№10, 06.03.2014 СИЗ ГУЛИ РАЪНОСИЗ
Аёл - буюк ва мўътабар зот. Унда беғуборлик, мусаффолик, самимият, фидоийлик мужассам. Заминдаги барча гўзалликлар аёл сабаб бунёд бўлган. Аёлнинг садоқати эркакларга ҳамиша куч бағишлаб келган. Аёл фидоийликни тушунибгина қолмай, ўзини фидо қилишни ҳам билади. Очиғини айтганда, аёлсиз ҳаётнинг оқшоми заиф, кундузлари эса ғамгин бўлиши ҳақиқат.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов "Дафтар ҳошиясидаги битиклар" китобида шундай ёзади: "Дунёда энг бебаҳо, аммо ҳамиша беназир тарқатиладиган хазина бор. Бу она - меҳри!". Яна шундай дейди: "Энг олий туйғу нима? Бола эмизиб ўтирган аёлга зимдан разм солинг. Гўдагига термулиб, бола эмизаётган онанинг кўзларига синчиклаб тикилинг. Энг олий туйғу нималигини шунда кўрасиз".
Дарҳақиқат, аёл дунё бешигини тебратган, олам ва одам деган буюк тушунчаларни ўзида мужассамлаштирган сеҳрли бир қудрат. У вафо, муҳаббат, садоқат, жасорат, бардош тимсоли.
Аёл қадимдан улуғланади. Уни тараннум этувчи шеърлар, ғазаллар, куй-қўшиқлар яралмоқда. Аёл тимсолидан илҳом олган шоир ва ёзувчилар унинг меҳр-муҳаббатини осмонга, гўзаллигини баҳорга, сабр-бардошини баланд тоғларга қиёслашади.
Тўмарис ва Барчинойлар жасорат, гўзаллик, садоқат рамзи бўлиб келганлари бизларга аён. Нодирабегим, Зебунисо, Увайсий, Гулбаданбегим каби ҳаё ва иффатда бетакрор, оқила ва доно аёлларимиз она юрт эрки ва тинчлиги йўлида курашиб бизларга ибрат намунаси бўлиб келдилар.
Айни пайтда жамиятимизда ўз қадр-қимматига эга ана шу буюк аёлларимизнинг издошлари бўлган фидойи опа-сингилларимиз, Ватанимиз обод-лиги йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг оила мустаҳкамлиги, ҳаётимиздаги файз-барака, тинч-тотувликни мустаҳкамлашда ҳиссалари беқиёс.
Мунис аёлларимизнинг байрами баҳор фаслининг илк кунларида, табиатнинг уйғониши билан ҳамоҳангликда бўлишида ҳам ўзгача маъно бор, албатта.
Ўлкамизга баҳор қувонч ва шодликларни етаклаб, ташриф буюрди. Дилларга сурур бағишлаб, табиат атрофни яшилликка буркамоқда. Боғу роғларда қизил, пушти, оқ рўмолларни бошига ёпинган бодом ва ўрик шоҳларини кўриб дунё қайтадан яралгандек туюлади. Баҳор ва аёл - улар бир-бирига қанчалар ўхшайди. Улар бир-биридан андоза олиб ҳаётни, оламни гулга буркайдилар. Бу икки тимсол бир-бирини ҳамиша тўлдириб туради.
Аёлларнинг ёришган юзлари баҳор гулларидек, лаблардаги табассуми тонгнинг қуёш нурларига, қизларнинг шўхликлари шошқин оқаётган анҳорларга ташбеҳ бўла олади. Аёлнинг қалби ҳақиқат, эзгулик, нафосат гўзалликнинг ёрқин тимсолидир. Шоир таъриф берганидек, қуйидаги мисралар аёлга берилган юксак баҳодир:
Сизлар гули раъно эрурсиз,
ёргинангиз парвонадир,
То абад йўлдошингизга
жон ила жанона бўлинг.
Ёрқинлигу гўзалликда
тенг эрурсиз моҳитобга,
Иллату, гарду, хусуматдан
тамоман бегона бўлинг.
Мушарраф ОХУНОВА.
|