№8, 20.02.2014 Дил туғёни
Бор бўл муҳаббат
Ҳаёт давом этар экан, муҳаббат туйғуси инсониятни бир улуғ ҳаракатга ундаб туради. Муҳаббат деб аталмиш бу ҳиссиёт ҳаёт манбаига, уни безовчи бетимсол кучга ўхшайди. Севгининг қудрати чексиз эканлиги тарихдан маълум. Муҳаббатни фақат ёр ишқи деб тушуниш билан чекланиш нотўғридир. Инсон қалбини бир лаҳза ҳам тарк этмайдиган Оллоҳга Ватан, ота-она, фарзандлар ва дўсту биродарларга бўлган меҳр- муҳаббат ҳам борки, унинг кучи бизни фақат эзгу амалларга чорлаб туради. Муҳаббат инсонни улуғлайди, юксалтиради. Ҳаётига маъно олиб киради. Одам улғайиб боргани сари севгини теранроқ англай бошлайди. Уни руҳият покловчиси сифатида кўриб, ўзида ижобий тарафга ўзгаришлар сезади. Дангаса, ишёқмас кишини меҳнаткаш, тор феълликни бағрикенг, сержаҳлни мулоҳазакор қилувчи буюк куч ҳам айни муҳаббатдир.
"Инсон табиати шундай қурилганки, у тез-тез хато қилиб туради: ўткинчи хою ҳавасни кўпинча ҳақиқий муҳаббат деб ўйлайди. Асл муҳаббат оғриқ билан келади", деб ёзган эди улуғ адибимиз Чингиз Айтматов. Ҳа, чин севги дард билан келади.
Нима бўлганда ҳам борлигинг яхши, муҳаббат! Чунки сен инсонларни эзгуликка, юксакликка ундайсан, гўзалликка чорлайсан. Дилларда умид куртакларини ёзасан. Бор бўл, муҳаббат!..
Орифжон ОРИФЖОНОВ,
талаба.
|