№8, 20.02.2014 ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ
ҚАЙНОНАМНИ ОНАМ ДЕГАНДИМ
- Ўзга хонадонга келин бўлиб тушганимга тўққиз йил бўлди, - дейди Нилуфархон исмли бир танишим. - Турмуш ўртоғим билан совчилар орқали оила қурганмиз. Аммо шундай бўлса-да бир-биримизни тушуниб яшаяпмиз. Мактабда ўқитувчиман, турмуш ўртоғим эса тадбиркор, банкда ишлайди. Икки нафар қизимиз бор. Зиёли оилага келин бўлганман.
Қайинсинглим сал эркароқ. Уйидаги ҳамма гапларни оқизмай-томизмай қайнонамга айтиб келади. "Қайнонам пулга тўймайди, эримнинг бир тийинини ҳам қўймай олволади", дея араз қилади. Қайнонам эса қизини инсофга чақириш ўрнига қизига қўшилиб, уларни ёмонлай кетади.
Бир кун меҳмонга келган қайнисинглим хали ўтирмасданоқ доимги гапларни яна бошлади. Оиласидаги можаролар, қайинсинглиси уй ишларида ёрдам бермаслигини айтиб нолиди. Шунда мен унга ҳаёт тажрибаси бироз кўпроқ опа сифатида "келин бор уйда қиз бола кам иш қилади-да, сиз ҳам иш қилмасдингиз-ку. Акангиз ҳам топганини онамизга беради. Шунинг учун ҳам уйимизда барака бор", дея тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо, бу гапларимни эшитган қайнонам "хали сиз ўзингизни қизим билан тенглаштиряпсизми? Ўғлим пул топиб менга бераётганини гапирманг, топгунича ҳамма камингизни мен қилганман. Энди тўйиб, тилингиз чиқиб қолдими?" деб мени қаттиқ хафа қилди. Бу гапларни эшитиб, биров бошимдан совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Жуда алам қилди. Ахир, мен қайнонамни онам дегандим.
Аммо шунда ҳам қайинсинглимни йўлга солмоқчи бўлдим. Турмушда ҳар хил гаплар бўлишини, ҳаммасини ҳам уйга айтиб келавермаслик кераклигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Лекин улар "Келинойи, бизникилар сиз яшаётган оиламиздагиларга ўхшамайди-да, сизга яхши, акам кўп топади, онам ювошгина, индамай ўтираверади", деди. Бу гаплардан кейин беҳудага уринаётганимни тушундим.
Наҳотки, турмушга чиқмасимдан олдин "қайнона она бўлмайди, сен қиз бўлмайсан", деб эшитганларим тўғри бўлса, деб қоламан. Аммо мен бу гапларни ёлғон эканини исботлайман, қайнонамни онамдай кўриб, қизи бўламан, деб ўйлардим. Бугун эса бунинг қанчалар мушкуллигини, уддасидан чиқа олмаслигимни англадим. Улар барибир мени ўз қизларидек кўра олмас экан.
Нилуфархоннинг гапларини эшитиб, катталаримиз нега келин билан қизларини тенг кўрмайдилар, наҳотки, қайнона она бўлмайди, деган гаплар ҳақиқат бўлса, дея ўйга толдим. Ахир қайнона касал бўлиб қолса, узоқдаги қиздан аввал ёнидаги "ёмон" келин чой тутади-ку.
Сиз бунга нима дейсиз азиз газетхон!
Гулзода ЗОҲИДОВА.
|