№10, 06.03.2014 Дил номалари
ПАРТИЯМИЗ ТАДБИРКОР АЁЛЛАРГА ҚАНОТ БЎЛАДИ
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши "Аёллар қаноти" хотин-қизлар ва ёшларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 650 дан зиёд учрашувлар, давра суҳбатлари ва ўқув семинарлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 8 мингдан зиёд фаол хотин-қизлар, тадбиркор аёллар ва ёшлар иштирок этдилар. Тадбирларда, асосан, ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ғоя ва қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, гиёҳвандлик, диний экстремизм, аёллар ақидапарастлигига қарши кураш ғоялари илгари сурилди.
Партиямиз бугун тадбиркор хотин-қизларга қанот бўлмоқда, тадбиркорликка иштиёқманд ёшларни қўллаб-қувватламоқда.
Мухтасар айтганда, бугунги ўзбек аёли рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватан ва миллат тақдири, жамият муаммоларига асло бефарқ эмас. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, сиёсий фаоллигини янада ошириш партиямизнинг бош мақсади бўлиб қолади.
Партиядош опа-сингилларимизни, барча аёлларимизни хотин-қизлар байрами билан муборакбод этаман.
Хуршида ХАЛИЛОВА,
O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Аёллар масалалари бўйича раис ўринбосари.
|