№10, 06.03.2014 ФАОЛ АЁЛЛАРИМИЗ
БАХТИНГ - КЕРАКЛИГИНГ
- Мен юрак ёнмоғи керак, деган иборани бот-бот эслайман, - дейди Булоқбоши ижтимоий-иқтисодий ва педагогика коллежининг жонкуяр ўқитувчиларидан бири, тадбиркор Мавлудахон Тоҳирова. - Шу сабабли ўзим ҳам ҳар бир ишда фаол бўлишга ҳаракат қиламан. Бошқаларга нафинг тегса, атрофдагиларга кераклигингни, кимлардир сени йўқлашини, борлигингдан қувонишларини ҳис этиш ҳар қандай инсон, айниқса, аёл киши учун катта бахтдир.
Дарҳақиқат, Мавлудахон Тоҳирова ҳаётда ташаббускорлиги, фидойилиги билан бошқалардан ажралиб туради. У ҳар бир ишга масъулият билан ёндашади, ҳар қадамда атрофдагиларга қўлидан келганча ёрдам беришга интилади. Қолаверса, "Йил ўқитувчиси" кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичиларида фаол иштирок этганлиги уни ўз касбининг ҳақиқий билимдони эканлигини кўрсатди.
Мавлудахон ёш авлодга пухта билим бериш билан бирга, "Тадбиркорлик фаолиятини бошқариш асослари", "Иқтисодиёт асослари", "Ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва иқтисодиёт асослари" каби қатор илмий-услубий қўлланмалар яратди. Улар нафақат коллеж ўқувчилар, балки тадбиркорлик борасида иш бошлаган киши-*лари учун ҳам фойдали манба сифатида эътибор қозонди.
Юртимизда аёллар тадбиркорлигига кенг йўл очиб берилиши унинг ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этишига имкон яратди. Туман марказида "Шодмулкбегим" ўқув марказини ташкил этиб, тадбиркор сифатида ҳам самарали иш олиб бормоқда.
Аёлнинг қалби меҳрга тўла, айни дамда меҳрга ташна. Ана шу меҳр туфайли у ёниб яшайди, ёниб ишлайди. Мавлудахон ҳам уни қўллаб-қувватловчи турмуш ўртоғининг, йўл-йўриқ кўрсатувчи қайнона-қайнотасининг, умид бахш этувчи фарзандларининг меҳридан илҳом олади, завқ туяди. Аёл учун бахти бутунлик аслида шу эмасми?!
Бугунги кунда ҳам оила, фарзандлар тарбияси, шунингдек, жамият ишига бирдай улгураётган мана шундай аёлларимиз бор экан, хонадонларимиз тинч, юртимиз обод, кўнгиллар ёруғдир.
Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.
|