№9, 27.02.2014 ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ
БОЛАЛАРДА ЗОТИЛЖАМ ХАСТАЛИГИ
Ҳозирги кунда болалар ўртасида пневмания (зотилжам) касаллиги ортиб бормоқда.
Пневмания касаллиги ўпка тўқималарини ўткир яллиғланиши билан кечадиган бўлиб, болаларда оғир ўтиши билан характерлидир. Бу хасталик кўпроқ 3 ёшгача бўлган болаларда кузатилади. Рахит, эксудатив диатез, камқон, озғин, сунъий овқатлар билан ўсаётган болалар касалликка ўта берилувчан бўладилар. Айниқса, чақалоқларда, нимжон болаларда ўта оғир ўтиши кузатилади.
Бу касаллик баҳор, куз ва қиш ойларида кўп учраб, вируслар, микроблар, замбуруғлар чақиради.
КАСАЛЛИКНИНГ БЕЛГИЛАРИ
Бурун оқиш, битиш, йўтал, ҳароратнинг кўтарилиши, безовталик, яхши ухламаслик, яхши эммаслик хасталикнинг асосий белгиларидир. Бир ёшгача бўлган болаларда йўтал кучайиб, кўнгил айниши, хансираш, бурун катакларининг керилиши, бурун юз учбурчаклари кўкариш, нафас олиш ва чиқариш қийинлашиши, ҳароратнинг юқори даражага чиқиши, нафас олишида кўкрак қафасини пастки қисми ичига тортилиши кузатилади.
Баъзан чала, нимжон, ўта қувватсиз болаларда ҳароратни кўтарилмаслиги, она кўкрагини олмаслиги, оғиздан кўпик чиқариши, тери ранги ўта оқариб, оёқ-қўлларини совуш ҳолатлари ҳам юз бериши мумкин.
КЕРАКЛИ МАСЛАҲАТЛАР
Болаларда юқоридаги каби белгилар кузатилса, ота-оналар бепарво бўлмасдан шифокорга мурожаат қилишлари лозим. Акс ҳолда зотилжам белгилари кучайиб, болани оғир ҳолатга олиб келиши мумкин. Дарҳол шифокор кўрсатмаси асосида шифохонага ётқизилиб, керакли, тиббий ёрдам олиши лозим.
КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
Касалликка чалинмаслик учун соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим. Болаларни ёшига тўғри келадиган овқатлантириш, чиниқтириш, уй ҳавосини тез-тез шамоллатиб туриш, хона ҳароратини 22-24 даражада сақлаш, болани ўта иссиқ ва совуб кетишига йўл қўймаслик керак.
Юқорида айтилган тавсияларга риоя қилинса, болани зотилжам билан оғримаслигининг олдини олган бўламиз.
Тоҳиржон ЗОКИРОВ,
Андижон шаҳар болалар шифохонаси бош шифокори ўринбосари.
|