№11, 13.03.2014 ҲИКОЯ
"МЕН ЛАЙЛОМАН, МАЖНУНИ ЙЎҚ..."
"Сизга янги хат бор". Монитордаги ёзувни ўқиб унча эътибор бермадим. Узоқ-яқиндаги таниш-билишлар билан хат ёзишиб, ҳол-аҳвол сўраб тураман. Бирор танишимдан бўлса керак, деган фикрда, уйдаги юмушларни бажаравердим. Лекин кўнглимни бир четида кимдан, қандай хат экан, деган қизиқиш ҳам йўқ эмас эди.
Ишларимни тугатиб, компьютер олдига ўтириб, янги хатни очдим. Саноқли сониялар ўтиб, монитордаги ёзувларни ўқиб, қотиб қолдим..
"Салом, Лайло! Худога шукр, омон экансан! Сени кўп изладим. Турмушга чиқаётганингни эшитиб, ўзимни четга тортдим. Ҳозир хориждаман. Бир ҳафта олдин телефон орқали Иброҳим билан гаплашган эдим. Электрон манзилингни берди. Ҳаммасини эшитдим... Бардам бўл! Ҳаётга қувноқ нигоҳ билан, муҳаббат билан қара! Атрофингда сени яхши кўрадиган инсонлар кўп. Ўзингни эҳтиёт қил... Отабек."
Мактубни қайта-қайта ўқидим. Юрагим тўлиб, бўғзимни аламлар тутуни ачиштира бошлади. Йиғлагим келди. Йиғлаёлмадим. Мен кейинги пайтларда бундай неъматдан бебаҳра эдим. Ичимда тўлиб-тошаётган дардларимни кўзларим орқали чиқаролмайман... Отабек... Нега шунча фурсат жим бўлиб кетди экан? Иброҳим мен ҳақимда нималарни гапирибди? Бошимга тушганларини эшитиб, "хиёнаткорнинг, бевафонинг жазоси шу" дея севингандир. Менимча, Отабек билан Иброҳим кўп нарса ҳақида гаплашишган... Ахир, у воқеаларга ҳам озмунча вақт бўлдими?.. Эслагим келмайди, аммо, не қилайки ҳаётимнинг энг қора кунлари жабрини ҳанузгача тортиб келмоқдаман...
* * *
"Эҳ!..
Оппоқ қор ёққанди
ўша пайт,
Дунёни қорларга кўмган
эди ишқ.
Кўнгилларда фақат битта
ширин байт:
Сизни севиш керак ва
яна севиш!"
Шоирнинг хассос сатрлари хаёлимга ўрнашиб қолди. У билан илк бор биринчи қор ёққан оқшомда, атрофга мусаффолик ва соҳир сукунат инган фурсатларда танишган эдик. Журналистика факультетининг иккинчи босқичида ўқиб юрганимда дарсдан кейин телевидениеда ишлардим. Ёшларга бағишланган кўрсатув бошловчиси эдим. Бир куни янги йил байрамига аталган кўрсатувимизнинг монтаж ишларини бажариб қайтаётсам, метро бекатида икки йигит менга тикилиб турганини сездим. Йигитлар "Ёшлар нигоҳи, ёшлар нигоҳи" деб пичирлаша бошлашди. Билдимки, улар кўрсатувимни кузатиб боришаркан. Ғурурланиб кетдим. Қулоғим ҳалиги йигитларда бўлса-да, атайлаб ўзимни бепарво тутиб туравердим. Йигитлар билан метрода бир вагонда кетдик. Уларнинг кўз қарашлари, гап-сўзлари менга қадалганини пайқадим. Аммо эътибор бермадим. Манзилга етиб, метро бекатидан чиқаётганимда, исмимни айтиб чақирган нотаниш овоз диққатимни тортди қайрилдим. Ўша йигитлар.
- Салом, Лайлохон! Яхшимисиз? Биз кўрсатувингизни кўриб борамиз. Жуда ёқади... - Йигитлардан бири шошилиб-шошилиб гап бошлади. Унинг гапини бўлмай тингладим.
- Раҳмат...
- Айтмоқчи эдимки... - йигит бироз хижолатланиб дўстига қараб-қараб олди. - Айтмоқчийдимки, дўстим Отабек шеърлар ёзади. Агар маъқул келса, уни кўрсатувингизга таклиф қилсангиз? - Энди йигитнинг ҳамроҳи хижолатдан қизариб кетганди.
- Яхши, қани, ёнингизда шеърларингиз борми? - Энди мен билан гаплашган йигитга эмас, унинг ўртоғига қараб сўрадим. Йигит қизаринқираб елкасига осилган портфелидан қалин дафтар олиб менга узатди. Унинг қўлидан дафтарни олдиму, уларга:
- Узр, кеч бўлди, энди ётоқхонага бора қолай. Эртага тушдан кейин телевидениега боринглар. Шеърларингизни ўқиб кўраман ва эртага жавобини айтаман. - Нотаниш ҳамроҳларимга гапим маъқул келди. Қўярда-қўймай ётоқхонамгача кузатиб келишди. Сўзамол, маҳмадона йигитнинг исми Иброҳим, шеър машқ қиладиган дўстининг исми Отабек экан. Йўл бўйи Иброҳим уёқ-буёқдан гапириб, мени саволларга кўмиб ташлади. Отабек эса ердан кўз узмай гапларимни тинглаб келар, гоҳ-гоҳида кўз қирини ташлаб ҳам қўярди.
Ётоқхонамизга келгунга қадар йигитлар ҳақида билганим шу бўлди-ки, Иброҳим мен билан ҳамшаҳар, Отабек фарғоналик экан. Иккалови ҳам халқаро ҳуқуқ факультетида таҳсил олишаркан. Иброҳим мени ўзи билан ҳамшаҳар эканимни билиб дўстига уни кўрсатувга албатта, чиқаришга ваъда бериб қўйибди.
Эртасига тушдан кейин телевидениеда учрашишга келишиб, хайрлашдик.
* * *
Куни билан ўқишда ғалати кайфиятда юрдим. Ишга борсам, кечаги тасодифий танишларим - Иброҳим ва Отабек метронинг чиқиш бекати олдида гаплашиб туришган экан. Уларни кўриб, кечаги ваъдам эсимга тушди. Улар билан сўраша туриб, Отабекка узримни билдирдим.
Бугун монтаж ишларини бажаришим керак эди. Монтаж хонасига борсам, кўрсатув режиссёри келмабди. Демак, монтаж кейинроққа суриладиган бўлди.
Хонамга келиб, Отабекнинг шеърлар қораланган дафтарини варақлашга тушдим. Аввал сатрларга шунчаки кўз югуртирар эканман, қаламкашнинг ғайриоддий ташбеҳлари, теша тегмаган ўхшатишлари, қалбининг нақадар туйғуларга бойлиги мени лол этиб борарди. Мажбурият юзасидан ўқиш билан бошланган мутолаа менга кўтаринкилик бахш этиш билан ниҳояланди. Очиғи, унинг шеърларини содда деб бўлмасди. Отабекнинг машқларини ўқиб, анча кўнглим равшан тортди.
Ишдан ётоқхонага қайтдим. Фаррух исмли курсдошим газета таҳририятларидан бирида ишларди. Йўл-йўлакай курсдошимнинг хонасига кирдим. Отабекнинг дафтарини кўрсатдим. Ундаги шеърларни менинг олдимда ўқишини сўрадим. Икки саҳифани ўқиб, Фаррухнинг кўзлари чақнаб кетди:
- Лайло, бунақа шоирни қаердан кашф қилдинг? Шеърлари яхши экан. Газетанинг янги сонида "кашфиёт"ингнинг ижод намуналаридан, албатта, берамиз.
- Ростданми?! Раҳмат, сенга ўртоқ.
У билан ҳайрлашиб хонамга кўтарилдим.
Қўл телефонимни қувват тўлдиргичга қўйиб ухлагандим, уч марта қўнғироқ бўлибди. Бир марта Иброҳимнинг рақамидан, кейингилари эса Отабекдан экан, Телефонни қўлимга олиб ўйланиб қолдим: "Қайтариб қўнғироқ қилсаммикин? Бемаҳалда телефон қиладиган қанақа қиз экан, дейишмасмикин? Э, нима бўлса бўлар қўнғироқ қиламан". Шу хаёлда рақамлар тердим.
- Ассалому алайкум, Лайлохон. Оқшом хайрли бўлсин.
- Ваалайкум салом. Раҳмат. Ўзингизга ҳам... Узр, қўнғироқ қилганингизда дугонамнинг хонасида эдим. Эшитмай қолибман...
- Мен нотаниш рақам, деб кўтармадингиз дебман.
Бир муддат гўшаклар узра сукунат шабодаси эсди. Кейин жимликдан хижолат чеккан Отабек секин гап бошлади:
- Лайлохон, бизнинг қораламаларни кўришга вақт топдингизми? Агар сир бўлмаса, уларнинг тақдири билан қизиқаётган эдим...
- Шеърларингиз ниҳоятда таъсирли, ўхшатишларингиз ғоятда гўзал. Менга маъқул келди. Таҳририятда ишлайдиган курсдошимга тавсия қилдим, яқин кунлар ичида газета саҳифаларида босилиб чиқади.
- Раҳмат, сизга. Жудаям хурсанд бўлдим.
У билан шеърият, адабиёт борасида ярим соатга яқин суҳбат қурдик. Мулоҳазаларимиз деярли мутаносиб келар, бу ҳол бизни бир-биримизга янада яқинлаштирарди. Шу тун аллақандай ширин ҳислар оғушида уйқуга кетдим...
* * *
...Шундай қилиб Отабек билан орамизда илиқлик уйғонди. У кўрсатувимнинг биринчи кузатувчиси ва танқидчисига айланди. Бир-биримизнинг дийдоримизсиз бир кун ҳам вақт ўтмасди. Аҳду паймон қилдик. Муҳаббатимизни кўз қорачиғидай асраб-авайламоққа, унинг соясида бир умр шодумон ва бахтиёр ҳаёт кечиришга ваъдалашдик. Ота-оналаримиз ҳам муносабатларимизни қўллаб-қувватлашди.
Ўзимга шу қадар ишонардимми ёки муҳаббатимга нисбатан эътиборсизлик қилардимми, хуллас, Отабек кейинги пайтларда менинг меҳримга кўп муҳтожлик сезаётганини таъкидларди. Муҳаббатнинг қалови - меҳр, эътибор ва қадр экан. Яна самимият ҳам зарур экан севги учун. Сўнгги кунларда Отабек билан муносабатларимизда мен томонимдан самимият йўқолиб бораётган эди.
* * *
...Акмал ҳаётимга қандай кириб келганини билмай қолдим. У Тошкентга тез-тез келиб турар, ақлли-ақлли гаплари билан кўнглимга йўл топарди. Қимматбаҳо совғалар, бежирим гулдасталар... Севги изҳорлари... Унинг таклифидан бошим айланиб, қандай жавоб беришни билмай юрган кезларим Отабек ўқишни давом эттириш учун Лондонга кетадиган бўлди. Хайрлашиш учун ёнимга келган севгилим ўз маҳбубасининг қиёфасида бутунлай бошқа қизни кўриб ҳайратдан ҳуши учаёзди:
- Лайло, мен Англияга кетяпман, кўпи билан бир ойнинг нари-берисида жўнаймиз. Хуллас, биринчи апрелдан ўша ерда бўлишимиз керак. Ёзда уйдагилар сизникига совчиликка боришади. Мен шароитга қараб, ўқишдан жавоб сўраб келаман. Худо хоҳласа, тўйни ҳам ўтказамиз.
- Бораверинг-чи, тўй бир гап бўлар... - Унинг гаплари биринчи бор менга ёқмаётган эди.
- Тушунмадим, нимага бир гап бўларкан? Ахир, бу йил ўқишни тамомлаяпсиз. Совчилар келаётгандир. Мен қўл қовуштириб ўтираманми? Қолаверса, уйдагилар ҳам мени тезроқ уйлантириш ниятида юришибди...
- Ҳа, хўп, мен бирор нима дедимми?
- Йўқ, ҳеч нима демаяпсиз, аммо сиз ниҳоятда ўзгариб кетгансиз.
- Уфф... яна бошланди... Ишларим кўп, вақтим кам...
- Лекин илгарилариям ишларингиз кўп эди... Ҳозиргидай эътиборингизга зориқтирмасдингиз...
- Войдод! Мени биласизу, туйғуларимни очиқ-ойдин ифода этолмайман. Энди ҳар бир ишимдан бир нима излайверманг.
- Майли, Лайло... Сизни Худога топширдим. Ўзингизни эҳтиёт қилинг... Сизни жонимдан ортиқ кўраман... Муҳаббатим тумордай авайласин сизни.
- Кўришгунча, Лайло...
- Омон бўлинг...
У кетди. Юрагим эса бўм-бўш ҳувиллаб қолди. Менга нима бўляпти ўзи? Ахир Отабекни жон қадар севаман-ку?! Нега унга бунчалар совуқ муносабатда бўламан? Билмадим... Баъзан ўйланиб қоламан, Отабек узоқ вилоятдан. Бегона жойларда қийналиб қолмасмикинман? Акмал эса ҳамюртим, бунинг устига анча ўзини тутиб олган, бадавлат йигит. Унга турмушга чиқсам, ҳеч нарсага зориқмайман, ҳеч нимага эҳтиёж сезмайман. Отабек-чи?..
...Тўйга бир ҳафта қолган кунлар эди, мен ўз ташвишларим билан бандман. Гўё, абадий қасрга малика этиб тайинланаману, бир умр бошимдаги тож нуридан ҳаётим мунаввар бўлиб туради. Бахтдан бошим айланиб, ўзимни еру осмоннинг ўртасида учиб юрган қушдай енгил сезаман. Аммо... Аммо юрагим ғаш, гўёки совун кўпигидек тошиб кетаётган бахтим бир зумда ёрилади-ю... Мен ҳаммасидан мосуво бўлиб қоламан... Йўқ! Акмал ака мени севади. Ота-онаси ҳам мени келин қилишаётганидан мамнун... "Акмал сени севади?! Майли, сен шундай деб ўйлайвер, лекин сен-чи, сен уни севасанми?! Ё бойлик, дабдабали ҳаёт учун, юрагинг ва муҳаббатингни тикиб юбордингми?!.." Бу ниманинг ёки кимнинг овози?! Нега ҳар сафар Акмал акамга турмушга чиқаётганимни ўйласам, шу товуш мени калака қилгандай бўлади? Нега? Балки бу овоз, Отабекнинг товуши билан тилга кирган виждонимнинг овозидир?.. Отабек... У мендан қаттиқ нафратланар... Ҳали тўйим бўлаётганидан ҳам бехабар эди. Хабар топса ҳоли не кечади?! Мен нималар қилиб қўйдим?!
Тўйдан олдин Иброҳимни учратдим. Ёлғончи кўзларимни ундан ҳарқанча олиб қочишга уринмай, барибир ўқдай нигоҳлар таъқибидан қутулолмадим.
- Лайло, нималар қилиб қўйдингиз?! Ахир Отабек билан севишардингиз-ку?! Энди унга нима дейсиз?! Кўнгил билан ўйнашиш қанчалик гуноҳ эканлигини биласиз-ку?! Лайло, сиз хато қиляпсиз, қаердаги бир олиб сотар, бозорчи илм қадрини, ўқимишли қиз қадрини қаердан билсин?! - Унинг гаплари нечоғли аччиқ ва заҳарханда бўлмасин, айни ҳақиқат эди.
Мен барибир билганимдан қолмадим. Кўнглим қон йиғлаб турса-да, ўзимни бахтли кўрсатишга уриндим. Нафақат бахтли кўрсатишга, балки чинакам бахтиёр бўлишга тиришдим. Бироқ... Кўнгил деганлари ҳашамату давлат билан саодатга эришолмас экан...
* * *
...Ҳа, ҳаётимнинг энг зулмат, энг қора кунлари... Улардан қолган жабру жафоларни умрбод тортсам, адо бўлмайди.
Отабекка нима деб жавоб йўлласам экан? Аслида унга бирор нима дейишга ҳам бетим чидамайди. Тўрт йил ўтди орадан. У магистратура таҳсилини ҳам Англияда ўқиб, ўша ерда ишлаб қолибди. Ажрашганимни эшитиб не кўйга тушган экан... Яна хиёнатим хиёнат билан тақдирланганини ҳам Иброҳим гапириб бергандир. Уч ойлик келинчак эрининг Тошкентда хотини, икки қизи борлигини, ҳаттоки бундан қайнонаси ҳам хабардорлигини эшитиб, алданганини, бахт дегани сароб чиққанини билиб, бир сўз демай эгнидаги кийими билан эр уйидан қайтганини эшитиб хаёлидан нелар кечган экан-а?...
Эҳ, ҳаёт, ҳаёт... Мен нима учун бу аҳволга тушиб қолдим? Нега?.. Ҳаётдан, яшашдан кўнглим совуди. Аламимни ишдан оламан. Эшитишимча, ўғли билан ажрашганимиздан сўнг қайнотам юрак хуружидан вафот этибди. Раҳматли яхши одам эди.
Ўйлаб-ўйлаб, Отабекнинг хатига у севган, мен севган шоирнинг ёрқин сатрларидан парча келтириб жавоб йўллашга қарор қилдим:
Алвидо! - Биз бошқа ҳеч
учрашмаймиз,
Бир-биримиз-ла қўл
сиқишмаймиз ҳам.
Алвидо! - Юрагинг эркиндир
ҳадсиз...
Аммо бахт излашни беради
барҳам...
...Ажрашдик...
Лекин аксингни бирдай
Сақлаб келмоқдаман
сийнамда ҳамон
Гўё яхши кунлар
хотирасидай
Дилга бағишлайди
шодлик армуғон...
Шеърий сатрлар сўнггида мана бу жумлаларни ҳам қўшиб қўйдим: "Отабек ака, илтимос, энди мени бошқа безовта қилманг. Иккимиз учун ҳам шуниси маъқул... Мажнунсиз шўрпешона Лайло..." Мониторда "хатингиз юборилди", деган ёзув кўринди. Негадир ўпкам тўлиб, томоғимни тўрт йиллик изтиробларим тутуни бўғиб қўйди. Ўксиб-ўксиб йиғладим... Хонамнинг деразасига ҳам осмон кўз ёшлари - ёмғир шитирлаб урилар, менга ҳамдардлигини билдираётган кўклам табиати қоп-қора қалин булутлар соясида мунғайиб турарди.
Умида АЗИЗ.
|