Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№10, 06.03.2014

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Жаннат йўли сизлар босган изда асли...

ОПА-СИНГИЛЛАРИМ

Дунё кўрки Сиздан олмиш андозалар,

Ўзбегимнинг бекалари - хонзодалар,

Уйимизнинг фариштаси - озодалар,

Зулфи гавҳар, Сизсиз - тилло кокилларим,

Бахтимга соғ бўлинг, опа-сингилларим.

Бор назокат, ҳусн-чирой Cизда асли,

Офтоблар ҳам Сизни ширмой юзда асли,

Жаннат йўли Сизлар босган изда асли,

Ифорлари хушбўй - райҳон, жамбилларим,

Бахтимга соғ бўлинг, опа-сингилларим.

Майли жоним, топмаса ҳам тиним деган,

Нима бўлса бўлсин, эрта куним деган,

Шоҳ Бобурни ҳазратим, жон иним деган,

Ҳар тадбирда зийрак, ақли фозилларим,

Бахтимга соғ бўлинг, опа-сингилларим.

Битта ўтли нигоҳингиз жонга малҳам,

Айтинг, ҳуру-малаклардан нимангиз кам,

Сизни эъзоз этган Пайғамбарлар ҳам,

Нурдан тоза, гулдай нозик кўнгилларим,

Бахтимга соғ бўлинг, опа-сингилларим.

Ота уйдан учирма - Сиз оққушлардан,

Ҳол сўрмадик, қўл бўшаб гоҳ юмушлардан,

Зиёдасиз бизга олтин, кумушлардан,

Жилолари рангин биллур, қандилларим,

Бахтимга соғ бўлинг, опа-сингилларим.

Дерлар Сизни азал эрлар заифаси,

Аслида-ку, Сиз мардлар тоифаси,

Ҳаётимнинг зар варақли саҳифаси,

Соғинганда борар соҳил, манзилларим...

Бахтимга соғ бўлинг, опа-сингилларим.

Қалдирғочнинг жуфт қаноти - қошларингиз,

Тўкилмасин маржондай кўз ёшларингиз,

Тўй-базмдан чиқмасин ҳеч бошларингиз,

Оташ куйчи, Сиз ғазалхон - булбулларим,

Бахтимга соғ бўлинг, опа-сингилларим.

Шаробиддин БОЛТАБОЕВ.

СИЗ КУЛСАНГИЗ ДУНЁ КУЛАДИ

(Онажоним Маъмурахонга)

Сиз кулсангиз, онажон, дунё кулади,

Дуоларингиз дилга умид солади.

Гуллар пойингизда сармаст тўлғонар,

Чеҳрангиздан юлдуз гўё нур олар.

Ҳар бир сўзингиз дилимга пайванд,

Сиз бор юраман қаддим тик, баланд.

Қалбингиз меҳрдан яралган гулзор,

Сизла обод уйимиз, обод ҳур диёр.

Бугун қувончдан тонглар мунаввар,

Ҳатто қушлар ҳам хушовоз сайрар.

Бахт суруридан маст, энтикар юрак,

Онажон, шу қутлуғ айём муборак.

Сизни таърифлашга қаламим ожиз,

Меҳрингиз чексиз, мисоли денгиз.

Борлигингиз менга туганмас бир бахт,

Тилагим доимо соғ бўлинг фақат.

Зулхумор АКБАРОВА.

БАҲОР БИЗНИ СОҒИНИБ КЕЛДИ

Сочайин деб ифорларини,

Ёзмоқ учун хуморларини,

Кетказиб дил ғуборларини,

Баҳор бизни соғиниб келди.

Анҳорларда сувларнинг рақси,

Симёғочда қушларнинг баҳси,

Дилга ёқар сархуш нафаси,

Баҳор бизни соғиниб келди.

Гоҳо осмон қичқириб, кулар,

Севинчлардан кўзёшин қуяр,

Дарахт келин либосин кияр,

Баҳор бизни соғиниб келди.

Мўралади аста майсалар,

Қадалади ерга найзалар,

Қамар замин юзини силар,

Баҳор бизни соғиниб келди.

Садоқат НЕЪМАТОВА, Пахтаобод тумани.

ЯХШИЛИК БОҒИДАН МЕВА ТЕРАМАН...

Дунёнинг пардасин оралаб ўтиб,

Дардларнинг қаъридан қувончлар тутиб,

Маҳзун лаҳзаларни буткул унутиб,

Бир кун мен кетаман шодлик уйига,

Тирмашиб қуёшнинг заррин нурига.

Хаёлга озодлик шаънин бераман,

Яхшилик боғидан мева тераман,

Юрак ойнасидан бахтим кўраман,

Бир кун мен кетаман шодлик уйига,

Тирмашиб қуёшнинг заррин нурига.

Тим-қора сочларим толим бўлади

Тўлин ой нурлари торим бўлади,

Осмондек ғурурим, орим бўлади,

Бир кун мен кетаман шодлик уйига,

Тирмашиб қуёшнинг заррин нурига.

Дилдора РАҲИМОВА, Бўз тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди