№9, 27.02.2014 БАҒИШЛОВ
СИЗГА ТАЪЗИМ, ЗУЛФИЯХОНИМ
(ШОИРА ЗУЛФИЯ ИСРОИЛОВА ТАВАЛЛУДИНИНГ 99 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНАДИ)
Бугун халқимиз томонидан юксак эҳтиром кўрсатилаётган аёл бу - буюк она, вафо ва садоқат тимсоли шоира Зулфияхоним Исроиловадир.
XX аср ўзбек шеъриятининг йирик вакилларидан бири, ўзига хос ижоди билан шеъриятда янги саҳифа очган Зулфияхоним ўзбек поэзиясида тонг ғунчасидек пайдо бўлди. Аёл бўлишига, қолаверса, ҳаётнинг қатор тўсиқларини мардонавор енгиб ўтиб, умидбахш бир садо, ёқимли бир соз каби жаранглаб адабиёт саҳнасига Зулфия номи билан кириб келди. Ўша даврда жамият аёл эрки, қалби изтиробга тўла она тимсоли, она армонлари, она бахтини куйлашга қодир бир шоирага муҳтож эди. Зулфия ана шу бўшлиқни тўлдирди, қўлига соз олиб, ўша чанқоқликни қондирган куйчидир.
Зулфияхоним шеърларида тонг тимсоли, тонг тасвири буюк эрк, буюк бахт ва ёруғ дунё тимсолидай порлаб туради. Иккинчи жаҳон уруши юртимизга хавф солганда, эл бошига айрилиқлар, хижронлар тушганда унинг овози тиниб қолмади, балки янги жаранг билан ўктамлик зиналарига кўтарила олди. Унинг ижоди ёридан жудо ёш келин, ўғлидан айрилган онаизор дилининг изтироблари, ғалабага умидвор ва ишончи бор она тимсолининг ифодаси бўлди.
Гарчи тақдир Зулфияхонимни катта синов ва хижронга ташлаган бўлса-да, барча мусибатларни сабот билан енгиб ўтди, тақдирнинг зарбалари қалб бардошни улғайтирди. Шоира вафо рамзи, садоқат куйчиси бўлиб ҳурмат қозонди.
Бугун мустақиллик шарофати билан Зулфияхонимнинг серқирра ижоди муносиб баҳоланибгина қолмай, балки Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1999 йил 1 мартда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Бу севимли шоирамизнинг ўзбек адабиёти ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссаси, меҳнатлари эътирофининг ёрқин намунасидир.
Шундай одамлар борки, тирикликда умрнинг қадрига етмай яшаб ўтадилар. Яна шундай инсонлар борки, тирикликда ўзига иккинчи - абадий умрни яратиб кетишга улгурадилар. Зулфияхоним ана шундай тирикликни шараф билан яшаб, ўзига шеърият аталмиш мармардан боқий ҳайкал ясаб кетган инсонлардан бири.
Азал-азалдан улуғ зотларга бешик бўлган Ватанимиз, меҳридарё халқимиз Зулфияхонимдай фарзандини доимо ардоқлайди, ёш авлод эса буюк она, вафо ва садоқат тимсоли бўлган шоирага ҳамиша таъзимда.
Гулрухсор УМАРОВА.
|