№9, 27.02.2014 МУШОҲАДА
"ҚАЙНОНАЖОН, ЖОН ОНА"
Инсон орзулар билан яшайди. Эзгу ниятлари ижобат бўлиши учун интилади. Айниқса, қиз бола улғаяр экан, кўпроқ келажаги, бўлажак оиласи, умр йўлдоши тўғрисида хаёл суради. Уларни ўзи хоҳлагандай бўлишини орзулайди.
Нафсламбрини айтганда, ҳаётда ана шу орзу-мақсадларга эришиш кўп жиҳатдан унинг ўзига, олган тарбиясига, ахлоқ-одобига боғлиқ.
Баъзида айрим келинларнинг "қайнонам ёмон" деган иддаоларига гувоҳ бўламиз. Бунга ким айбдор ёки қайнона-келиннинг келиша олмаслиги, бир-бирларига салбий муносабатда бўлишлари ҳақида турли нашрларда чоп этилган мақолалар, телевидение орқали намо- йиш этилаётган турли роликлар, "Қалайсиз, энди" қабиладаги қўшиқлар турмуш қуриш остонасида турган қизларимизни чўчитиб қўймаяптими, деган саволлар туғилади?
Ёши анча ўтиб қолган бўлса-да, турмушга чиқишга шошилмаётган бир опамдан ҳазил аралаш сўрадим:
- Оқ отдаги шаҳзодангизни кутяпсизми? Тенгқурларингиз аллақачон битта - иккитадан бола қучоқлади, сиз нега ноз қилиб юрибсиз?
- Гапирмаган сен қолувдинг. Қандай тушунтирсам экан? Турмуш қуришдан қўрқаман.
- Вой, нимасидан қўрқасиз, сиз қурбонликка эмас, янги оилага келин бўлиб борасиз-ку.
- Ҳамма гап мана шунда-да. Баъзи қайноналар ҳақида эшитавериб, хаёлимга қўрқинчли таассуротлар ўрнашиб қолган, шекилли. Хизматини қилсам ҳам, ширин гапирсам ҳам заҳарханда жавоб қайтариб, ҳар ишимдан айб топадигандай туюлаверади. Турмуш қурмай туриб, ҳалитдан юрагим орқамга тортиб кетади.
Эҳтимол, унинг сўзларида ҳақиқат бордир. Лекин оилада қайнона билан муносабатнинг қандай бўлиши назаримда келиннинг ўзига боғлиқ. Келин-ниҳол. Унинг янги муҳитга мослашиб кетиши учун қайнона томонидан кўмак зарур. Шундагина келинчак қайнона истагандай уй юмушларини ўз гарданига олади ва бир умр ундан миннатдор бўлади.
- Рўзғоримнинг рўзғор бўлишида қайнонамнинг ўрни беқиёс, - дейди маҳалламиздаги келинлардан бири Жумагул ая Фозилова. - Йигирма етти йиллик турмушим давомида қайнонам билан сен-менга бормадик. Бунинг асосий сабаби меҳрда, самимийликда деб ўйлайман. Қайнона-келин ўртасида сохта муносабат, дил бошқаю, тил бошқа бўлмаслиги лозим. Меҳр туфайли, самимий айтилган "қизим" деган сўзни эшитган ҳар қандай келин вазифасини сидқидилдан адо этади. Янги келинлигимда қанчалик хатоимни тўғрилаб, йўл-йўриқ кўрсатсалар ҳижолат бўлсам-да, ичимдан севиниб турардим. Мана шундай яхшимни ошириб, ёмонимни яшириб, шу оилада томир отиб яшашимга сабабчи бўлган инсондан бир умр миннатдорман. Онажоним қайноналик санъати билан менга оилавий ҳаёт илмини ўргатди.
Ҳа, халқимиз бежизга: "Қайнона кўрган қарқара келин, қайнона кўрмаган масхара келин", деб айтмаганлигига аянинг сўзлари бир мисолдир.
Шу ўринда оиланинг оила бўлишида қайнона билан бир қаторда, она ҳам муҳим рол ўйнайди. "Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга сиғмасмидинг", дегувчи оналар, аксинча, "танбеҳларни тўғри қабул қилгин", "Хўп бўлади, кечирасиз" деган каломлар ҳамиша ҳамроҳинг бўлсин. Ҳамма жойда ҳам меҳнат ортидан қадр топасан", дея қизларини йўлга солсалар, уларнинг ҳаётлари чиройли тарзда бўлишига асло шубҳа йўқ.
Инсоннинг феъл-атворида ўзгаларга бўйин эгмаслик иллати мавжуд. Келин ана шу иллатдан ўзини халос этса, қайнона эса келин хато қилганида, кечиримли бўлса, нур устига аъло нур бўларди.
Мендай гулга боғбонсиз,
Ширинсухан - забонсиз.
Қалбимдасиз мудом сиз,
Қайнонажон, жон она.
Ёш ниҳолни парваришлаб, чаманга айлантириб юборгувчи қайноналар келинлари наздида ҳамиша суюкли ва ардоқли бўлиб қоладилар.
Робия ОТАХОНОВА.
|