№11, 13.03.2014 БУГУННИНГ ГАПИ
"АЛИФБЕ БАЙРАМИ"ГА ҚАНЧА САРФЛАДИНГИЗ?
Истиқлол йилларида мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимини юксалтириш, ёш авлоднинг пухта билим олишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Барпо этилаётган янги-янги мактаблар, лицей ва коллежларда яратилган шарт-шароитлар барчани бирдек хурсанд қилади. Айниқса, 1-синфга бораётган болажонларимизга Президентимизнинг махсус совғалари - ўқув жиҳозлари тўпламининг берилиши ёш авлодга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Бундай эътибор дунёнинг бирор бир мамлакатида учрамаса керак.
Булардан албатта, хурсанд бўламиз. Лекин ана шундай эътиборга соя солаётган баъзи бир ҳолатлар борки, улар кўнглимизни хижил қилади. Келинг, яхшиси бу ҳақда батафсил тўхталайлик.
Бир таншим куйиниб гапириб қолди: "... яхшики бир амаллаб набирамнинг "Алифбе байрами"ни ўтказиб олдик, лекин у ўтгунча анча асабийлашдик. Ҳар куни кечки вақт битта муаммо: тезроқ пул беринг. Битта менгина бермадим. Ҳамма синфдошларим бериб бўлди". Бу набирамнинг кунлик хархашасига айланганди. Яна қанча денг? Ўқитувчиси ўз оғзи билан 50 доллар дебди-я.. Ота-онаси ойлик маошга, мен нафақага кун кечирсак. Яна ўқитувчиси тез-тез набирамнинг қўлига қоғоз тутқазади: "Фалон нарсага 3000 сўм, фалон матоҳга 5000 сўм..." "Алифбе" байрами машмашаси эса ҳаммасидан ошиб тушди. Аввалари ҳам шу хусусда эшитгандиму, у қадар аҳамият бермагандим. Қизиқ, кейинги пайтларда бу ҳолатнинг илдиз отаётгани ҳеч бир мутасаддини, ҳеч бир ота-онани сергаклантирмаяпти?
Ўқитувчилик шарафли касб. Бу касбнинг нонини ейиш ҳам аслида машаққатнинг ўзгинаси. Аммо давлатимиз ҳам бу юксак касб эгаларининг мушкул юмушлари заҳматини қадрлаган ҳолда маош тайинлаган-ку!
Ўқитувчи бир дунё заҳматни кўтариб, илк бор мактабга қадам қўяётган "болажонлари"ни қарши олди. Фарзандингиз қўлига ручка тутиб, ёзишни ўрганди. "Алифбе"ни тугатиб, ҳарфларни таниганидан қувонасиз. Устозига минг ташаккур айтасиз. Аммо... мактабдаги саводхонлик байрами билан боғлиқ чиқимлар ойлик маошга кун ўтказаётган оилани бироз қийнаб қўйиши аниқ.
***
Азиз, газетхон юқоридаги ҳолат сизга ҳам таниш. Тўғри, ўқитувчининг билимини баҳолаш, таҳлил қилиш фикридан йироқмиз. Бироқ бугун кўпчилик оилаларни, ота-оналарни қийнаётган масалага эътиборни жалб этмоқчимиз, холос.
Жорий ўқув йилида вилоятимизнинг барча таълим даргоҳларида саводхонлик байрами жуда чиройли тарзда бўлиб ўтди. Лекин ҳарф танитмоқ, қўлига қалам тутиб ёзиш-чизишни ўргатмоқ орқасидаги мўмай даромад илинжини "Алифбе" байрами ортига беркитиб, бу шодиёнани интиқлик билан кутаётган айрим бошланғич синф ўқитувчилари ҳақида эшитиб, ҳайрон бўласан киши.
***
Бугун мактабларимиз ҳар жабҳада илғор. Айниқса, ортиқча "йиғди-йиғди"лар борасида айрим мактабларнинг фаоллигини гапирмаса ҳам бўлади. Макалатура, металлом, "охрана", синф фонди ва яна ҳоказо. Билмадим, бу каби йиғимлар балки ўринлидир. Лекин ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак. Бундан ташқари, баъзи педагогларнинг "йиғди-йиғди"лар ортидан қандайдир наф олиш илинжида бўлиши, албатта яхши эмас. Қолаверса, бундай ҳолатнинг юзага келиш сабабининг бир томонини ота-оналарнинг ўзидан қидириш керак. Айрим ота-оналар ҳамма нарсани пул билан ўлчашга ўрганиб қолганлар. Фарзандимизга ҳарф ўргатиб, ўқишни ўргатаётган устозига албатта, нимадир беришимиз керак, дегувчилар борки, улар бошқаларни ҳам шунга мажбур қилади, шунга шароит яратиб беради.
Ахир педагоглар учун давлатимиз маош тайинлаган. Бераётган таълими учун турли байраму шодиёналарни рўкач қилиб ўқувчиларнинг ота-онасига "пул сўрови" юбораётган айрим устозлар олаётган маошидан қониқмайдими ёки онгида "ўқувчилар мендан қарздор!" деган номаъқул тушунча шаклланиб қолганми? Афсуски, ундай устозлар ўқитувчи деган юксак ва шарафли номга доғ туширмоқдалар. Саводхонлик байрами учун йиғилаётган пуллар ҳаром луқма билан тенг эмасми? Ҳарф танимай мактабга келган болакайнинг саводини чиқарган, ўқишу ёзишни минг машаққат билан ўргатган ўқитувчига тасанно айтса арзийди. Аммо шу бахтни ота-оналар билан меъёрда нишонлаш ўрнига, фалон пуллик заргарлик буюми, қимматбаҳо уй-рўзғор буюмлари олиб беришларини сўраётган ўқитувчини нима деб ўйлаши мумкин?
- Фарзандим 1-синфга бориб, ўқиш-ёзишни ўзлаштирганида жуда қувондим, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи Н. Қосимова. - Ўқитувчиси билан учрашиб, дарсларини назорат қилиб бордим. "Алифбе" китобини тугатишгач, саводхонлик байрами ўтказилди. Ота-оналар билан келишиб ўртамиёна пул йиғдик. Тадбир сўнгида фарзандларимизга сабр билан ҳарф танитган устозига шу "совға"мизни бермоқчи бўлдик. Ишонмайсиз, ўқитувчи буни қатъий рад этди. уни сўзлари мени ҳайрон қолдирди: "Мен билимимни пулга сотмайман. Давлат берган маош менга етади. Қилган меҳнатим учун давлатдан пул оламан". Биз ота-оналар ўз ишимиздан уялдик.
- Кичик қизимнинг "Алифбе" байрамида устозининг талаби билан 100 минг сўмдан йиғдик, - дейди Назокат Усмонова (уй бекаси). Қарангки, у ана шу пул ҳисобидан мактаб раҳбариятини ресторанда меҳмон қилармиш. Бермай десам, юзим чидамайди. Ҳамма топиб берганда, фарзандим ўксийдими, дейман?!
Мана, икки хил ҳолат. Икки воқеанинг ҳам қаҳрамони бир касб эгалари. Ўйлаб кўрайлик. Ўз билимини қўлидан келганча ўргатиб, машаққати ҳузурини олтинга тенг дуолару нигоҳлардаги ташаккур ифодаларида кўриш қаёқда-ю, давлат тайинлаган маошга қониқмай, нафси измидан чиқолмай, ота-оналарнинг оғриниб бераётган йиғимларига кўз тикиш қаёқда?
Саводхонлик байрамини ўтказишда яна бир муаммо борки, бу ҳам ота-оналар, мактаб маъмурияти томонидан эътиборга олинса яхши бўларди. Яъни, фарзандингизнинг байрамда қандай кийим кийиб иштирок этиши масаласидир.
Мурғаккина қизчаларимизга бир кунлик тадбир учун фалон пулга қимматбаҳо кўйлакларни олиб, юз-кўзларини пардозлаб "Алифбе" байрамига етаклаб келаётган ота-оналар фарзандининг турли либосларга ружу қўйишларига ўзлари сабаб бўлаётгани ҳам бор гап. Бунинг ўрнига оқ кофта, қора юбка ёки мактаб формасини озода кийдириб, сочларига оппоқ лента тақиб, болалигини сақлаган ҳолда тантанага олиб келсалар мақсадга мувофиқ бўлмайдими?! Шундай қилинганда ота-она ортиқча чиқимдан қутилади, қолаверса, ёш бола тарбияси ҳам бир поғона юксалади.
***
Аҳмад Донишнинг шундай ибратли сўзлари бор: "Шарофатли илмни виждонсизларча сотишга восита қилиш ҳеч бир инсонга лойиқ эмасдир". Дарҳақиқат, ўқитувчи, аввало, инсон. Унинг кўнгил майллари касбга садоқат туйғусидан ҳамиша пастроқда туриши керак. Бу ҳақда ҳар бир педагог ва мутасаддилар жиддий ўйлаб кўрса яхши бўларди?
Зилола РАҲМОНОВА.
|