирлардан бири деб эътироф этишади. Ҳақиқатдан ҳам шундай, шоирнинг Ватан тафтини, миллатнинг руҳи, ўзбекнинг қадриятлари, халқимизнинг урф-одатлари, удум ва анъаналарини, миллатимиз руҳиятини акс эттирмаган бирорта шеъри йўқ.
Муҳаммад Юсуф шеърларидаги содда ва самимийлик унинг турмуш тарзидаги табиий ҳаётий ўзандан сув ичган. Шунинг учун бўлса керакки, шоир шеърларига, шеърлари эса шоирга ўхшайди. Шоир шеърларидан бирини "Содда Муҳаммадман, содда Муҳаммад" деб бошлайди. Ҳа, Муҳаммаджон ҳақиқатда содда ва самимий, манманлик ва амалпарастликдан йироқ, унвон ва мансабни қувмайдиган, камтар, тўғрисўз, ҳалол, адолатли, бир сўзли, соддадил ва соддатил шоир эди.
Муҳаммад Юсуф "Лолақизғалдоқ" шеърида шундай ёзади:
Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър.
Икки сандиқ китоб
Бир уюм тупроқ.
Дарҳақиқат, камтар шоирдан қолган "икки мисра шеър" бугунда ўзбек шеъриятининг гултожи бўлиб, халқимизни ватанпарварлик, юртга муҳаббат руҳида тарбияламоқда, ундан қолган "икки сандиқ китоб" - олтин сандиқ бўлиб, назм гулшанининг энг қимматбаҳо ва хушбўй ифор таратувчи мулки, кўнгил "дард"ига маънавий малҳам бўлувчи шифо воситаси бўлиб хизмат қилмоқда, "бир уюм тупроқ" эса Ватаннинг ҳидини, тафтини, тароватини ифода этувчи тўтиё бўлиб, юртдошларимизни киндик қони тўкилган муқаддас заминга бўлган муҳаббатини улғайтирмоқда.
Маъмуржон САИДХОНОВ,
Андижон давлат
университети доценти.
|