№13, 27.03.2014 МЕҲР-ОҚИБАТ
КЎНГИЛЛАРНИ ОБОД ЭТИБ...
Юртимиздаги тинчлик ва осудаликка дунё аҳли ҳавас қилади. Шу билан бирга ўзбекларнинг яна бир жиҳати борки, имконияти чекланган, ўзгалар ёрдамига муҳтож кишиларга алоҳида ғамхўрлик, меҳр-муҳаббат кўрсатишлари мақтовга сазовор. Бу эса қалби дарё халқнинг умуминсоний фазилатларидан биридир.
- Туманимизда 1556 нафар меҳрга муҳтож, имконияти чекланган инсонлар яшайди, - дейди Ҳўжа-обод тумани ногиронлар жамиятининг раиси Ҳабибахон Ураимова. - Уларнинг ҳаммаси эътиборимизда. Уларнинг барча эҳтиёжларини имкон қадар қондиришни туман ҳокимлиги, бандликка кўмаклашувчи марказ ҳамда ҳомийлар билан ҳамкорликда амалга ошириб келмоқдамиз. Бу инсонларнинг баъзи бирлари ўз имкониятларидан келиб чиқиб турли хил фойдали ишлар билан шуғулланишади. Масалан, Нишонбой Қорабоев болаликдан 2-гуруҳ ногирони. Мўъжазгина устахонаси бор. Радио, телевизор, электр асбобларини тузатади. Устахонасидан мижозлар аримайди. Ушбу ҳунарга меҳр қўйган ёшларга унинг сир-асрорларини эринмай ўргатиб келмоқда. Кўплаб шогирдлари ҳозирда ўзлари мустақил равишда ишлаяптилар.
Шу сўзларни айтаётган Ҳабибахон кўзларига ёш олди. Ғурур ва фахр билан бу инсонларнинг меҳнатини кўкларга кўтарди.
- Ҳабибахон опани ўз опамиздек яхши кўрамиз, - дейди 1-гуруҳ ногирони Муножатхон Аташева. - Ҳар байрам, ҳайитларда бизни йўқлаб, кўнглимизни олади. Ширин сўзлари эса берган совғаларидан ҳам азиздир. Уларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши, бизни ҳам яшашга руҳлантиради.
Бу каби кўнгли ўксик инсонларни ардоқлаш, уларга садоқат ва меҳрни, инсон қадри нечоғлик азизлигини кўрсатиш, бахтли яшашга ундаш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Юртимизда Ҳабибахон сингари меҳридарё инсонлар янада кўпаяверсин.
Раҳима АБДУРАҲМОНОВА.
|