№11, 13.03.2014 АЁЛЛАР ШАРАФЛАНДИ
Халқаро хотин-қизлар куни вилоятимизда ҳар галгидан ўзгача тарзда нишонланди. Бобур номли вилоят театри биноси байрамона руҳ олди. Шу куни вилоятимиз равнақига ўз меҳнатлари билан ҳисса қўшган фахрий онахонлар, меҳнат илғорлари, илм-фан фидойилари, иқтидорли талаба қизлар, туман ва шаҳарлардан ташриф буюрган фаоллар жамул-жам бўлдилар.
Байрам тадбирини вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Юнусова очди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўз олиб, байрам қатнашчилари ва вилоятимизнинг барча хотин-қизларини муборакбод этди. Вилоят ҳокими ўз табригида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган фахрийлар, айни кунда фаоллик кўрсатаётган фидойи аёллар, истеъдодли ёшларни алоҳида эътироф этди.
Бир гуруҳ илғор хотин-қизларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.
Оналаримиз, опа-сингилларимиз шаънига бир олам қувонч, чексиз фахр-ифтихор мадҳлари, табриклар айтилди. Куй-қўшиқларга тўла байрам шодиёналари "Тошкент" ресторанида бир пиёла чой устида давом этди. Унда вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари ижросидаги қўшиқлар, жозибали рақслар байрам шодиёнасига ўзгача шукуҳ бағишлади.
* * *
Хотин-қизларнинг улуғ айёмига бағишланган байрам тадбирлари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
З. АБДУЛЛАЕВА.
|