№10, 06.03.2014 Дил номалари
АЁЛ-СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДА ҲАМ ФАОЛ
Мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, берилаётган чексиз имкониятлар кўнглимизни тоғдай кўтаради.
Юртбошимиз ташаббуси билан йилларнинг номланиши, шу муносабат билан давлат дастурлари қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилиши ва уларда доимо аёл зотини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътиборга молик.
"Адолат" СДП "Аёллар қаноти" томонидан хотин-қизлар фаоллигини ошириш, сиёсий жараёнлардаги иштироки, лидер аёлларни аниқлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш мумкин.
Амалга оширилаётган ана шу ишлар самараси ўлароқ партиямиз фаолиятида аёллар ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Жумладан, вилоятимизда "Адолат" СДП аъзолари сони 7009 нафар бўлиб, уларнинг 4135 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Партиямиз ана шу жараёнга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, оилада, жамиятда, сиёсий жараёнларда фаол опа-сингиллларимизни, меҳрибон онахонларимизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан қутлайман. Аёлларимиз оиласи, фарзандлари бахтига ҳамиша соғ-омон бўлсин.
Малоҳатхон МУСАЕВА,
Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари,
партия "Аёллар қаноти"нинг раҳбари.
|