№10, 06.03.2014 Қадрли опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар!
Сизларни нафис ва беғубор баҳорнинг илк байрами, азиз аёлларимиз эъзозланадиган 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Халқимизда қадим-қадимдан аёлларга юксак эҳтиром кўрсатилади. Ушбу анъана, айниқса, истиқлол йилларида янада кенгайди. Аёлларимиз қалбига яқин бўлган қутлуғ байрам арафасида шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда, жумладан вилоятимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини кўтариш, аёлларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, бундан буён ҳам, айниқса, "Соғлом бола йили" деб номланган ушбу йилда бу каби хайрли ва ибратли ишлар изчил давом эттирилади.
Азиз ва лобар опа-сингиллар, мўътабар онахонлар! Бугун андижонлик аёллар илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг илғор вакилалари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликлари қувонарлидир. Ушбу файзли байрам кунда барчангизга, энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз тарбияси йўлида олиб бораётган ишларингизда улкан ютуқлар тилайман.
Қалбингиздаги жамики эзгу ниятларингиз ижобат бўлиб, фарзандлар камолини, аёллик, оналик бахтини кўриш насиб этсин.
Сизларни баҳорий кайфият ҳеч қачон тарк этмасин, байрамингиз муборак бўлсин.
М. П. ЮНУСОВА,
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари,
вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.
|