№9, 27.02.2014 ҲАЖВИЯ
ЯНГИЧА УСУЛ
Бир идоранинг раҳбарига Эшматнинг иши тушиб қайта-қайта кириб ҳам битиролмабди. Пора бермасанг иш битмайди дейишган экан. Бериб кўрса бошлиқ бир паста ўшқириб ҳайдаб чиқарибди. Лекин бошлиқ ҳадеганда ишини битириб бермас, пора олмайдиганга ҳам ўхшамас экан. Ўйлай-ўйлай у охири йўлини топибди. У бошлиқнинг олдига кирибди:
- Ассалому алайку-у-м!
- Ҳа, яна келдингизми, айтдим-ку, ой охирида келинг, деб
- Йўқ, мен бошқа иш билан келгандим.
- Қанақа иш билан?
- Шу олдингиздаги кулдонни сотиб олмоқчиман. Сиздан эсдалик қилиб сақлаб юрардим.
- Бу ахир арзимаган юз сўмга берадиган нарса. Дўконларда жуда зўрлари тўлиб ётибди-ку.
- Илтимос, шуни менга сотинг! Ўн минг бераман. Сизнинг
ҳурматингиз бор-да. Дўконлардаги кулдонлар оддий бир нарса. Бу эсдалик бўлади. Одамлар хориждан олиб келинган ғиштни сервантларига тузаб қўяркан. Мен уйга тузаб, бир экспонатдай сақлаб юраман.
- Майли, жуда шунчалик аҳд қилган бўлсангиз нима ҳам қилардик.
Бошлиқ эски, бир чеккаси учган кулдонни Эшматга ўн мингга сотибди.
- Энди пулингизга рози бўлинг, ўзингиз мажбур қилмаганингизда сотмаган бўлардим.
- Мингдан-минг розиман. Энди янги олгунингизча мана бу кулдондан фойдаланиб туринг, - у бошлиқ олдидаги кулдондан ўн борабар қиммат янги кулдонни столга қўйди.
- Бунинг нархи неча пул экан?
- Йўқ, йўқ! Буни сотиб олганим йўқ. Йўлдан топиб олдим.
- Майли, ундай бўлса, янги олгунча ишлатиб турармиз. Айтгандай, ҳалиги ҳужжатларингизни ҳам бир кўриб қўяй-чи? - у қоғозларни титиб, Эшматнинг қачондан бери қўл қўйилмай келинаётган ҳужжатларини қўлга олди. - Э, мана, тайёр бўлиб қопти. Қўл қўйсак бўлди экан. Манг, олиб кета қолинг.
Ғани МАЖИД.
|