Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№9, 27.02.2014

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ИЛМ ВА ҲУНАРЛИ БЎЛСИН

Фарзанд инсонга Аллоҳ томонидан ато этилган улуғ неъмат. Шу билан бирга, у ота-онага топширилган омонат, унинг тарбияси учун масъулият ҳамдир. Шунинг учун ота-оналар фарзанд олдидаги бурчларини чиройли адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйиш, яхши таълим-тарбия бериши, Аллоҳнинг розилигини топадиган, ўз миллатига, Ватанига садоқатли, ота-онасига муносиб фарзанд қилиб тарбиялашлари лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

"Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошдан бўлган дўзаҳдан сақлангки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилур)" (Тахрим сураси, 6-оят).

Бу ояти карима билан Аллоҳ таоло бизга хитоб қилиб, фақат ўзимизни ўйламасликка, балки бизга омонат берилган фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам жиддий шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз, бебош бўлиб улғаймасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда.

Ота-оналар мурғак чақалоқларни эркалаб, ардоқлаб ўстирар экан, фақат уларнинг жисмоний соғлиги, моддий таъминоти тўғрисида эмас, балки уларнинг маънавияти, инсоний фазилатларининг баркамол қилиш ҳақида ҳам қайғуриб боришлари керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар: "Ҳар бирингиз бир раҳбарсизлар ва қўл остингиздагилар ҳақида сўраласизлар".

Халқимизнинг "Қуш уясида кўрганини қилади", деган доно мақоли бежиз айтилмаган. Ушбу мақолдан хулоса қиладиган бўлсак, бола кўрганини қилади, эшитганини эмас. Демак, биз ота-оналар доимо ҳар соҳада фарзандларимизга намуна бўлишимиз керак.

Олимлар томонидан ўтказилган кўп йиллик кузатиш ва тадқиқотларга кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча кўникмаларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олар экан. Демак, ота-оналар ва устозлар фарзандларга ёшлик пайтиданоқ одоб-ахлоқ, илм ва касб-ҳунарларни мукаммал ўрганишларига қизиқтиришлари лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар: "Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар".

Болага ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунарни эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ота-она, ўқитувчи ва устозлар тушунтиришлари лозим.

Шахснинг камолотига таъсир кўрсатувчи бир қанча муҳим омиллар мавжуд бўлиб, булар - муҳит, таълим-тарбия ва ирсиятдир. Социолог ва педагоглар хулосасига кўра, шахснинг шаклланувига муҳит 40 фоиз, тарбия 45 фоиз, ирсият 15 фоиз таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам, буюк аллома Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида шундай деган эди: "Ёш бола ўқийдиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади".

Муқаддас динимиз кўрсатмалари бўйича мусулмон киши имон-эътиқодли, инсонпарвар ва меҳнатсевар бўлишлари лозим. Лекин оят ва ҳадисларда илм-маърифат билан шуғулланиш ибодатдан улуғ экани тўғрисида ҳам етарли далиллар бор. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий илмларнинг қадри исломда йўқдек нотўғри тушунчада бўладилар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаган, балки дунёвий ишларга, турмуш тарзи, тирикчилик, тижоратчиликкача, уй-рўзғор ишларию, жисмонан соғлом бўлиш борасида жуда кўп кўрсатмалар бериб ўтган.

Демак, биз ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз керак. Мактаб, коллеж ва олийгоҳларда берилаётган билимларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратайлик. Бебаҳо вақтларини бекор сарфламасликка ўргатиб бориш ҳар бир ота-она ва устознинг зиммасида эканини унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизга солих, юртига, Ватанига хизмат қиладиган комил фарзандларни тарбия қилмоқликни насиб этсин.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Андижон шаҳридаги "Оқгўр"

жомеъ масжиди имоми.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу-хурайра" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди