№10, 06.03.2014 "МАҚСАДИМ ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ БЎЛИШ"
- ДЕЙДИ КАРАТЭ БЎЙИЧА УЧ КАРРА ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНИ
ОМИНА СОТҚИНБОЕВА.
Эндигина 14 ёшни қаршилаётган оддий бир қишлоқ қизининг уч бора мамлакат чемпионлигини қўлга киритганлиги кўпларни ҳайратлантириши табиий. Омина ёш бўлса-да, ана шундай натижага эришган ёш иқтидор соҳибасидир.
Мустақиллик йилларида муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида юртимизда спортга, айниқса, хотин-қизлар спортига катта эътибор қаратилмоқда. Ҳатто, чекка-чекка қишлоқларда ҳам ёш қизларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган. Шу боис ҳам юртимиз ёшлари орасида чемпионлар, турли халқаро мусобақалар ғолибларининг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Омина Сотқинбоева ҳам ана шундай ёшлардан биридир.
О.Сотқинбоева 2000 йилда Андижон туманида таваллуд топган. Оиладаги тўрт қизнинг учинчиси. У саккиз ёшидан бошлаб спорт билан шуғуллана бошлаган. Мураббийи Зайлобиддин Йўлдошевдан каратэнинг сир-асрорларини пухта ўрганди.
Ҳозирда у тумандаги 39-умумтаълим мактабида таҳсил олиш билан бирга, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси тасарруфидаги ихтисослаштирилган олимпия заҳиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мажмуасидаги каратэ тўгараги машғулотларида қатнашади. Бу ерда у устозларидан каратэнинг ўзига хос нозик жиҳатларини, техникасини пухта ўрганиб, маҳоратини янада ошириб бормоқда.
Меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги, ўзига бўлган ишончнинг кучлилиги туфайли Омина юксак чўққиларни забт этиб, оддий бир қишлоқ қизи нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди. 2011-2012 ва 2013 йилларда ўз вазн тоифасида ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди.
- 2013 йил Оминахон учун муваффақиятли бўлди, - дейди унинг устози Зайлобиддин Йўлдошев. - Ўтган йили у нафақат мамлакат чемпионлигини, балки Ўзбекистон кубоги ҳамда "Тoshkent opеn" халқаро турнирида ҳам зафар қучди. Вилоятимиз қизлари ўртасида йилнинг энг яхши спортчиси деб эътироф этилди.
- Ҳозирда март ойи охирида ўтказиладиган республика чемпионатига қизғин тайёргарлик кўраяпман, - дейди Оминахон Сотқинбоева. - Мазкур мусобақада ҳам ғолиб чиқиб, Андижон шуҳратини янада ошириш ниятидаман.
Ҳа, Оминахон юртимизнинг келажаги порлоқ, фаол ёшларидан бири. У нафақат спортда, балки ўқишда ҳам аъло баҳоларга ўқийди, жамоат ишларида тенгдошларига намуна. Бўш вақтларида эса уй юмушларига, шунингдек, оилавий боғларидаги ишларга кўмаклашади.
- Қизимнинг спортда эришаётган ютуқлари мени беҳад қувонтиради, - дейди унинг онаси Зуҳра Ҳамрақулова. - Унинг ютуқлари, энг аввало, интилиши, тиришқоқлиги самараси, қолаверса, юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, уларнинг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлиги натижасидир. Яратиб берилаётган шарт-шароитлар, рағбат туфайли ҳам қизим, қолаверса, у каби жуда кўп ёшлар ана шундай юксак натижаларга эришмоқда. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдормиз.
Юртимизнинг ёш спорт юлдузларидан бири бўлган Оминахоннинг орзулари улкан. У келажакда каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлмоқчи. Яна эгнига ҳарбий либос кийиб Ватан ҳимоячиси бўлишни ният қилган. Халқимизда "яхши ният - ярим мол" деган ҳикмат бор. Ишончимиз комил, эндигина ўн тўрт ёшни қаршилаётган чемпион қизнинг эзгу ниятлари, албатта, ижобат бўлади. Чунки унда шижоат, фидоийлик, эртанги кунга умид, Ватанга муҳаббат, ўз мақсадларига эришишга бўлган кучли иштиёқ бор.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
Суратда каратэ бўйича Ўзбекистон чемпиони
О.Сотқинбоева.
З. Умрзоқов олган сурат.
|