№11, 13.03.2014 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
МАҲАЛЛА - ЯХШИЛИКЛАР МАСКАНИ
Опа кўп йиллар қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилди. Қадрдон қишлоқдошлари меҳрибон муаллимани кексалик нафақасига чиққач, маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилишди.
Мана бир неча йиллардан буён Муборакхон Каримова Избоскан тумани "Янги қишлоқ" қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Урганжи маҳалласида диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасида ишлаб келмоқда. Бу маҳаллада истиқомат қилаётган 2891 нафар аҳолининг1475 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ҳудуддаги ҳар бир хонадон аҳлининг орзу ўйлари, муаммолари опанинг эътиборида. У имкон қадар ҳар бир оилада бўлиб, уй бекалари билан алоҳида суҳбатлашади, маслаҳатлар беради. Соғлом хонадондагина соғлом бола туғилишини таъкидлаб, тушунтиришдан эринмайди, аёлларни мутахассислар кўригидан ўтказишга бош-қош бўлади.
Муборак опа ўз вазифасини шунчаки расмий ташкилотчилик, оддий насиҳатгўйлик деб эмас, маслаҳатчини маҳалладошларининг сирдоши, кўмакчиси, деб билади. Маҳаллада ҳар бир рўзғорнинг ўзига яраша ташвиши бор. Баъзида маҳалла аҳли бирор бир масалага ечим тополмаса, дарҳол Муборак опанинг олдига келишади. Унинг маслаҳати, кўрсатмаларидан кўнгиллари кўтарилади.
- Атрофимда мени қўллаб-қувватлайдиган, хайрли тадбирларни ўтказишда ҳамжихат бўладиган мулоҳазали фаолларимиз кўпчиликни ташкил қилади, - дейди маслаҳатчи. - Маҳфузахон Жўраева, Муҳаббатхон Маҳмудова, Алижон Ҳакимов, Турғунбой Қамбаров, Маҳмуджон Мадаев ҳамда дастурхончилар Қумрихон Қўчқорова, Ҳакимахон Каримова, Кимёхон Мадраҳимова, Мукаррамхон Муллажонова, отинойилар Одинахон Абдувалиева, Ҳидоятхон Миркомиловаларга суянган ҳолда иш юритаман. Уларнинг ёрдамларида тўйлар, маърака, маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча сарф-ҳаражатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун турли тарғибот ишлари, намунали оилалар билан учрашувлар ташкил қилиб боряпмизки, бу ўзининг самарасини беряпти. Шунингдек, маҳаллада ишсизлик муаммосини ҳал этишга ҳам эътибор катта. Бу борада устоз-шогирд йўналишида иш ташкил қилганмиз. Ҳунарманд оилаларга уйда ўтирган хотин-қизларни бириктириб қўйганмиз.
Ҳа, маҳаллада ҳамжихатлик бўлса, ҳар қандай иш осон битади. Муборакхон опа ҳам кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга муаллима бўлганлиги учун маҳаллада ишлаш қийин кечмади. Маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида йиғиндаги тотувлик, хонадонлардаги фаровонлик сирини англагандек бўлдик. Аввало, барча оилалар ўзига тинч, ҳалол меҳнати ортидан яхшигина даромадга эга эканлигини билдик. Кароматхон Йўлдошева ҳамда Мукаррамхон Муллажонова маҳалланинг тадбиркор аёлларидан. Улар хонадонларида иссиқхона ташкил қилиб, қишлоқ аҳлини қишда кўчатлар билан таъминлаш билан бирга помидор ва бодринг ҳам етиштиришади.
Дарҳақиқат, маҳаллага маслаҳатчи Муборакхон Каримова сингари катта ҳаётий тажрибага эга билимли ва фаол инсонлар етакчилик қилар экан, аҳолининг ҳар қандай муаммосига ечим топилиши шубҳасиз.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|