Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№8, 20.02.2014

ҲИКОЯ

АРМОНЛИ ДУНЁ

- Мени ҳеч ким сўрамадими?

Азимжон хушбичим котибасига юзланди.

- Йўқ ҳеч ким сўрамади.

- Яхши, менинг зарур ишларим бор, мен бандман. Ҳеч кимни киритманг.

- Аммо ичкарида бир аёл бор, сизни кутяпти.

Азимжоннинг юраги хапқириб кетди. Наҳотки, Дилбар келган бўлса! Ўтган куни туман аҳолиси билан танишиш мақсадида ўтказган йиғилишларнинг бирида олийгоҳда бирга ўқиган Салимжонни учратиб қолганди. Унинг айтишича, Дилбар ҳам шу туманда яшаркан.

Уни ўз хонасида ёши элликдан ошиб қолган бўлса ҳам кўрки-тароватини йўқотмаган аёл кутиб ўтирарди. Яна хонада катта гулсаватдаги анвойи гулларни ушлаганча икки нафар қиз турарди. Қизлар шу даражада соҳибжамол эдики, у ишхонасида эмас, Боғи Эрамда тургандек ҳис этди ўзини. "Улар шунчалар ҳам гўзал бўлишадими?!" хаёлидан яшиндек ўтган бу ўйдан Азимжон ўзи ҳам уялиб кетди.

- Ассалому-алайкум, опа, хуш келибсиз! Бизга қандай хизмат бор?

- Хуш кўрдик, укажон! Ҳеч қандай хизмат йўқ. Соғ-омон бўлинг, қизларим билан сизни янги иш бошлаганингиз билан табриклаб, гул келтиргандик.

- Қуллуқ, опажон! Қизларим гулларни йўлакка олиб чиқиб қўйинглар, гуллар ифоридан ҳамма баҳраманд бўлсин.

Янги раҳбарнинг гаплари аёлга ёқмади. Аммо одоб юзасидан табассум қилди.

Азимжон ҳайрон: "Шунақа одамлар бор. Амал курсисига ўтирдингми, бўлди, дунёдаги ҳамма яхшиликларни сенга тилайди. Чунки бу амал курсисидан сендан кўра кўпроқ улар манфаатдор бўлишса керак-да. Агар оёғинг тойиб кетса борми, ҳаммадан олдин улар тош отадилар. Балки, шундай кишиларнинг борлиги яхшидир. Улар кимлигингни кўриш учун кўзгу вазифасини ўтайди..." хаёлни аёлнинг ўктам овози бўлди:

- Укажоним, ишларингиз бароридан келсин! Энди менга рухсат берасиз. Мабодо керак бўлиб қолсам, туман маданият уйида ишлайман.

Аёлни кузатиб, жойига келиб ишларни қаердан бошлаш режасини туза бошлади.

Эшик тақиллаб, бир йигит кириб келди. Унинг нигоҳлари Азимжонга кимнидир эслатди.

- Узр, малака ошириш учун икки ҳафталик ўқишда эдим, Ўқишни тугатдиму тўғри шу ерга келяпман. Туманимизга раҳбар этиб тайинланганингиз билан табриклайман. Мен сизнинг ўринбосарингиз Азимжон бўламан.

- Ҳа, сизни ўқишда деб айтишганди, ўқишлар яхши ўтдими?

Хўш, ука ўтиринг. Танишиб қўяйлик, мен янги раҳбарингиз Азим Холматов бўламан.

Бошлиқ ўринбосари ҳақидаги хатжилдни очиб, кўз югуртирди.

- И-е, адаш эканмиз, дадангиз билан.

Азимжоннинг қаршисида турган йигит унга кимнидир эслатарди. - Ҳа, айтмоқчи, Дилбар шунақа табассум билан гапирарди.

Бир зумда тарқоқ хаёлларини йиғиб олган Азимжон йигитнинг яқин қариндошлари деган, жумлага кўз ташлади.

Отаси: Холматов Азимжон ... 1975 йилда вафот этган.

Онаси: Холматова Дилбар ... у ёғини ўқий олмай боши айланди...

***

Дилбар мактабда аъло баҳоларга ўқиб, ўз кучи билан пойтахтдаги олийгоҳларнинг бирига ўқишга кирган эди. Ота-онаси оддий кишилар бўлгани боис, камтаргина кийиниб юрар, стипендия ҳисобига яшарди. У бирор марта ҳам дарс қолдирмас, устозлар топшириқларини ўз вақтида бажарарди. Курснинг эркатой йигитларидан бўлган Азимжон эса кўп дарс қолдирарди. Шунинг учун ҳам камтаргина, лекин аълочи бу қизга кўп иши тушарди. Юзлари пардозсиз бўлса-да, чиройли бўлган Дилбар ҳам унга бефарқ эмасди. Вақт ўтган сари улар бир-бирларига боғланиб қолишди. Ўрталарида муҳаббат риштаси пайдо бўлди. Азимжон бу ҳақда ота-онасига айтганида, ота:

- Мен бир туманнинг кўзга кўринган одами бўлсам, сенга ўзимизга мос оиладан келин оламиз, - дея ўғлининг истакларига нуқта қўйди.

Азимжон ота-онасининг гапига кирай деса, Дилбарни севади. Ўйлаб-ўйлаб яқин дўстлари билан маслаҳатлашди. Дилбар билан қонуний никоҳдан ўтсалар, ота-онаси уларнинг тўйига қаршилик қила олмай қолади, деган фикрни билдирдилар. Дастлаб ота-онасини хабардор қилмай, тўй бўлмасдан никоҳдан ўтишга Дилбар рози бўлмади. Лекин Азимжоннинг бир сўзлиги, "Албатта, сизга уйланаман, сизни ҳеч кимга бермайман", деган сўзларига ишонди. Қолаверса, унга бўлган муҳаббати, ўзи севган инсон билан яшаш иштиёқи, кўнгил майлига қулоқ солиб, сархуш хаёллар оғушига тушиб қолганлиги сабаб никоҳга қарши бўлолмади. Бу ишни кимдир оқлади, яна кимдир қоралади. Шу тариқа улар расмий никоҳдан ўтдилар, масжиднинг имоми уларни шаръий никоҳлаб қўйди. Шундай қилиб улар тўртинчи курсда талабалар оиласи бўлиб яшай бошлашди.

Ёзги таътил яқинлашган сари Азимжон икки ўт орасида ёнарди. Ота-онасига ҳақиқатни айтиб, қайтиб келишга қарор қилган йигит қизни ётоқхонада қолдириб, қишлоғига кетди. Аммо уни у ерда нохуш хабар кутарди. Отаси касал бўлиб тўшакда ётганлиги учун Азимжонни уйлантириш тараддуди кўриб қўйилганди. Унинг гапларига ҳеч ким қулоқ солмади. Оғир аҳволда ётган отасини норози қилишга у ҳам ботина олмади. Уч кун ичида тўй бўлиб ўтди. Тўйдан бир ҳафта ўтгач, отаси оламдан ўтди. Хаш-паш дегунча орадан қирқ кун ўтиб кетди. Отасининг маросимларини ўтказиб, Тошкентга борган Азимжон Дилбарни топа олмади. Бешинчи курсда ҳам Дилбар ўқишга келмади. Азимжон умр йўлдоши Барно билан кўп йил бирга яшади, аммо фарзанд кўрмади.

***

Азимжоннинг уйланганини эшитган Дилбар ҳаммасига ўзини айбдор санади. Ота-онаси олдига қайтишга юзи чидамади. Шунинг учун олис вилоятнинг чекка туманидаги мактабларнинг бирига иш сўраб борди. Қизнинг кўз ёшларини кўрган мактаб директори уни ҳомиласи билиниб қолганига қарамай ишга қабул қилди.

Бўлган воқеалардан хабар топган Дилбарнинг уйидагилар қаттиқ ғазабландилар. Онаси қизини қайтишини истаса-да, отаси, ака-укалари уни уйга олиб келишни хоҳламадилар.

Дилбарни ишга қабул қилган мактаб директори унга ўз уйидан жой берди. Бефарзандлиги сабаб аёли билан унга ўз қизларидек мурувват кўрсатишди.

Орадан бир неча ой ўтиб, Дилбар ўғилли бўлди. Бу вақт оралиғида Дилбар қишлоғига бориб ота-онасидан кечирим сўраб қайтди.

Тутинган ота-онаси қанчалик мажбурламасинлар, у бошқа турмуш қурмади. Ҳаётини фарзанди тарбиясига, ишига бағишлади, Отаси ишлаган мактабда аввал ўқитувчи, сўнгра директор бўлди.

***

- Онангиз билан учрашсам бўладими, ўғлим, - деди Азимжон ўринбосарига юзланиб, - сўраб кўринг-чи қачон кела оларкин?

- Онам олти ой аввал оламдан ўтган. Бизникига борсангиз, сизни бобом ва бувим билан таништираман.

Ўринбосарининг гапи оғзида қолди. Раҳбарининг ранги оқариб, ундан бир пиёла муздек сув ва хапдори келтиришини сўради...

Умида ҚАҲҲОР.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди