№9, 27.02.2014 ҚИЛМИШ ҚИДИРМИШ
ЧЕГАРАДАН ЎТОЛМАГАН БЕҲАЁЛИК
Фарзанд тарбиясида халқимизнинг қадим одат ва анъаналари, миллий қадриятлари муҳим ўрин тутади. Ота-боболаримиз ҳам тарбия борасида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор берганлар. Шу сабабдан қизларимизда ибо-ҳаё, йигитларимизда эса ор-номус сингари хислатлар уларнинг қон-қонига сингиб кетган.
Бироқ бугунги глобаллашув жараёнида хоҳлаймизми, йўқми, "Очилган деразадан тоза ҳаво билан бирга чанг-ғубор ҳам" кириб келаркан. Таассуфки, ғарбда бош кўтарган оммавий маданият бугун шарққа томон юриш қилмоқда. Бу хорижга чиқиб қайтаётган айрим фуқароларимизнинг хатти-ҳаракатларида кўринмоқда.
Вилоят божхона бошқармасининг "Андижон-Аэропорт" чегара божхона пости ходимлари томонидан Санкт-Петербург-Андижон йўналишидаги самолёт билан Андижон шаҳрига учиб келган хонободлик Гавҳарбек Мўминжоновнинг қўл ва бошқа юклари текширилганда, божхона декларациясида кўрсатилмаган, қиймати 150000 сўмлик, аввал фойдаланишда бўлган, 1 дона "ҒLY" русумли уяли телефон ва унинг хотирасида 4 дона порнографик руҳдаги видеороликларни юртимиз ҳудудига олиб киришга уринаётганлиги аниқланди. Айни шу йўналиш билан шаҳримизга учиб келган, яна бир ҳамюртимизнинг бир эмас, иккита уяли алоқа воситасида 100 дан ортиқ беҳаёликни тарғиб этувчи видеороликларнинг вилоятимизга кириб келишига йўл қўйилмади
Қирғизистон Республикасидан "Дўстлик" чегара пости орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Фарғона вилояти, Данғара туманида истиқомат қилувчи Ўктамжон Дехқоновнинг қўл ва бошқа юклари вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан текширилганда, божхона декларациясида кўрсатилган, қиймати 400000 сўмлик, аввал фойдаланишда бўлган 1 дона "Samsung" галакси HOTE русумли уяли телефон ва унинг хотирасида 16 дона порнографик руҳдаги видеороликлар ҳамда 47 дона фотосуратлар юртимиз ёшлари онгига етиб боришининг олди олинди.
Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ туманида яшовчи Фёдор Югов ўзининг шаҳсий ноутбук ва унинг хотирасида 16 дона порнографик руҳдаги видеороликларни Россия Федерациясидан Қирғизистон Республикаси орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга уриниши "Дўстлик" чегара божхона комплекси ходимлари томонидан фош этилди.
Бугун вилоят божхона бошқармаси томонидан олиб борилаётган тадбирлар давомида бу каби ҳолатлар, афсуски, учраб турибди. Энг ачинарлиси, бу ҳаракатларни содир этганларнинг аксарияти бирор иш билан банд бўлмаган ёшлардир. Фактларни таҳлил этар экансиз, юртбошимиз таъкидлаган бир фикр ўз исботини топади. Қаердаки, бўшлиқ бўлса, унга, албатта, ёт ғоя кириб боради. Юрт келажаги бўлган ёшлар тарбиясини бузишга, уларнинг онгини ёт ғоялар билан тўлдиришга бўлаётган бу каби уринишларни бартараф этиш бизнинг энг асосий вазифамиздир.
Дилфуза КАМОЛОВА,
"Андижон Аэропорт" чегара божхона
пости ходими.
|